Полезное для бухгалтера в ноябре:
Январь ойи охиригача тўртта ҳисоботни топшириш ва солиқларни тўлаш лозим
Ҳурматли бухгалтерларга январь ойининг яқинлашиб қолган эътиборли саналари ҳақида эслатиб ўтамиз.
19 январь – сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловлар юзасидан Маълумотнома тақдим этишнинг сўнгги куни .
Бўнак тўловларини қандай қилиб тўғри ҳисоблаш ва Маълумотномани тўлдириш ҳақида бу ерга қаранг.
20 январь:
- 2019 йил декабрь ойи учун қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг сўнгги куни ;
- солиқ суммаси солиқ даврида БҲМнинг 200 бараваридан кўпроқни ташкил этадиган айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар бўлмаган юридик шахслар томонидан январь ойи учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида бўнак тўловларини тўлашнинг сўнгги куни.
Бунда солиқ даврида солиқ суммаси БҲМнинг 200 бараваридан камроқни ташкил этадиган, айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар бўлмаган юридик шахслар, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бўнак тўловларини ҳар чорак учинчи ойининг 20 санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида тўлайди ;
- солиқ агентлари томонидан 2019 йил декабрь ойи учун норезидентларнинг даромадларидан олинадиган солиқ суммалари бўйича Ҳисоб-китобни тақдим этишнинг сўнгги куни .
23 январь - 2019 йилда жами даромади 5 млрд сўмдан ошадиган корхоналар фойда солиғи бўйича январь ойи учун бўнак тўловларини тўлашнинг сўнгги куни . Бунда солиқ органлари бўнак тўловларини олдинги ҳисобот даври учун жами даромаддан келиб чиқиб, биринчи чоракда эса – олдинги солиқ даврининг охирги чораги учун жорий тўловлардан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқаради. Бўнак тўловлари бўйича Маълумотнома тақдим этилмайди.
2020 йилнинг 1 чораги учун фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаш қуйидаги тарзда амалга оширилади.
2019 йилнинг 9 ойи учун 9 га бўлинган ва 12 га кўпайтирилган жами даромади 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчилар 2020 йил 23 январдан, 2020 йил 23 февралдан ва 2020 йил 23 мартдан кечиктирмай тўланиши лозим бўлган бўнак тўлови суммасини 2019 йилнинг 10 октябрида, 2019 йилнинг 10 ноябрида ва 2019 йилнинг 10 декабрида тўлаш учун ҳисобланган жорий тўловларнинг суммасига тенг этиб қабул қилади. Бунда жами даромад Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот сатрларини қўшиш билан аниқланади:
- маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан соф тушум (010-сатр);
- асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари (090-сатр);
- молиявий фаолиятнинг даромадлари (110-сатр).
24 январь – 2019 йил декабрь ойи учун табиий газга қўшимча фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиш ва солиқни тўлашнинг сўнгги куни .
25 январь –2019 йил декабрь ойи учун меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган тўланган пенсиялар бўйича харажатларни тўлашнинг сўнгги куни .
30 январь - тўлов манбаидан солиқ солинмаган моддий наф тарзида даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотномани тақдим этишнинг сўнгги куни .
Кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади.Бунда қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган байрам куни деб эътироф этилмайдиган кун иш куни деб ҳисобланади.
Агар муддатнинг охирги куни қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.
Агар солиқ мажбуриятини бажариш муддатининг сўнгги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади .
Татьяна ЛИМАРЕВА