2000 товар позицияси божхона тўловларидан озод этилди

preview

Президентнинг 10.04.2019 йилдаги «2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5707-сон Фармонида назарда тутилган имтиёзлар ҳақида сўз бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, соҳадаги илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари (ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилганда), шунингдек дорихоналар ичида тайёрлаш учун ишлатиладиган фармацевтика маҳсулотларини улгуржи ва чакана сотиш билан шуғулланадиган корхоналар ушбу имтиёздан фойдаланадилар. Апрелдаги Фармонда қайд этилишича, 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиладиган товар позициялари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Шунга мувофиқ Ҳукумат томонидан имзоланган рўйхатга қуйидагилар киритилди:

  • 1 382 номдаги дори воситалари ишлаб чиқариш (шу жумладан дорихона ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари;
  • «тоза хоналар», сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари;
  • 600 номдаги технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари.

Имтиёз берилган позициялар батафсил рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин. Ҳужжатда кўрсатилган ТИФ ТН кодлари товарларни божхонада расмийлаштиришда белгиланади.

Имтиёзларни қўллаш натижасида озод этиладиган, тасдиқланган рўйхат бўйича олиб келинадиган воситалардан муайян мақсадга мўлжалланмаган йўналишда фойдаланилган тақдирда, ушбу воситалар тўлиқ ҳажмда Давлат бюджетига ундирилади, ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима чоралари қўлланилади. ДСҚга ДБҚ билан биргаликда буни назорат қилиш топширилган.        

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.12.2019 йилдан кучга кирди. 

Олег Заманов.

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text156511_2000_tovar_poziciyasi_bojhona_tulovlaridan_ozod_etildi