Кимларга фаолиятини тиклашга рухсат берилди

preview

Республика махсус комиссияси ва Махсус штаб 2020 йил 14 апрелда карантин бўйича янги қарор қабул қилишди. Баъзи чеклов чоралари кучайтирилади, бошқалари – юмшатилади. Бу ҳақда buxgalter.uz шарҳида батафсил ўқинг.

Карантиннинг янги чоралари белгиланди

  • Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чекловлар Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларига нисбатан ҳам татбиқ этилади;
  • пенсионер ва нафақадорларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, шунингдек, ЖССТ тавсияларига кўра республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш бошланади. Бунда, барча ҳудудлар нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан таъминланади;
  • нақд пуллар сақланадиган пул омборхоналари ва қайта санаш кассалари ҳафтада икки маротаба дезинфекция қилинади;
  • ДСҚга озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар, шунингдек, биринчи навбатдаги зарур маҳсулотлар етказиб бериш хизмати кўрсатишда нархларнинг асоссиз равишда кўтарилишининг олдини олиш топширилди;
  • давлат хизматлари марказлари томонидан вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун берилган махсус рухсатномалар карантин тугагунига қадар амал қилади. Амал қилиш муддатини узайтириш талаб этилмайди.

Қуйидагиларнинг ҳаракатланиши учун стикерлар зарур эмас:

  • давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;
  • хусусий тиббиёт ташкилотлари (клиника, дорихона ва бошқа тиббиёт ташкилотлари)нинг хизмат автотранспорт воситалари;
  • йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар (шу жумладан - шахсий давлат рақамли) – фақат етказиб бериш хизмати кўрсатиш (йўловчиларсиз) мақсадида.

Муддатини узайтириш зарур эмас

  • Фуқароларни қайта кўрикдан ўтказмасдан, ногиронлик муддатлари автоматик тарзда узайтирилган ҳолда пенсия (нафақа) тўловлари давом эттирилади.
  • карантин даврида пенсия ва нафақа (жумладан, дафн маросими ёки бола туғилганда бериладиган)ларга ҳуқуқи пайдо бўлган фуқаролар, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида Пенсия жамғармаси туман ёки шаҳар бўлимларига мурожаат этишлари мумкин. Бунда уларга пенсия ва нафақалар карантин чекловлари даврида ҳуқуқ пайдо бўлган санадан бошлаб тайинланади.
  • Пенсия ва нафақа олаётган ҳамда тасдиқловчи ҳужжати муддати тугаган фуқаролардан ҳужжат талаб этмасдан, тўлов муддатлари 4 ой муддатга узайтирилади.

Яна фаолият кўрсатиши мумкин

Иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларини фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарларининг қарорига мувофиқ рухсат олиниши мумкин.

Бунда ушбу ташкилотларнинг фаолияти даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши, шунингдек, уларни овқатлантиришни мазкур объект ҳудудида ташкиллаштириш учун шахсий жавобгарлик тегишли хўжалик бирлашмаси раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланди.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text159254_kimlarga_faoliyatini_tiklashga_ruhsat_berildi