Электрон шартномаларга ўтганда нималарни ҳисобга олиш лозим

preview

Карантин шароитида товарлар, ишлар ва хизматлар олди-сотдисининг одатдаги усуллари доим қулай бўлмайди, ҳатто уларни амалга ошириб бўлмаслиги ҳам мумкин. Юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ электрон шартнома тузаётганда қандай муҳим жиҳатларни ҳисобга олиш лозимлиги ҳақида гапириб берди:


Э-тижоратнинг ҳуқуқий жиҳатдан афзалликлари

Электрон ҳужжатлар ва ахборот юридик кучи бўйича «қоғоздагиларига» тенглаштирилади ва улардан битимлар тузилганлигининг далили сифатида фойдаланилиши мумкин .

Ўз ҳолича электрон тижорат – фаолият тури эмас, балки шакли, шу сабабли унинг учун алоҳида лицензия, рухсатнома ёки гувоҳнома талаб этилмайди. Бироқ лицензияланиши лозим бўлган  ёки бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни талаб этадиган  товарларни, ишларни ва хизматларни реализация қилиш чоғида сотувчида (ижрочида) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бўлиши керак.

Э-тижорат учун улгуржи ва чакана савдога оид умумий талаблар  ҳам жуда соддалаштирилган.

Қуйидагиларга йўл қўйилади:

  • юридик шахсларнинг – чакана ва улгуржи, ЯТТнинг – турғун савдо шохобчаларидан ташқарида ва фискал хотирали НКМдан фойдаланмасдан чакана савдо қилишига . Бунда виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги НКМ ва тўлов терминалларига тенглаштирилади. Ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар – товарлар ва хизматлар учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга ;
  • иш жойларидан ташқарида тарози ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланишга.

Қуйидагилар талаб этилмайди:

  • товарлар улгуржи ва чакана сотилганда турғун савдо шохобчаси мавжудлиги ва НКМ рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотномани шартномага илова қилиш;
  • нон ва нон-булка маҳсулотлари сотилганда махсус инвентардан фойдаланиш;
  • картошка ва бошқа мева-сабзавот маҳсулотларини қатъий белгиланган жойга чиқариб қўйиш.

Шунингдек товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ёки бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автотранспортда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб етказиб бериш учун лицензия олиш талаб қилинмайди .

Қуйидаги товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт контрактларини расмийлаштирмасдан онлайн интернет-дўконлар орқали экспорт қилиш мумкин :

  • қиймати $3 000 гача бўлган  – ахборотни ТСОЯЭАТга киритмасдан ва БЮДни расмийлаштирмасдан, Почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ;
  • қолган ҳолларда – тўлиқ тўлов тушгандан ва ушбу ахборот ТСОЯЭАТга киритилгандан сўнг.
Диққат
Онлайн-реализация қилиниши лозим бўлмаган бир қатор товарлар, ишлар ва хизматлар мавжуд . Бунда шифокор рецептисиз сотиладиган дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари учун истисно қилинган – уларни сақлаш ва ташиш чоғида алоҳида талаблар ва тартибга риоя этган ҳолда Э-тижорат орқали сотиш мумкин .

Э-шартнома қандай тузилади

Электрон шартноманинг тузилиши ва мазмуни жиҳатидан қоғоздаги олди-сотди шартномасидан ҳеч қандай фарқи йўқ: ўша мажбурий шартлар ва реквизитларга эга бўлиши керак.

Бунда унга ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан алоҳида шартлар киритилиши мумкин. Қонун ҳужжатларида ёки Э-шартномада белгиланган муддат мобайнида ушбу ҳужжатдан эркин фойдаланиш имконияти таъминланиши керак, бу муддат ўтганидан кейин эса у белгиланган тартибда сақланиши шарт.

Аввалбошдан сотувчи шартнома шартларини ўз ичига олган офертани (шартнома тузиш ҳақида таклифни) жойлаштиради. Буни ўз ахборот тизимида ёки ахборот воситачиси – ЭҲА операторининг электрон савдо майдончасида (сайтида, мобил иловасида) амалга ошириш мумкин.

Бу – муҳим!

Қонунга кўра Э-тижоратдаги оферта қуйидагиларни ўз ичига олган бўлиши керак :

  • оферта қилувчи иштирокчининг тўлиқ номи, унинг почта ва электрон манзили;
  • лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг рақами, амал қилиш муддати, уларни беришга ваколатли органнинг номи, агар қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу ҳужжатлар зарур бўлса;
  • электрон тижоратдаги шартномани тузиш тартиби, шартларни келишиб олиш чоғида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш имконияти ҳамда тартиби;
  • акцептни юбориш ва чақириб олиш тартиби;
  • товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш ва уларга ҳақ тўлаш шартлари, шунингдек улар учун таклиф этилаётган нархлар (тарифлар);
  • ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан шартномага киритиладиган шартларга тааллуқли қайдлар.

Шундан сўнг харидор (буюртмачи):

1) оферта шартларига рози бўлгач, офертанинг амал қилиш муддати мобайнида қуйидаги усуллардан биридан фойдаланиб уни акцептлаши (қабул қилиши) керак:

  • сотувчига электрон ҳужжатни жўнатиб;
Диққат

Электрон ҳужжатнинг мажбурий реквизитлари:

  • электрон рақамли имзо ;
  • электрон ҳужжатни жўнатган юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг Ф.И.О.;
  • жўнатувчининг почта ва электрон манзили;
  • электрон ҳужжатни тузиш санаси.

Қонун ҳужжатлари билан ёки ЭҲА иштирокчиларининг келишувига кўра электрон ҳужжатнинг бошқа реквизитлари ҳам белгиланиши мумкин .

  • сотувчига розилик билдирган ҳолда электрон хабарни жўнатиб;
  • офертада кўрсатилган шартларни бажариш бўйича ҳаракатларни содир этиш орқали. Масалан, товарлар, ишлар, хизматлар ҳақини тўлаб ва ҳ.к.
Диққат
Шартноманинг ўзида бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, у офертани юборган томон акцептни олган пайтдан эътиборан тузилган деб эътироф этилади.

2) шартномада белгиланган тартибда ва муддатларда қуйидагилар воситасида ҳақини тўлаши:

  • банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминали;
  • шахсий кабинет ёки чакана тўловлар тизими (онлайн-тўлов) орқали банк пластик картасидан маблағларни ўтказиш;
  • банк ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш.

Ҳақини олгач, сотувчи ўз мажбуриятларини бажаради – товарларни етказиб беради, ишларни бажаради, хизматларни кўрсатади.


Э-шартнома қандай ва қанча муддат сақланади

Қоғоз ташувчисидаги аналоглари қанча муддат сақланса, электрон ҳужжатлар ва хабарлар ҳам шунча сақланиши керак (узоқроқ вақт сақланиши мумкин, бироқ ундан кам эмас).

Сақлаш учун Ўзбекистонда жойлашган электрон маълумотлар базаларидан фойдаланилади. Уларга қуйидагилар билан боғлиқ бўлган барча электрон ҳужжатлар, хабарлар ва операциялар киритилади:

  • электрон ҳужжатларни тузиш, уларнинг ҳаракати ва йўқ қилиниши;
  • оферталарни ва уларни қабул қилиш далилларини (акцептларни) эълон қилиш;
  • электрон хабарларни жўнатиш ва олиш;
  • электрон тижоратдаги шартномаларни тузиш.

Бунда барча маълумотлар шундай сақланиши керакки:

а) тузилган шартнома томонларини идентификациялаш ва унинг барча шартларини аниқлаш;

б) операциялар, шартномалар амалга оширилган ҳамда шартнома ва оферта шартларига ўзгартириш киритилган аниқ сана ва вақтни аниқлаш имкони бўлсин.

Ахборот тизимлари доирасида ҳар бир электрон шартнома ва офертага унинг бир хил маъноли бўлишини таъминлайдиган ва бошқа объектлардан фарқлаш имконини берадиган ноёб идентификатор берилади. Барча ахборотни шундай сақлаш керакки, у қайси шартномага ва офертага тааллуқли эканини аниқ белгилаш мумкин бўлсин.

Диққат

Ушбу материалда баён этилган барча хатти-ҳаракатларни алоҳида тартибда тузиладиган битимларга нисбатан қўллаб бўлмайди:

  • давлат харидлари жараёнида;
  • биржаларда ва ахборот воситачиларининг ахборот тизимларида;
  • кўчмас мулкни реализация қилиш ва нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган бошқа битимларни амалга ошириш чоғида.

Таҳририятдан: ЭҲА операторлари ўз тизимларида Э-шартномаларни тузиш, жўнатиш ва ЭРИ билан имзолаш масалаларини амалиётда қандай ҳал қилаётганликлари ҳақида порталимизнинг кейинги шарҳларида сўз юритамиз.

ЭҲА ЭҲА ЭҲА /ru/publish/doc/text161529_elektron_shartnomalarga_utganda_nimalarni_hisobga_olish_lozim