Сизни “йирик солиқ тўловчилар” жумласига қанчалик қонуний киритишди

preview

Солиқ органлари навбатдаги марта йирик солиқ тўловчилар жумласига кирадиган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини тўлдирди. ДСҚ ҳузуридаги Ҳудудлараро инспекциянинг хабарномасини олган хўжалик юритувчи субъектларда шубҳа туғилмоқда: қабул қилинган қарор қонунийми, ахир календарь йил якунланмадику? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди.

- Менинг тажрибамга кўра, тадбиркорлар бундай хабарномани кўриб, норози бўлишади, сабаби “йирик солиқ тўловчи” ва “кичик тадбиркорлик субъекти” тушунчаларини чалкаштиришади. Бироқ бу – турли хусусиятлар билан белгиланадиган иккита тушунчадир. Кичик тадбиркорлик субъекти йирик солиқ тўловчи бўлиши мумкин.

Солиқ органининг бундай қарори қанчалик қонунийлиги борасида хабарномани олган ҳар бир солиқ тўловчи ўзи жавоб бериши мумкин. Ўз фаолиятингизнинг молиявий натижаларига қаранг. Агар айланма 2019 йил августдан 2020 йил августга қадар (у ҳам киради) 100,0 млрд сўмдан ошган бўлса, солиқ органларининг ҳаракати – қонуний. Бу Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомнинг 4-банди “д” кичик бандида белгиланган нормага мувофиқ келади.

Хўжалик юритувчи субъектни йирик солиқ тўловчилар жумласига киритиш учун солиқчиларга ҚҚС бўйича ҳисоботларни кўриб чиқиш етарли бўлади.

Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади :

а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;

б) тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;

в) "Навоий КМК" ДК, "Олмалиқ КМК" АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;

г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;

д) маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100,0 млрд сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар;

е) углеводород ҳом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, бундан автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари мустасно;

ж) Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.

Кичик тадбиркорлик субъектлари жумласига киритиш эса "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун  ва 24.08.2016 йилдаги 275-сон ВМҚ билан тасдиқланган Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар таснифлагичи асосида амалга оширилади. Бу ерда асосий мезон – фаолият тури ва ходимлар сони.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Солиқ тўловчининг кабинети Солиқ тўловчининг кабинети Солиқ тўловчининг кабинети /ru/publish/doc/text163926_sizni_yirik_soliq_tulovchilar_jumlasiga_qanchalik_qonuniy_kiritishdi