Полезное для бухгалтера в ноябре:
Қадамма-қадам йўриқнома: онлайн-касса қандай ўрнатилади ва у билан қандай ишланади?
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва табиий газ реализация қилувчи тадбиркорлар 2020 йил 1 январга қадар онлайн-НКМ ва виртуал кассадан фойдаланишга ўтишлари лозим. Кейинги икки йилда уларга товар ва хизматларни нақд пул ва терминал орқали реализация қиладиган қолган барча хўжалик юритувчи субъектлар қўшилади . Бу техникани ўрнатиш ва унга хизмат кўрсатиш одатдагисидан фарқ қилади. Бундай аппаратни ўрнатиш ва рўйхатдан ўтказиш учун бизнинг йўриқномамиздан фойдаланинг.
Эслатиб ўтамиз, онлайн-НКМ ва виртуал кассани қўллаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 943-сон қарори билан тартибга солинган.
I. Онлайн-касса қандай ўрнатилади?
1-қадам. Қурилма ва техник хизмат кўрсатиш марказини (ТХМ) танланг
Бунинг учун:
- онлайн-НКМ ва виртуал касса ҳамда фискал модулга техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестри;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг давлат реестридан фойдаланинг.
Иккала реестр яқин вақтда ДСҚ сайтида жойлаштирилади. Ёдда тутинг: ҳар бир ТХМ фақат ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузган ишлаб чиқарувчилар қурилмалари билан шуғулланади. ТХМ ва онлайн-НКМ ва виртуал касса ишлаб чиқарувчилар сайтида бу ҳақда қўшимча ахборот топиш мумкин. Шу ернинг ўзида аниқ қурилмалар ва дастурлар учун фойдаланувчи қўлланмаси ҳам жойлаштирилади.
НКМ ёки виртуал касса
Онлайн-НКМнинг афзаллиги шундаки, бунда сиз НКМнинг барча зарур функцияларини бажарадиган яхлит аппарат сотиб оласиз. Шу жумладан – бу дастурий таъминот бўлиб, у туфайли компьютер ёки бошқа гаджет касса аппарати функциясини бажариши мумкин. Виртуал касса учун дастурий таъминот ДСҚ сизга бепул тақдим этадиган базавий қисм ва сотиб олиниши лозим бўлган иккинчи қисмдан иборат. Иккинчи қисми, моҳиятига кўра, бу кассир иш жойини автоматлаштириш учун дастурий таъминотдир.
Танлаш чоғида фақат сизнинг бизнесингиз эҳтиёжидан келиб чиқиш керак. Мисол учун, ўзида иккита қурилма: назорат-касса машинаси ва тўлов терминали функцияларини мужассам қилган онлайн-НКМ моделлари мавжуд. Бундан ташқари, моделлар бир-биридан бухгалтерлик дастурлари билан ўзаро алоқаси, мавжуд ва реализация қилинган товарлар ҳисобининг автоматлаштирилиш даражасида фарқланади. Айтиш жоизки, ҳар бир модель ва версиянинг ўз афзалликлари бор.
2-қадам. Онлайн НКМ ёки виртуал касса сотиб олинг
Онлайн-НКМ ёки виртуал кассани, умуман олганда, исталган жойда харид қилиш мумкин. Асосийси, қурилма сертификатга эга бўлиши. Бироқ – дарҳол ТХМга мурожаат қилиб, вақтни, асабларни ва пулни тежаш мумкин.
ТХМ ходимлари билан маслаҳатлашинг: сиз фойдаланаётган НКМни қайта созлаш мумкинми? Охирги 2-3 йилда чиқарилган баъзи моделларда бундай имконият мавжуд. Балки сизга айнан шу вариант фойдалидир.
Эътибор беринг! Сизда ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ЯСТ ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин БҲМнинг ўн бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи бор. Асосий шарти – 2021 йил 1 январга қадар онлайн-НКМ ва виртуал кассага ўтиш. Бу ҳуқуқдан фойдаланиш учун онлайн-кассани ўрнатишга қилган харажатларингизни тасдиқловчи барча ҳужжатларни сақлаб қўйинг. Уларни ДСХОга аризага илова қилиш лозим бўлади.
3-қадам. Онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага кафолатли узлуксиз хизмат кўрсатиш учун ТХМ билан шартнома тузинг
ТХМ сизга намунавий шартномани имзолашни таклиф қилади, уни имзолашга шошилманг. Шартномага ТХМ зиммасига оладиган мажбуриятлар киритилишига эришинг. Бу сиз шартнома доирасида айнан нима учун ҳақ тўлашингиз, нима учун қўшимча ҳақ тўлашингизни тушуниш имконини беради.
ТХМ 943-сон ВМҚ чиқиши билан кенг ваколатларга эга бўлишди. Улар нафақат қурилмани ишга тушириш-созлаш ишлари, балки у бузилган тақдирда таъмирлаш билан ҳам шуғулланишади. ДСХО ва фискал маълумотлар оператори билан мулоқот ҳам фақат мазкур ташкилотлар орқали амалга оширилади.
ТХМнинг хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича харажатлари амалдаги тизимга қараганда жиддий ошади, демак, улар хизматларининг қиймати ҳам ошади.
ТХМга таъмирлаш вақтида сизнинг қурилмангиз ўрнига бериш ёки жиддий бузилганда алмаштириш ҳолати учун онлайн-НКМ ва фискал модуллар захирасига эга бўлиш мажбурияти юклатилди.
4-қадам. Ишга тушириш-созлашни амалга оширинг
Барча ишга тушириш-созлаш ишларини ТХМ шартнома тузилгандан кейин бир кун ичида амалга оширади.
Агар сиз виртуал кассани ўрнатсангиз, ТХМ ходимлари сизга ДСҚ томонидан ваъда қилинган виртуал кассанинг базавий версиясини бепул тақдим этади.
Бундан ташқари, онлайн-НКМ ва виртуал кассани созлашда ТХМ сизга фискал модулни ўрнатиб беради. Бу қурилмани сизга ДСҚ пуллик асосда тақдим этади, усиз онлайн-НКМ ҳам, виртуал касса ҳам ишламайди.
Ишга тушириш-созлаш жараёнида касса фискал маълумотлар оператори – ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ билан бирлаштирилади. Унинг хизматлари ҳам пуллик.
Қурилма рўйхатдан ўтказилгандан кейин сиз фискал модул ва оператор хизматлари учун ҳақ тўлайсиз.
5-қадам. Онлайн-НКМ ёки виртуал кассани ДСХОда рўйхатдан ўтказинг
Аппаратни харидорлар билан ҳисоб-китобни амалга оширишни бошлашдан олдин рўйхатдан ўтказинг.
Амалдаги тартибдан фарқли ўлароқ, онлайн-НКМ ва виртуал кассани рўйхатдан ўтказишда ДСИга бориш ва рўйхатдан ўтказиш йиғимини тўлаш шарт эмас. Рўйхатдан ўтказиш – бепул, уни ТХМ таъминлайди.
Бунинг учун ТХМ ходимига қуйидаги ҳужжатларни топширинг:
- турғун савдо шохобчаси (хизмат кўрсатиш шохобчаси) мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси – ижара шартномаси ёки бинонинг (унинг бир қисмининг) кадастр ҳужжатлари;
- турғун савдо шохобчаси (хизмат кўрсатиш шохобчаси)нинг харитадаги манзили географик координаталари.
Географик координаталарни Гугл ёки Яндекс орқали осон аниқлаш мумкин. Тегишли ахборот иморат жойлашганг ер участкасининг кадастр ҳужжатларида ҳам мавжуд.
Онлайн-НКМнинг махсус ахборот тизимида сизга шахсий кабинет очиб беришади, унда сиз кассангиз билан боғлиқ барча маълумотларга кириш имкониятини оласиз. Кабинетга фақат ЭРИ ёрдамида кириш мумкин.
Кабинетга келадиган биринчи хабар – бу ДСҚ томонидан сизнинг ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризангизни кўриб чиқиш натижаси.
Агар ҳужжатлардаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса ёки НКМ техник талабларга тўғри келмаса, сизга ҳисобга қўйишда рад этишлари мумкин. Хабарномада кўрсатилган сабаблар бартараф этилгандан кейин рўйхатдан ўтказиш учун такроран мурожаат қилиш мумкин бўлади.
6-қадам. Фискал маълумотлар операторига ҳақ тўланг
«Янги технологиялар» ИАМга фискал маълумотлар оператори хизматлари ва фискал модул учун ҳақ тўланг.
Тўлов миқдори – йилига 1 БҲМ. Тўлов «Банк-мижоз» тизими ёрдамида www.ofd.uz да жойлаштирилган оммавий оферта асосида амалга оширилади.
7-қадам. Эски фискал хотирали НКМни рўйхатдан олинг
Сизнинг онлайн-НКМ ёки виртуал кассангиз ишга тушгандан кейин сиз рўйхатдан ўтган жой бўйича ДСХОга шахсан келиб, ДСХО бошлиғи номига – илгариги фискал хотирали НКМни рўйхатдан олиш тўғрисида ариза беришингиз лозим .
Аризада хўжалик юритувчи субъектнинг реквизитларини (номи, СТИР, манзили), НКМ модели ва завод рақамини, рўйхатдан олиш сабабларини кўрсатинг. Аризага қуйидагиларни илова қилинг:
- НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкаси;
- ушбу турғун шохобчада бошқа НКМ рўйхатдан ўтказилмаган тақдирда - инкассация хизматида тасдиқланган фаолиятнинг тугалланганлиги тўғрисидаги хат-билдиришноманинг нусхаси.
- кассир-операциячининг назорат-касса дафтари
Ҳужжатлар олингандан кейин ДСХО уч кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текширади, НКМ рўйхатдан ўтказилган бутун давр учун якуний кўрсаткичларни олади ва рўйхатдан ўтказиш карточкаси ва НКМни рўйхатдан ўтказиш дафтарига тегишли ёзувларни киритади.
Шундан сўнг сизга кассир-операциячи дафтари ва НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасини қайтариб беришлари лозим.
8-қадам. Корхона бўйича онлайн-НКМ (виртуал касса)га ўтиш тўғрисида буйруқ чиқаринг
Буйруққа мувофиқ жавобгар ходимларга мазкур қурилмани қўллаш масалалари юзасидан йўл-йўриқ берилиши керак. Бундай буйруқ билан имзо қўйдириб таништирган маъқул.
II. Онлайн-техника билан қандай ишлаш керак?
Ҳар кунга қоидалар
- Ҳар куни иш бошлашдан олдин сизнинг жавобгар ходимингиз қурилманинг ишга яроқлилиги ва тўғри созланганлигини текшириши керак.
- Тўлов усули – нақд шаклда ёки терминал орқали тўлов амалга оширилганлигидан қатъи назар харидорга мажбурий тартибда НКМ ёки виртуал касса чеки берилиши керак.
- Назорат-касса дафтарини юритиш ва иш куни охирида ҳар бир назорат-касса аппарати бўйича кунлик ҳисоботни олиш шарт эмас.
- Онлайн-НКМ ёки виртуал касса билан ишлаганда нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар сиз уни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзингиз белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топширишингиз мумкин.
Агар харидор товарни қайтарса
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ харидор НКМ ёки виртуал касса чекини, шунингдек чекка тенглаштирилган ҳужжатларни тақдим этганда товарни қайтариши мумкин.
Сотувчи харидордан ёзма ариза тушган пайтдан бошлаб бир банк куни давомида пулни қайтариб бериши шарт. Бунинг учун сотувчи пулларни ҳисобварақдан олади ва касса орқали харидорга беради.
Бунда сотувчи икки нусхада юкхати расмийлаштиради – биттаси товар ҳисоботига бириктирилади, иккинчиси – харидорга тақдим этилади ва қайтарилган товар учун пул маблағларини олишга асос ҳисобланади.
Пул маблағларини қайтаришда бир нусхада далолатнома расмийлаштирилади. Далолатнома жавобгар шахс томонидан имзоланиши ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланиши керак. Касса чекларини далолатнома билан бирга бухгалтерияга топшириш даркор.
Пулни касса орқали қайтариш учун харидорнинг Ф.И.О. мажбурий равишда кўрсатилган ҳолда чиқим касса ордери расмийлаштирилади.
Товарлар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда реализация қилишдан олинган даромад харидорга берилган суммага тузатилади. Реализация қилишдан олинган даромадга тузатиш киритиш пул маблағлари қайтарилган ҳисобот даврида амалга оширилади.
Агар интернет ўчиб қолса
Сизда 24 соат мобайнида офлайн-режимда ишлаш имконияти мавжуд. Ушбу вақт ўтгандан кейин, агар сиз фискал маълумотларни узатмасангиз, қурилма блокировка қилиниб, маълумотларни узатиш пайтигача ишлашни тўхтатади. Маълумотларни узатишни яқин орадаги исталган интернет мавжуд нуқтада амалга ошириш мумкин. Масаланинг техник жиҳати тўғрисида батафсил маслаҳатларни ТХМда олиш мумкин.
Агар савдо шохобчаси кўчса
ТХМга янги манзилни кўрсатган ҳолда ариза беринг. ТХМ ходимларининг ўзи ДСҚда сизнинг рўйхат маълумотларингизга ўзгартиришлар киритишади.
Агар касса бузилса
ТХМга иложи борича тезроқ буюртма беринг. Буни шахсий кабинет орқали, шахсан бориб ёки ТХМ колл-маркази орқали амалга ошириш мумкин.
ТХМ бу ҳақда ДСХОни хабардор қилади, таъмирлаш вақтида эса буюртма берилган пайтдан бошлаб бир кун ичида ўзининг захирасидан бошқа ишлайдиган кассани ўрнатиб беради.
Захира НКМ ўрнатиладиган пайтга қадар чекларни қўлда ёзинг. Чек бланкалари бўлган дафтарни ДСХОда рўйхатдан ўтказиш лозим.
Агар сабаб фискал модул бузуқлиги ёки унинг ахборот билан тўлганлигида бўлса, ишламайдиган модулни ТХМ ходимларига қайтариб беринг. Ўрнига сизга янгисини ўрнатиб беришади.
Назорат харидлари ва ахборотнинг ҳақиқийлиги юзасидан чекларни текшириш
ДСХО сиз онлайн-НКМ ва виртуал кассадан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишингизни назорат қилади. Бунинг учун қуйидагилар ўтказилади:
- назорат харидлари;
- онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекларини ДСХО маълумотлари билан таққослаш;
- қурилмани техник талабларга тўғри келиши юзасидан экспертизадан ўтказиш.
Экспертиза учун ДСХО бошқа ТХМнинг мутахассисларини жалб қилади.
Экспертиза вақтида сизга ТХМнинг захира фондидан қурилма тақдим этишади.
III. Агар касса керак бўлмаса
Бундай вазиятлар тадбиркорлик субъектларини тугатишда, сотиш ҳажмлари қисқарганда, шунга ўхшаш бошқа ҳолларда юзага келади.
Онлайн-НКМ ва виртуал кассани ҳисобдан олиш учун ТХМга кассадан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисида ариза беринг.
Бир иш куни мобайнида ТХМ уни ДСХОга беради.
ДСХО онлайн-НКМ ёки виртуал касса электрон маълумотлар базасига ахборот киритишдан олдин ТХМдан келиб тушган маълумотларни текшириш, шу жумладан жойига чиқиб текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
Олег ГАЕВОЙ