Полезное для бухгалтера в декабре:
Хизматлар экспортига солиқ солиш
Хизматлар экспорти бухгалтерларда талай саволлар туғдирмоқда. Buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Олег ЦОЙ бундай хўжалик операцияларига солиқ солишнинг ўзига хос жиҳатларини тушунишга ёрдам берди:
- Ишлар (хизматлар) экспорти - бу Ўзбекистоннинг юридик ёки жисмоний шахси томонидан хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун уларнинг бажарилиш (кўрсатилиш) жойидан қатъи назар, ишлар бажариш (хизматлар кўрсатиш) .
Ўз кучи билан хизматлар кўрсатишга (ишларни бажаришга) чет эл валютасида тузилган шартномалар:
- ХМИ, донор мамлакатлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари, бошқа норезидентлар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича халқаро тендерларда иштирок этиш натижалари бўйича;
- агар товар (иш, хизмат)лардан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилса, етказиб беришга норезидентлар билан тўғридан-тўғри битимлар шартида экспорт шартномаларига тенглаштирилади.
Ушбу шартномалар ҳақидаги маълумотлар ТСОЯЭАТга киритилиши керак .
СКда назарда тутилган преференцияларни инобатга олган ҳолда хизматлар экспортининг солиқ оқибатларини кўриб чиқамиз.
I. ҚҚС
Агар реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, хизматларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объекти ҳисобланади .
Хизматларни реализация қилиш бўйича айланма – бу товарни реализация қилишдан фарқ қилувчи, қуйидагиларни ўз ичга олувчи ҳар қандай фаолият:
- эвазга, яъни пуллик асосда хизматлар кўрсатиш;
- бепул хизматлар кўрсатиш, шу жумладан мол-мулкни солиқ тўловчининг бепул фойдаланиши учун бериш. Агар бепул хизматлар кўрсатиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, у реализация қилиш бўйича айланмага киритилмайди .
Хизматлар экспорти:
- агар реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳудуди бўлса, 15% ставка бўйича ҚҚС солинади. Хизматлар реализация қилиш жойини қандай аниқлаш СКнинг 241-моддасида кўрсатилган;
- айрим хизмат турлари бўйича 0% ставка бўйича солиқ солинади ;
- иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бепул хизматлар кўрсатилган ҳолда ва ҚҚСдан озод қилинган айланмаларда ҚҚС солинмайди .
Экспорт қилинадиган хизматларга тўғри солиқ солиш учун қуйидагиларни аниқланг:
1) хизматларни реализация қилиш жойини;
2) ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси қўлланаётганлигини;
3) бепул хизматлар кўрсатиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлигини;
4) хизматлар ҚҚСдан озод этилганлигини.
1. Хизматларни реализация қилиш жойи
Умумий қоидага биноан, башарти хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .
Агар хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида юридик шахсни, унинг филиалларини ёки ваколатхоналарини ёки жисмоний шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш асосида ҳақиқатда ҳозир бўлса, харидор республикада фаолиятни амалга оширади.
Агар хизматлар харидори давлат рўйхатидан ўтказилмаган тақдирда, унинг Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиши қуйидагилар асосида белгиланади:
- юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой;
- уни бошқариш жойи;
- унинг доимий муассасаси жойлашган ер -агар хизматлар ушбу ДМ орқали олинган бўлса;
- жисмоний шахснинг яшаш жойи.
Айрим хизмат турлари учун реализация қилиш жойи умумий қоида бўйича эмас, балки СКнинг 241-моддаси 3-қисми 1-10-бандларида кўрсатилган қоидалар бўйича белгиланади.
Масалан, хизматлар Ўзбекистон ҳудудида турган кўчмас мол-мулк билан бевосита боғлиқ бўлса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Хусусан, бу:
- қурилиш, монтаж қилиш, қурилиш-монтаж хизматлари;
- архитектура лойиҳасини ишлаб чиқиш, қурилиш фаолиятини тайёрлаш ва мувофиқлаштириш, архитектура ва қурилиш фаолияти устидан муаллифлик ва техник назорат билан боғлиқ бўлган хизматлар;
- кўчмас мол-мулкка доир ишга тушириш-созлаш, таъмирлаш, реставрация қилиш ишлари, кўкаламзорлаштириш ишлари;
- кўчмас мол-мулкни ижарага бериш .
Сиз кўрсатадиган хизматлар СКнинг 241-моддаси 3-қисмида келтирилган рўйхатда кўрсатилганлигини текширинг. Агар – кўрсатилган бўлса, хизматларни реализация қилиш жойини ушбу қоидалар бўйича белгиланг.
Агар хизматлар рўйхатда тақдим этилмаган бўлса, уларни реализация қилиш жойини умумий қоида бўйича, яъни - харидор фаолиятни амалга оширадиган ёки турган жой бўйича белгиланг.
Агар хизматлар кўрсатиш асосий хизматларни реализация қилишга нисбатан ёрдамчи хусусиятга эга бўлса, уларни реализация қилиш жойи деб асосий хизматлар реализация қилинган жой эътироф этилади .
2. ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси
Қуйидаги хизматларни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси бўйича солиқ солинади:
Ўзбекистонинг божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш бўйича – қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистоннинг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш шарти билан. Бироқ қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштирилса, уларга 15% ставка бўйича солиқ солинади ;
СКнинг 263-моддасида келтирилган халқаро ташишлар билан боғлиқ йўловчиларни, почтани ва багажни ташиш бўйича.
Агар сиз қуйидаги хизматларни реализация қилиш бўйича айланмани амалга оширсангиз, ҚҚСни умумбелгиланган тартибда тўланг:
- чет эл дипломатик ваколатхоналарининг ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг расмий фойдаланиши учун, шунингдек ушбу ваколатхоналар дипломатик ва маъмурий-техник ходимларининг, шу жумладан улар билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун;
- маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида товарларни (хизматларни) сотиб олаётган солиқ тўловчилар томонидан, агар битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса.
Ушбу тоифалардаги истеъмолчилар бўйича уларнинг аризаларига биноан тўланган солиқни қоплаш (қайтариш) йўли билан ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллашнинг алоҳида тартиби назарда тутилган .
3. Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бепул хизматлар кўрсатиш
Бепул хизматлар кўрсатиш, башарти қуйидаги шартлардан бирига риоя қилинган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб эътироф этилади:
- даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
- шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
- қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса .
Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бепул хизматлар кўрсатишга мисол тариқасида потенциал мижозлар учун кенг хабардор қилиш юзасидан реклама мақсадларида кўрсатилган хизматларни келтириш мумкин.
4. ҚҚСдан озод этиладиган хизматларни реализация қилиш бўйича айланмалар
Қуйидаги хизматлар бўйича айланма ҚҚСдан озод этилади:
- СКнинг 243-моддасида кўрсатилган хизматлар, солиқ тўловчида тегишли лицензиялар ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, агар улар қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб этилса;
- СКнинг 244-моддасида кўрсатилган молиявий хизматларни;
- СКнинг 245-моддасида кўрсатилган суғурта хизматларини.
Мисол учун, ХМИнинг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан олинадиган хизматларни реализация қилиш бўйича айланма, агар қарз шартномасида уларни солиқдан озод этиш назарда тутилган бўлса, ҚҚСдан озод этилади .
Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун ҚҚС бўйича имтиёзларни назарда тутиши мумкин.
5. ҚҚСни ҳисобга олиш
Агар ҚҚС солинадиган ўз хизматларингизни кўрсатиш учун сиз бошқа етказиб берувчиларнинг товарлари ва хизматларидан фойдалансангиз, уларнинг ҳисобварақ-фактураларида кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишингиз мумкин. Бу ноль даражали ҚҚС солинадиган айланмага ҳам татбиқ этилади .
Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва Ўзбекистоннинг юридик шахслари ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Ҳисобга олиш мақсадида бундай хизматларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади.
Агар сизда товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган айланмалар мавжуд бўлса, солиқ солинадиган айланмага тўғри келадиган солиқ суммасини ҳисобга олиш учун қабул қилинг.
Ҳисобга ўтказилиши лозим бўлган солиқ суммасини алоҳида-алоҳида усулда ва (ёки) мутаносиб усулда аниқланг .
Танланган усулни солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида мустаҳкамланг .
II. Фойда солиғи
Хизматларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага 0% ставка бўйича фойда солиғи солинади, агар:
- товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар жами даромаднинг 15%дан кўпроғини ташкил этса;
- чет эл валютасида тўлов хизматлар кўрсатилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушган тақдирда .
Агар сизда 0% даражали ставка ва бошқа ставкалар бўйича солиқ солинадиган айланмалар мавжуд бўлса, даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини қуйидаги усуллардан бири ёрдамида юритинг:
Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартибини солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида акс эттиринг .
Хизматлар экспортидан олинадиган фойдани бошқа фаолиятдан олинадиган фойдадан алоҳида аниқланг.
III. Айланмадан олинадиган солиқ
Хизматларни экспорт қилишдан олинган даромадлар, агар улар жами даромаднинг 15%идан кўпроғини ташкил этса, айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида жами даромаддан чегирилади .