Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ускуналарга юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ солиш қонунийми?
“Солиқ органи корхонанинг мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботини таҳлил қилиб, солиқ базасига ускуна ва ўлчов асбоблари қийматини киритишни талаб қилди. Бу қонунийми?”.
Ушбу саволга buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Олег ЦОЙ жавоб берди:
- Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг солиқ солиш объекти – бу кўчмас мулкдир .
Фуқаролик кодекси кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулкни киритади. Бошқача айтганда, бу - белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлардир .
Бироқ солиқ солиш мақсадларида кўчмас мулкка қуйидагилар киради:
- бинолар ва иншоотлар, улар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса;
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби махсус Низомда белгиланган.
Мисол учун, қурилиш даврида вақтинча фойдаланиш учун қурилган вақтинчалик иморатларга бўлган ҳуқуқлар рўйхатдан ўтказилмайди.
Агар сизда у ёки бошқа бино (иншоот) давлат рўйхатидан ўтказилишига нисбатан шубҳа бўлса, расмий сўров билан кадастр органига мурожаат қилишни тавсия қиламиз.
- қурилиши тугалланмаган объектлар, яъни лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар. Агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, - объектнинг қурилишига рухсатнома олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида;
- темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар;
- қурилиш ташкилотлари ёки иморатларни қурувчилар балансида кейинчалик сотиш учун кўрсатилган турар жой кўчмас мулк объектлари. Унга қўчмас мулк объекти фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтгач солиқ солинади.
Кўрганимиздек, мазкур рўйхатда ускуналар ва ўлчов асбоблари йўқ. Бинобарин, солиқ органининг талаби қонунга хилофдир.
Қуйидаги кўчмас мулк объектлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди:
- нотижорат ташкилотлари томонидан нотижорат фаолиятини амалга ошириш доирасида фойдаланиладиган объектлар;
- турар жой-коммунал хўжалигининг ва белгиланган мақсади бўйича фойдаланиладиган бошқа умумфуқаровий аҳамиятга молик шаҳар хўжалиги объектлари.
- умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;
- суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари;
- солиқ тўловчининг балансида бўлган ҳамда тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилмаётган, фуқаро муҳофазаси ва сафарбарлик аҳамиятига молик объектлар;
- табиатни муҳофаза қилиш ва санитария-тозалаш мақсадлари, ёнғин хавфсизлиги учун фойдаланиладиган объектлар;
- ер участкалари.