Полезное для бухгалтера в декабре:
Бухгалтерни қандай ҳолда ишдан бўшатиш мумкин (эмас)
– «ХКда бухгалтер бўлиб ишлайман. Масофадан туриб фаолият юритаман. Карантин пайтида раҳбар мени ишдан бўшатишга ҳақлими»? Фойдаланувчининг саволига меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди.
– Карантин даври учун ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қандайдир алоҳида тартиби белгиланмаган. Иш берувчи амалдаги Меҳнат кодексига риоя этиши шарт, унда ишдан бўшатиш асосларининг ҳар бири учун меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишнинг ўз тартиб-таомили назарда тутилган.
Деярли ихтиёрий равишда…
Раҳбарингиз ўз хоҳишингизга кўра ишдан бўшашга мажбур қилаётган бўлса, аслида бундай истагингиз бўлмаса, ҳеч қандай ҳолатда ҳам ариза ёзманг. Ҳатто иш берувчи «бу вақтинчалик, фақат карантин давридаги чора» деса ҳам.
МК 99-моддаси бўйича (ходимнинг ташаббуси билан) ишдан бўшатилганингиздан кейин иш беувчи сизни қайтиб ишга олишига ҳеч қандай кафолат йўқ.
Вақтингиз тугади…
Меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинса – бу бошқа гап . Ходимни ушбу асосга кўра ишдан бўшатиш учун унинг аризаси талаб этилмайди. Иш берувчи шартнома муддати тугаган санадан бошлаб бир ҳафта давомида – бу ҳақда огоҳлантирмай у билан меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишга ҳақли. Бироқ бир муҳим жиҳат мавжуд!
Ушбу бир ҳафталик муддатда ишдан бўшатилмаса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади . Ва тегишинча, уни муддати тугаганига асосланиб бекор қилиб бўлмайди, иш берувчи бунинг учун бошқа асосларни излашига тўғри келади.
Пул йўқлиги сабабли…
Умуман олганда МК 97-м. кўрсатилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун 6 та асос мавжуд. Булар:
1) тарафларнинг келишуви. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;
2) тарафлардан бирининг ташаббуси;
3) муддатнинг тугаши;
4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар;
5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан тузилганда, шунингдек қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин;
6) янги муддатга сайланмаганлик (танлов бўйича ўтмаганлик) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлик муносабати билан .
Мазкур модданинг 2-бандига келсак, шартномани бекор қилиш ташаббуси билан ходим ҳам , иш берувчи ҳам чиқиши мумкин . МК 100-моддасида ҳам иш берувчининг ташаббуси билан ходимни ишдан бўшатиш мумкин бўлган 7 та банд кўрсатилган. Шу боис МК 100-моддаси 2-қисмида кўрсатилмаган бошқа қандайдир сабабларга (асосларга) кўра меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳуқуққа зид бўлади.
Юқорида кўрсатилган асослардан бири бўйича ходимни ишдан бўшатиш учун иш берувчининг хоҳиши камлик қилади, кам деганда кўрсатилган ҳолатлар юз бериши керак. Бундан ташқари, МКда кўрсатилган муайян тартибга риоя этиш зарур.
Штат қисқарганлиги сабабли…
Бунда ҳам ҳаммаси осон эмас. Меҳнат шартномаси МК 100-моддаси 2-қисми 1-бандига мувофиқ штат қисқарганлиги муносабати билан бекор қилинаётган бўлса, иш берувчи қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
- янги штат жадвалини тасдиқлаши;
- келгусида ишдан бўшатилиши ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда, тилхат олиб огоҳлантириши ;
- бўш иш жойлари мавжуд бўлганда ходимга бошқа ишни таклиф қилиши;
- қисқартиришдан камида 2 ой олдин ҳар бир ходимни бўлажак ишдан озод қилиш тўғрисидаги маълумотларни маҳаллий меҳнат органига маълум қилиши ;
- ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш эҳтимоли тўғрисида камида 2 ой олдин ходимларнинг вакиллик органига ахборот тақдим этиши ;
- жамоа шартномаси ёки жамоа келишувида олдиндан розиликни олиш назарда тутилган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олиши ;
- ишдан бўшатилганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиши, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
– барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун иш ҳақи;
– меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга келиб фойдаланилмаган йиллик таътил учун компенсация;
– ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси;
– ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация (тарафлар бундай алмаштириш ҳақида келишиб олган бўлсалар);
Алоҳида тоифадаги ходимлар
Карантинни ҳисобга олганда ҳам айрим тоифадаги ходимлар учун кафолатлар амал қилишда давом этишини ёддан чиқармаслик зарур. Масалан, иш берувчининг ташаббуси билан ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган болалари бор бўлган ходималарни ишдан бўшатишга йўл қўйилмайди, корхонанинг тўлиқ тугатилиши ҳоллари бундан мустасно. МКда бу ҳолда ҳам ишдан бўшатилаётган ходималарни мажбурий равишда ишга жойлаштириш назарда тутилган, бунинг учун тугатилаётган иш берувчи эмас, балки маҳаллий меҳнат органи жавоб беради .
Иш берувчи ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз ёхуд таътилда бўлган пайтда ҳам ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас.
Бундан ташқари, Президентнинг ПФ-5969-сон Фармонига мувофиқ, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси, васийлари, ҳомийлари бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.
Меҳнат шартномаси қонунга зид равишда бекор қилинган бўлса, ходимни иш берувчининг ўзи, суд ёхуд бошқа ваколатли орган ишга тиклаши керак. Бунда ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти иш берувчининг зиммасига юклатилади .