Таътиллар жадвалига “муддатли” шартларда ишловчи ходимларни қўшиш лозимми?

preview

- Режали текширишда бизга таътиллар жадвали мавжуд эмаслиги юзасидан танбеҳ беришди. Бизнинг компаниямиз кичик, 10 нафар ходим ишлайди, уларнинг баъзилари – “муддатлилар”. Бундай жадвални тузиш мажбурийми? Унга атиги 6 ойга ишга қабул қилинганларни ҳам киритиш лозимми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан ўқувчимиз саволига “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

- МКнинг 144-моддасига мурожаат қиламиз. Унда йиллик таътилларни бериш навбати жадвалга мувофиқ белгиланиши айтилган. Бунда қонунчилик ташкилот ходимларининг сони ёки унинг мулкчилик шаклига боғлиқ ҳолда ҳеч қандай истисно қилмайди. Таътиллар жадвали – бу бевосита Меҳнат кодексида назарда тутилган локал норматив ҳужжат бўлиб, у мажбурий тартибда ҳар бир корхонада бўлиши керак. Сиз микрофирма ёки саноат “гиганти”, хусусий компания ёки давлат ташкилоти бўласизми – марҳамат қилиб келаси календарь йил учун ўз ходимларингизнинг дам олишини режалаштириб қўйинг.

Ташкилотда таътиллар жадвалининг мавжуд эмаслиги – бу меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳисобланади, бунинг учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган . Шунингдек, уни ўз вақтида ва тўғри расмийлаштириш ҳам муҳим. МКнинг 144-моддаси ҳужжатни календарь йил бошлангунга қадар касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлаш мажбуриятини юклайди. Жадвал, қоидага кўра, йил якунига яқин тузилади. Агар уни келаси йилнинг январида тасдиқлашган бўлса ва  ходимларнинг вакиллик органи билан келишилмаган бўлса – буни ҳуқуқбузарлик деб ҳисоблашлари мумкин.

Таътиллар жадвали қуйидагилар учун зарур:

  • ходимларнинг йиллик таътилга чиқиш навбатини белгилаш;
  • олдиндан (камида 2 ҳафта олдин) ходимни таътил вақти ҳақида хабардор қилиш;
  • унга олдиндан ўрнини босувчини топиш;
  • фойдаланилмаган таътил кунларининг йиғилиб қолишига йўл қўймаслик. Бунинг учун кейинги йил учун таътиллар жадвалини тузишдан олдин  улардан жорий йилда фойдаланилиши таҳлил қилинади ва фойдаланилмаган таътилларни келаси йилда тақдим этиш тартиби белгиланади;
  • таътилларни ходимлар орасида корхонанинг меъёрдаги иш жараёнини бузмайдиган тарзда тақсимлаш;
  • таътил учун ҳақ тўлаш. Таътил учун ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномасида белгиланади ва таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечиктирилмаслиги лозим .

Таътилларни тақдим этиш навбати, қоидага кўра, ташкилот фаолиятининг хусусиятларига боғлиқ, шу боис жадвал тузишнинг ягона варианти мавжуд эмас. Ҳар бир ташкилот ким ва қачон таътилга чиқиши масаласини ҳал қилган ҳолда ўз ходимларининг манфаатлари ва улар бажарадиган вазифалар хусусиятига эътибор қаратади.

Масалан, мавсумий тусдаги ишларга эга компаниялар, таълим муассасалари ўзининг аксарият ходимларига уларга жуда зарурат бўлмаган муайян вақт даврида бир вақтда таътил беришлари мумкин.

Ходимларни таътиллар жадвали билан таништириш зарурми

Меҳнат кодекси буни тўғридан-тўғри назарда тутмайди. Фақат МКнинг 144-моддаси 2-қисмида таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак дейилган. Бироқ барибир ходимларни жадвал билан тилхат олиб таништириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз, сабаби – бу ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тўғридан-тўғри дахл қилувчи ташкилотнинг локал ҳужжати.

Тасдиқланган таътиллар жадвали тўғрисидаги ахборотни ходимларнинг эътиборига қай тарзда етказиш – бутунлай сизниг ихтиёрингизда. Мисол учун, ходим жадвалнинг ўзида – бунинг учун махсус ажратилган графада имзо қўйиши мумкин. Шунингдек, ходимнинг имзоси таътиллар жадвали билан таништириш варағида, компаниянинг локал норматив ҳужжатлари билан таништириш журнали ва ҳ.к.да туриши мумкин. Бошқача айтганда, хабардор қилишнинг қандай шаклини танламанг, асосийси – таништириш далилини тасдиқлаш.

“Муддатлилар”ни  таътиллар жадвалига қўшиш керакми

Муддатли меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ходимлар номуайян муддатга қабул қилинган ходимлар эга бўлган худди шу ҳуқуқ ва кафолатларга эгадирлар. Шу боис уларга таътил тақдим этиш – иш берувчининг тўғридан-тўғри мажбурияти. Бироқ меҳнат шартномалари жуда қисқа муддатга, масалан, 6 ой ёки ҳатто ундан кам муддатга тузилиши мумкин. Меҳнат кодексида фақатгина муддатли шартнома амал қилишининг энг кўп муддати – 5 йил белгиланган, унинг қуйи чегараси – белгиланмаган.

МКнинг 143-моддасига асосан йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун меҳнат шартномаси бўйича 6 ой ишлангандан кейин берилади. Шу боис жадвалга 6 ой ва ундан кам муддатга қабул қилинган ходимларни қўшиш зарур эмас, деб фикрлаш мантиқан тўғри.

Шу билан бирга, локал ҳужжатлар ва меҳнат шартномасида ходим учун қонун ҳужжатларига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари ўрнатилиши мумкин. Хусусан, ходим биринчи иш йили учун 6 ой ишлангунга қадар таътил олиш ҳуқуқини қўлга киритган ҳолларни корхона уларда мустаҳкамлаб қўйиши мумкин (масалан, уларда “иш билан бандлик” муайян календарь даври ва ҳ.к.га боғлиқ компанияларда). Шунингдек, бундай ҳуқуқни меҳнат шартномасига киритган ҳолда ишга қабул қилишда ёки кейинчалик келишиб олиш мумкин.

Шу  тариқа, агар локал ҳужжатда ёки меҳнат шартномасида ярим йилга қабул қилинган “муддатлига”  6 ой ўтгунга қадар таътил тақдим этиш мавжуд бўлса – уни албатта таътиллар жадвалига қўшинг. Агар бундай шарт бўлмаса, ходимни жадвалга қўшмаса бўлади, сабаби иш тугагунга қадар у ҳали таътил олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бироқ шуни ёдда тутингки, меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида сиз фойдаланилмаган таътил учун ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда компенсация тўлаб беришингиз керак бўлади.

Шунингдек, ёдда тутинг, меҳнат шартномаси муддати ўзгартирилиши мумкин ва ходим 6 ой ишлагандан кейин таътил олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу боис агар сиз вақтинчалик ходимни таътил саналарини кўрсатмаган ҳолда жадвалга ёзиб қўйсангиз, хато бўлмайди. Сиз саналарини кейинроқ, тарафлар таътил бериш тўғрисида келишиб олишган тақдирда киритиб қўйишингиз мумкин бўлади. Ходимнинг фамилияси ёнида изоҳ белгисини қўйиш, изоҳнинг ўзида эса – меҳнат шартномасининг амал қилишини кўрсатиш ва меҳнат шартномаси муддати ўзгартирилган тақдирда таътил вақти режалаштирилиши ҳақида ёзиб қўйиш мумкин.

Бундан ташқари, қонун тўғридан-тўғри 6 ой ўтмасдан олдин таътил олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган ходимлар тоифасини ҳам унутманг :

  • аёлларга - ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;
  • I ва II гуруҳ ногиронларига;
  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;
  • ўриндошлик асосида ишлаётганларга - асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга - агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;
  • МКнинг 100-моддаси 2-қисмининг 1-бандига биноан ишдан озод этилган ходимларга;
  • мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади.

Таътил вақти Таътил вақти Таътил вақти /ru/publish/doc/text163960_tatillar_jadvaliga_muddatli_shartlarda_ishlovchi_hodimlarni_qushish_lozimmi