Полезное для бухгалтера в ноябре:
Норезидентдан олинган фоизсиз қарзга солиқ солинадими?
Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси маҳаллий корхоналар томонидан Ўзбекистон норезидентларидан олинган фоизсиз қарзларга солиқ солиш масаласини тушунтирди.
Кўпинча хорижий инвесторлар Ўзбекистондаги қўшма бизнесни ривожлантиришга ёрдам бериш мақсадида нафақат маҳаллий компаниялар муассислари таркибига киришади, балки уларга фоизсиз қарзлар ҳам тақдим этишади. Бундай ёрдам натижасида солиқ солиш билан боғлиқ муайян саволлар юзага келади.
Мисол учун, корхона (МЧЖ) 2018 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон норезиденти билан хорижий валютада фоизсиз қарз олиш учун шартнома тузди. Қарз олувчи бу ҳолда фоизсиз қарз шартномасига асосан мулкий ҳуқуқларни текин олиш тарзида олинган даромадни акс эттириши лозимми?
Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси қуйидагича жавоб берди.
- Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади .
Солиқ тўловчи томонидан текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар солиқ тўловчининг бошқа даромадлари ҳисобланади .
Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олинаётганда қарз олувчининг даромади қарзни (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамни) олиш санасидаги Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Даромадни аниқлашнинг худди шундай тартиби қарзни (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамни) олиш санасидаги Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган қарзларга (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамга) нисбатан қўлланилади.
Ушбу норма кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан берилган қарзларга (ссудаларга) нисбатан татбиқ этилмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб:
- Солиқ кодексининг 135-моддаси тўртинчи қисми қоидалари Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан тақдим этиладиган қарзларга (ссудаларга) татбиқ этилмаслигини инобатга олган ҳолда, норезидентдан (жисмоний ёки юридик шахс бўлиши – муҳим эмас) фоизсиз қарз ва қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган қарзлар олинаётганда қарз олувчининг даромади аниқланмайди;
- олинган қарзларга солиқ солинмайди.