Полезное для бухгалтера в декабре:
Муддатни кечиктириш даврида кредитлар бўйича фоизлар ҳисобланадими?
Банкларнинг қарз олувчилари уларга 2020 йил 1 октябрга қадар тақдим этилган “кредит таътиллари”дан норози бўлиб қолишди. Эълон қилинган муддатни кечиктириш давомида банклар қарз суммасига фоизлар ҳисоблашда давом этишди. Натижада қарз суммаси ушбу даврда ўсди. Бу қонунийми?
Buxgalter.uz мазкур масала бўйича МБнинг ижро этувчи аппарати раҳбари Олимжон ЭРНАЗАРОВдан тушунтириш олди:
- Коронавирус инфекцияси тарқалишининг банк тизимининг барқарор фаолият кўрсатишига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида кредит ташкилотларига 2020 йил 1 октябрга қадар:
- молиявий қийинчиликларга дуч келган қарз олувчиларнинг кредит қарзларини кечиктириш;
- қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ҳисобламаслик ва ундирув чоралари қўлламаслик;
- карантин режими амалга киритилиши муносабати билан шартлари қайта кўриб чиқилган кредитлар сифатини таснифлашни ўзгартирмаслик ҳуқуқи берилди.
Бинобарин, бу муддатни кечиктириш тақдим этилган даврда кредит бўйича фоизлар ҳисобланмаслигини англатмайди.
Муддатни кечиктириш даврида кредит ресурсларидан фойдаланганлик учун кредит бўйича фоизлар ҳисоблаш давом этади. Ва – томонлар келишувига биноан кредит тўловларнинг сўнгги муддатларини узайтиришни инобатга олган ҳолда – қисмлар бўйича тўланади.
Шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган умумий асосларда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг асосланган мурожаатлари асосида банклар 2020 йил 1 октябрдан кейин қарз олувчиларнинг кредит қарзлари тўловлари бўйича муддатни кечиктиришни тақдим этишлари мумкин.
“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 62-моддасига асосан кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.
Президентнинг 12.05.2020 йилдаги
“2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПФ-5992-сон Фармонига асосан вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан банкларнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Шу жумладан - кредит портфели ва банк активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш фаолиятига”.
Тушунтиришнинг аслини бу ерда кўриб чиқиш мумкин.
Шунингдек, Марказий банк вакиллари АОКА брифингларида кредитлар бўйича муддатни кечиктиришни тақдим этиш шартларини, шу жумладан – фоизлар ҳисоблаш билан боғлиқ жиҳатларни тушунтиришган:
- кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисоблаш ҳатто кредитни сўндириш муддатини кечиктириш даврида ҳам илгаригидек тарзда давом эттирилади. Барча фоизлар мазкур давр тугагач тўланиши керак.
- Марказий банк томонидан тижорат банкларига аҳоли ва корхоналарнинг пул оқимлари фоиз тўловларини қопламаган тақдирда фоизлар тўлаш муддатини кечиктириш тўғрисида тавсиялар берилган. Бироқ бу 6 ой ўтгач (2020 йил 1 октябрь) сиз имтиёзли даврда жамғарилган фоизларни тўлашингиз шартлигини англатмайди. Яъни имтиёзли давр даврида ҳисобланган фоизлар бўйича тўловлар тўловнинг якуний шартлари узайтирилишини инобатга олган ҳолда қолган тўлов графиги даврига тенг равишда тақсимланади (манба).