Касаллик варақаларини бериш шартлари ўзгарди

preview

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тузатишлар киритилди . Norma.uz шарҳловчиси Лола АБДУАЗИМОВА тафсилотларни тушунтирди: 

- Ҳужжатнинг янги таҳририда қуйидаги ҳолларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасини бериш шартлари тузатилди:

  • мактабгача таълим ташкилотида ёки 6 ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин ҳолатида.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси  болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига берилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) органларида олиш мумкин. Тузатишлар билан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси  муддатини 14 кунгача  чеклаш бекор қилинди.

  • бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар ишдан четлаштирилганда ёки атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касалликлар билан оғриган беморларга, паразитар касалликлар билан зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга.

Касаллик варақаси карантинда бўлган барча кунларгa берилади (илгари – давлат санитария назоратининг мансабдор шахси томонидан белгиланган муддатга). Кўрсатилган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси электрон шаклда берилиши мумкин;

  • юқумли, паразитар касалликлар билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга касаллик варақасини бериш.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган барча кунларга, шу жумладан электрон шаклда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) органлари эпидемиологи ёки санитар врачи томонидан берилади;

  • уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга касаллик варақаси бериш.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қоғоз ёки электрон шаклда яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.06.2020 йилдан кучга кирди.


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text160607_kasallik_varaqalarini_berish_shartlari_uzgardi