Қандай қилиб бинони ускуналар билан тўпламда ҳисобга олиш мумкин

preview

Кўпинча бино ва иншоотларни қуришда бухгалтерларда АВни битта инвентарь объектга бирлаштириш масаласи юзага келади. Масалан, корхона савдо марказини қуриб, уни лифтлар, эскалаторлар, кондиционерлар, кучланиш трансформаторлари билан жиҳозлади. Қурилишда ускуналар ҳисобда қандай акс эттирилади? Турли АВларни битта объектга киритган ҳолда битта АВ объекти – бино акс эттириладими ёки ҳар бир АВни фойдаланишга алоҳида қабул қилиш лозимми?

Ушбу борада ўз фикри билан «Profi Training» бизнес-мураббийи, молиявий директор Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) buxgalter.uz билан ўртоқлашди:

- Инвентарь объект АВ бухгалтерия ҳисобининг бирлиги ҳисобланади . Бунда барча қурилмалар ва анжомлар билан биргаликда  ёки бутун бир яхлитликни ифодаловчи конструктив жамланган буюмларнинг алоҳида мажмуи сифатида инвертарь объекти деб тан олинади.

Конструктив жамланган буюмларнинг мажмуи деганда умумий мосламаларга ва анжомларга, умумий бошқарувга эга, бир пойдеворда қурилган, натижада мажмуага кирувчи ҳар бир буюм ўз вазифасини мустақил равишда эмас, балки фақатгина мажмуа таркибида бажара оладиган бир ёки турли мақсадларга мўлжалланган битта ёки бир нечта буюмлар тушунилади. БҲМСнинг мана шу талқини бухгалтерларни чалкаштиради ва нотўғри талқин қилишга олиб келади.

Ҳисоб мутахассислари, агар кондиционерлар, трансформаторлар ва лифтлар умумий пойдеворга эга бинога ўрнатилган бўлса, ўз функцияларини иморат таркибида бажарса, уларни ҳисобга алоҳида қабул қилиш керак эмас, деб ҳисоблайдилар.

Муаллиф мазкур масала бўйича бошқа фикрга эга. 5-сон БҲМС мазкур операцияни бундан регламентлайди: битта АВда турлича фойдали фойдаланиш муддатига эга бир нечта мустақил объектлар мавжуд бўлганда, ҳар бир бундай объект ҳисобда алоҳида мустақил инвентарь объект сифатида тан олинади.

Бино ва бошқа асосий воситалар (лифтлар, кондиционерлар, кучланиш трансформаторлари) ўзининг хўжалик функцияларини бажаради ва ҳисобда алоҳида акс эттирилиши лозим.

Турли АВларни битта объект таркибида қабул қилиш қандай оқибатларга олиб келади?

АВни баҳолашда фойдали фойдаланиш муддати муҳим мезон ҳисобланади. Бу - корхона активдан фойдаланадиган вақт даври ёки корхона ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот (ишлар ва хизматлар) миқдори .

Агар бино турлича фойдали фойдаланиш муддатига эга бошқа АВлар билан йириклаштирилса, ҳисобда харажатлар камайтирилади, мол-мулк солиғи оширилади. Бу корххонанинг фойдасида акс этади.

Вазиятни қурилган бино ва унга ўрнатилган лифт (АВ гуруҳи - иш машиналари ва асбоб-ускуналар) ҳисоби  мисолида кўриб чиқамиз. Бинолар ва иморатларнинг амортизация нормаси – йилига 3% (33 йил фойдаланиш), лифтнинг (юк кўтариш-транспорт машинаси) амортизация нормаси – 15% (7 йил фойдаланиш) . Яъни агар лифт бино таркибига киритилса, лифтнинг фойдали фойдаланиш муддати 5 маротаба оширилади.

Фараз қилайлик, корхона қиймати 100 млн сўм бўлган бинони фойдаланишга топширади. Бинодаги лифт 15 млн сўм туради. Агар бухгалтер лифтни бино қийматига киритса, йиллик амортизация бундай ҳисобланади:

АВ инвентарь объекти

АВ қиймати

Амортизация нормаси

Амортизации сумма йилига

Бино ускуна билан тўпламда

115 млн сўм

3%

3,45 млн сўм

 Агар амортизация ҳар бир объект бўйича алоҳида ҳисобланса:

АВ инвентарь объекти

АВ қиймати

Амортизация нормаси

Амортизации сумма йилига

Бино

100 млн сўм

 3%

3,00 млн сўм

Йўловчи лифти

15 млн сўм

15%

2,25 млн сўм.

Жадвалдан кўринадики, АВлар бирлаштирилганда харажатлар суммаси 1,8 млн сўмга (3,00 + 2,25 – 3,45) камайтирилади.

Агар бино ва унинг таркибига киритилган лифтдан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланилса, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи нотўғри ҳисобланади.

Мол-мулк солиғи ҳам нотўғри ҳисобланади – оширилади.  Кўчмас мулк юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ объекти ҳисобланади . Яъни лифтни бино қийматига киритган ҳолда корхона солиқ солиш объектини оширади.

Солиқ ҳисоб-китоби бўйича ҳисоблашларни солиштирамиз:

Бинонинг қиймати

Ҳисобланган амортизация

Солиқ ставкаси

Мол-мулк солиғи суммаси йилига

115 млн сўм

3,45 млн сўм

2%

2,231 млн сўм [(115 – 3,45) х 2%]

Агар фақат бино бўйича солиқ ҳисобланса:

Бинонинг қиймати

Ҳисобланган амортизация

Солиқ ставкаси

Мол-мулк солиғи суммаси йилига

100 млн сўм

3,00 млн сўм

2%

1,94 млн сўм [(100 – 3) х 2%]

Нима учун баъзи бухгалтерлар ўзгача ҳисоблашади?

Катта корхоналарда АВларнинг бундай батафсил ҳисобини ташкил этишнинг маъноси йўқ – бу бухгалтериянинг қўшимча ресурсларини талаб этади. Ахир бу ҳолда бинонинг турлича эскириш муддатларига эга бўлган барча конструктив деталларини: том қопламаси, ёнғин сигнализацияси тизими, водопровод ва ҳоказоларни алоҳида ҳисобга олиш зарур бўлади. Бундан ташқари, ўғирликдан сақланиши назорат қилиниши зарур бўлган АВ объектлари ҳисобини ташкил этиш маънога эга. Лифтни бинодан ўғирлаш эса амалга ошмайдиган иш. Бинода эскирган ускуналарни таъмирлаш ва алмаштириш учун резервларни шакллантиришни режалаштириш мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ушбу масалани корхона мустақил равишда – бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ва солиқ солиш мақсадларида ўзининг ҳисоб сиёсатларидан келиб чиқиб ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

Асосий воситалар Асосий воситалар Асосий воситалар /ru/publish/doc/text161555_qanday_qilib_binoni_uskunalar_bilan_tuplamda_hisobga_olish_mumkin