Полезное для бухгалтера в ноябре:
АССАда янги поғона: ДипИФР ва тўлақонли квалификация ўртасида
Номи ҳар бир молиячига яхши таниш бўлган АССА халқаро ассоциацияси Марказий Осиёда рус тилидаги «Молия ва бизнесни бошқариш» янги дастурини ишга туширди. Биз АССА вакилларига мурожаат қилиб, ушбу дастур ким учун яратилгани, қандай фанларни ўз ичига олгани ва унинг дипломи битирувчиларга нима бериши ҳақида билиб олдик.
«АССА квалификациясига эга бўлиш истагини билдирган ҳисоб, аудит ва молия соҳасидаги кўп мутахассисларга илгари тил билмаслиги тўсқинлик қиларди. Улар таълим олишдан манфаатдор бўлганлар, аксарияти АССА имтиҳонларидан бирини (масалан, ДипИФР) топширган, бироқ келгусида таълим олишни давом эттира олмаган. Шу сабабли янги дастурни ишга туширишга қарор қилдик: у рус тилида сўзлашувчиларга тўлиқ мослаштирилган, унинг битирувчилари малакали молиячи учун жуда муҳим бўлган билим ва кўникмалари мавжудлигини тасдиқлабгина қолмай, АССАга тўлақонли аъзо бўлиш учун оралиқ поғонага айланиши мумкин бўлган дипломни оладилар», – дея тушунтириш беради «АССА Қозоғистон ва Марказий Осиё» раҳбари Алтин Шакирханова.
Дастурнинг ўзига хос хусусиятлари
Дастур 6 имтиҳон ва «Этика» қўшимча модулини ўз ичига олади. Ўқувчилар қуйидаги соҳалардаги билимларини тасдиқлайдилар:
1) бизнес самарадорлигини бошқариш;
2) молиявий менежмент;
3) аудит ва йўлдош хизматлар;
4) молиявий ҳисобот;
5) РФда солиқ солиш;
6) корпоратив ҳуқуқ.
Ҳар бир фанни муваффақиятли топширган ўқувчилар билим ва кўникмаларини тасдиқловчи тегишли сертификат оладилар.
АССА ДипИФР дипломлари соҳиблари учун ҳам яхши янгилик бор: улар ўтган материални такроран топширишларига тўғри келмайди, «Молиявий ҳисобот» имтиҳонидан озод қилишларини сўрашлари мумкин.
Молия, бизнесни бошқариш, АССА квалификацияси
Рус тилидаги «Молия ва бизнесни бошқариш» дипломи АССА тўлиқ квалификациясининг ўзи эканлигини англаш муҳим. Тўлиқ квалификация олиш ва АССАга аъзо бўлиш учун инглиз тилида 13 та имтиҳон топшириш, 3 йиллик амалий тажрибани тасдиқлаш ва «Этика» модулидан ўтиш зарур. Бироқ инглиз тилини билмайдиганлар учун ушбу имтиҳонларнинг бир қисми рус тилига ўгирилган – айнан улар «Молия ва бизнесни бошқариш» дастурига киритилган.
Иш берувчиларга бундан нима наф
Татьяна Шалунова, АССА ДипИФР-Рус аккредитацияланган ҳамкори – «ProfiTraining» бизнес-мактабининг ривожлантириш ва инвестициялар бўйича директори:
«Молия соҳасига алоқаси бўлган ва хизмат пиллапоясидан кўтарилишни режалаштираётган Ўзбекистондаги ҳар бир мутахассис халқаро молиявий ҳисобот стандартларини ўрганиши зарур деб ҳисоблайман. Айниқса, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот тизимини фаол ислоҳ қилиш йўлига ўтилган, бунинг учун айнан ХМҲС асос қилиб олинган бугунги кунда.
Ҳаётингизни қизиқарли молия соҳасига бағишлашга қарор қилган бўлсангиз, АССА – эгаллаш шарт бўлган соҳа. Таниқли бренд ва юқори сифатли квалификация туфайли касбда юқори марраларга эришиш мумкин. Мен 2004 йилдан буён ХМҲС билан танишман, 2012 йилда ACCA ДипИФР-Рус имтиҳонидан муваффақиятли ўтганман. Ҳозир менга ўқишни давом эттириб, тўлиқ квалификация олишни таклиф этдилар. Инглиз тилида сертификациядан ўтиш учун инглиз тилини у қадар мукаммал даражада билмаслигимни инобатга олсам, рус тилидаги янги дастур – мен учун долзарб ва жуда қизиқарли таклиф.
Мактабимиз битирувчилари айнан инглиз тилини яхши билмасликларидан чўчиб, тўлиқ квалификациядан ўтишдан бош тортганликлари ҳақида кўп эшитганман. Шу сабабли АССА рус тилида сўзлашувчилар учун имтиҳонларнинг бир қисмини таржима қилишга ўз вақтида қарор қилган. Бу имкониятдан кўпчилик фойдаланишига ишонаман!».
Элина Давидян, «Artel» компаниялар гуруҳи бухгалтерия ҳисоби хизматининг куратори:
«АССА дипломи молия соҳаси мутахассислари юқори даражада малакали эканлигидан далолат бериши барчага маълум. Шу муносабат билан АССА аъзоси бўлиш истагини билдирувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Илгари фақат битта диплом – ДипИФРни рус тилида олиш имкони берилган, қолган имтиҳонлар фақат инглиз тилида ўтказилган.
Яқин пайтгача ДипИФР дипломи соҳиблари ва олий таълим муассасалари битирувчилари инглиз тилини билмаганликлари сабабли ушбу соҳада таълим олишни давом эттириш имконига эга бўлмаганлар. Энди эса рус тилидаги янги «Молия ва бизнесни бошқариш» дипломи мавжуд. Унинг ижобий жиҳатлари кўп!
2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ХМҲСни кенг миқёсда жорий этиш режалаштирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Президент қарори лойиҳасига кўра 2021 йил 1 январдан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташкилотлар ХМҲС бўйича бухгалтер сертификатига эга бўлган шахсни бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбари лавозимига тайинлайдилар, шунингдек бухгалтерия ҳисоби хизмати ходимларининг ушбу соҳада ҳар йили малака оширишларини таъминлайдилар. Бинобарин, яқин орада молия соҳаси мутахассисларидан АССА сертификатларига эга бўлиш талаб этилади».
Александра Толмачёва, «HiltonTashkentCity» бухгалтерия ҳисоби хизматининг бошлиғи:
«Рус тилидаги АССА дипломи – ҳаётини шу касбга бағишлаган, бироқ доим ҳам параллель равишда хорижий тилларни ўрганиб, халқаро намунадаги дипломларни ололмайдиган юксак тоифали мутахассислар учун ғаройиб имконият. Эълон қилинаётган вакансиялар бўйича мутахассисларга қўйилаётган талабларга эътибор бердим – улар анча ошганини кўрдим. Илгари бундай вакансияларга даъвогарлик қила олмаган мутахассисларимиз эндиликда рус тилидаги АССА дипломини қўлга киритиб, бемалол номзодларини илгари сурадилар, халқаро компанияларда муваффақиятли ишлай оладилар».
Ҳавола орқали кириб, рус тилидаги имтиҳонлар ҳақида кўпроқ маълумот олишингиз мумкин.
Барча саволлар бўйича [email protected] манзилига ёзишингиз ёки +7 727 271-98-37 телефони орқали қўнғироқ қилишингиз мумкин.
Реклама ҳуқуқида.