Юрист қандай буйруқларга виза қўяди

preview

Корхона раҳбари ва кадрлар бўйича ходими барча буйруқларни юрист билан келишиш керак деган фикрда. Бу тўғрими? Қонун ҳужжатларида юридик хизмат томонидан виза қўйиладиган буйруқларнинг аниқ турлари кўрсатилганми?

Меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА вазиятга ойдинлик киритди: 


– Юрист ҳужжатларга виза қўйиш билан улар шакли ва мазмунига кўра қонунчиликка мувофиқлигини тан олади. 

Одатда буйруқнинг сўнгги варағи орқа томонига ёки алоҳида келишув варағига виза қўйилади.

Юрист юридик хулоса ҳам бериши мумкин, унда ҳужжатда аниқланган барча камчиликларни кўрсатади. 

Виза қуйидаги элементлардан ташкил топади:

  • ҳужжатга виза қўювчи шахс лавозимининг номланиши;
  • ҳужжатга виза қўювчи шахснинг шахсий имзоси;
  • имзо расшифровкаси (исми шарифи ва фамилияси);
  • виза қўйиш санаси.

Масалан: «Юридик бўлим бошлиғи (шахсий имзо) П.П. Камолов 07.09.2020 й.»


Юрист қандай буйруқларга виза қўйиши керак

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолияти махсус Низом билан тартибга солинади.

Юридик хизмат ташкилотнинг бошқа таркибий тузилмаларидан (ходимларидан) кейин раҳбариятга тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказади . Улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди.

Кўриб турганимиздек, мазкур нормада виза қўйиладиган буйруқларнинг турлари аниқ қайд этилмаган. Бундан ташқари, нодавлат ташкилотлари учун Низом талаблари тавсиявий хусусиятга эга. Шу сабабли юрист қаторасига барча буйруқларга виза қўйиши керакми, деган савол очиқлигича қолмоқда.

Давлат корхоналари ҳам, хусусий компаниялар ҳам заруратга қараб ҳужжатларга виза қўйиш бўйича ўз ички тартибларини (ким, қачон ва қандай буйруқларга виза қўйишини) тасдиқлашлари мумкин, деган фикрдаман. Ушбу механизмни иш юритиш бўйича йўриқномада (уни ишлаб чиқиш чоғида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, корпорациялари, концернлари, уюшмалари, компаниялари ва бошқа марказий муассасалари аппаратларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича намунавий йўриқномадан фойдаланиш мумкин), ҳужжатларни келишиш регламентида, таркибий бўлинмалар тўғрисидаги низомларда ва бошқаларда ҳам белгилаш мумкин.

Корхонада бир нечта юрист ишласа, улар виза қўядиган буйруқларнинг турларини улар ўртасида тақсимлаб берган мақсадга мувофиқдир. Буни Юридик хизмат тўғрисидаги низомда, ходимларнинг лавозим йўриқномаларида ёки бевосита меҳнат шартномаларида қайд этиш мумкин.

Расмиятчилик учун қўйилган имзо хатолардан ҳимоя қилмайди

Юридик масалалар бўйича «Норма» экспертлари – Альберт САФИН ва адвокат Элеонора МАЗУРОВА ҳам ушбу масала бўйича ўз нуқтаи назарлари билан ўртоқлашдилар:

– Мулкчиликнинг турли шаклидаги ташкилотларнинг юридик кузатувини амалга оширадиган амалиётчи адвокат ва юрист сифатида ҳатто давлат корхоналарида ҳам юридик хизмат барча буйруқ ва фармойишларга виза қўймаслигини айтишимиз мумкин. Мисол учун, ишлаб чиқаришда у ёки бу маҳсулотни тайёрлаш учун материалларни бериш тўғрисидаги буйруққа юристнинг виза қўйишидан нима наф? Юрист ишлаб чиқариш бўйича нормаларни ҳам, техник талабларни ҳам билмайди. Мазмунини тушунмайдиган фармойиш остига имзо қўйишини эса оқилона ва бехатар иш деб бўлмайди. Шу сабабли ҳатто давлат корхоналарида ҳам одатда буйруқ чиқарилиб, унда юридик хизмат томонидан қандай турдаги ҳужжатларга виза қўйилиши, қандайларига эса қўйилмаслиги лозимлиги аниқ кўрсатилади.

Хусусий корхонада юрист ёки адвокат барча кирувчи ва чиқувчи ҳужжатларни кўздан кечиради албатта, бироқ виза қўймайди. Корхонанинг локал ҳужжатлари эса юристнинг ўзи томонидан ёки унинг бевосита назорати остида ишлаб чиқилади. Бинобарин, бу ҳолда ҳам виза қўйиш талаб этилмайди. Боз устига, қонун ҳужжатларида бундай талаб қўйилмаган. Шу сабабли хусусий бизнесда ортиқча бюрократик ғов қўйишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблаймиз. Юристнинг расмиятчилик учун қўйган имзоси хатолардан ҳимоя қилмайди.


Хўжалик шартномаларига виза қўйиш керакми

Хўжалик шартномалари уларни имзолашга тайёрлаш жараёнида компаниянинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилиши керак. Шартномаларни уларнинг имзоларисиз тузишга йўл қўйилмайди . 


Кадрлар ҳисоби Кадрлар ҳисоби Кадрлар ҳисоби /ru/publish/doc/text162665_yurist_qanday_buyruqlarga_viza_quyadi