Хизмат кўрсатиш бўйича қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади

preview

Кўрсатилган хизматлар учун тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳисоб-китоб қандай тўғри расмийлаштирилади? Бунда ҚҚСни мажбурий кўрсатиш лозимми? Агар мажбурий ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни қандайдир сабабларга кўра чўзилиб кетган бўлса, нима қилиш зарур?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга ДСҚ ҚҚС маъмурчилиги бошқармаси катта инспектори Фурқат ҚЎШЧОНОВ жавоб берди:

- Дастлаб хизмат кўрсатиш бўйича шартноманинг ижро этилиши далили бўйича расмийлаштирилиши керак бўлган бошланғич ҳужжатларни кўриб чиқамиз. Тажрибали бухгалтерлар доим бажарилган ишлар далолатномасини ҳам, ҳисобварақ-фактурани ҳам расмийлаштиришади, гарчи расмийлаштириш учун фақат ҳисобварақ-фактура мажбурий ҳисобланади.

Бажарилган ишлар далолатномаси

Бажарилган ишлар далолатномаси контрагентлар томонидан тузилган шартнома бўйича хизмат ҳақиқатда кўрсатилганлиги ва буюртмачи унинг сифатидан қаноатланганлигини тасдиқлайди. Бундай ҳужжатни расмийлаштириш ёки расмийлаштирмасликни – битимнинг тарафлари ҳал қилади. Агар бу мажбурий деган қарорга келишган бўлса – буни шартномада алоҳида банд билан ёзиб қўйишади. Бундай ҳужжатнинг расмийлаштирилиши – иккала тарафнинг манфаатида.

Бажарилган ишлар далолатномаси учун белгиланган шакл мавжуд эмас, ҳужжатнинг мазмуни ҳам тарафларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланади. Асосийси, унда ким кимга қандай ҳажмда ва қандай шартнома асосида хизмат кўрсатгани  тушунарли бўлсин.

Шуни эътиборга олиш лозимки, ФКнинг 646-моддаси 2-қисмига асосан ишни қабул қилиш вақтида унинг камчиликларини аниқлаган буюртмачи бу камчиликлар ёхуд уларни тузатиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйиш мумкинлиги далолатнома ёки қабул қилишни тасдиқловчи бошқа ҳужжатда кўрсатилган ҳоллардагина уларни важ қилиб келтиришга ҳақли.

Одатда ҳужжатни сотувчи ва сотиб олувчининг ваколатли шахслари имзолашади ва тасдиқлашади. У қоғоз шаклда ҳам, ЭҲФ тизимида ҳам (электрон ҳужжат айланиши) расмийлаштирилиши мумкин.

Ҳисобварақ-фактура

Ҳисобварақ-фактуралар билан вазият бошқача. СКнинг 47-моддасига асосан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар товарларни ва хизматларни сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт. Сотиб олувчига касса чеки ёки белгиланган шаклдаги бошқа ҳужжат берилган ҳоллар истисно ҳисобланади. Бундай ҳужжатлар Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 3-бандида кўрсатилган. Бироқ буларнинг барчаси – биз кўриб чиқаётган масалага боғлиқ бўлмаган вазиятлардир. Бинобарин, икки томонлама ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ҳар доим мажбурийдир.

СКнинг 47-моддаси ва 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга  мувофиқ Ҳисобварақ-фактура белгиланган шаклга эга ва қоида тариқасида, электрон шаклда расмийлаштирилади. Агар бажарувчи (сотувчи) – ҚҚС тўловчиси бўлса, унда ЭҲФ шаклида ҚҚС ставкаси ва суммасини кўрсатиш учун автоматик тарзда графа пайдо бўлади. У ушбу графаларни тўлдириши шарт.

Ҳисобварақ-фактура хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади .

Истисно:

1. Хизматлар юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг (харидорнинг) талабига кўра хизматлар реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар хизматлар амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилиши шарт .

2. Коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, шунингдек, хизматлар доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда хизматлар кўрсатилганда ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади. Бунда, ҳисобварақ-фактура хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар, хизматлар реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади .

3. Узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади. Узоқ муддатли шартноманинг календарь ойнинг охирида ҳақиқатда бажарилганлиги ҳисобот даврида қилинган харажатлар суммасининг шартномани бажариш учун кетадиган жами харажатлар умумий суммасидаги солиштирма миқдорини ҳисоб-китоб қилиш асосида белгиланади. Календарь ойнинг охиридаги даромад шартнома бўйича қилинган харажатларнинг ҳисобланган солиштирма миқдори ва жами даромад суммасининг (шартнома баҳосининг) ҳосиласи сифатида аниқланади. Бунда, ҳисобварақ-фактура хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг10 кунига қадар, хизматлар реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади .

Буюртмачи ҳисобварақ-фактурани тақдим этилган кундан эътиборан 10 кун ичида тасдиқлаши ёки сабабини кўрсатган ҳолда рад этиши шарт.

ҚҚС тўловчиси бўлган хизматлар буюртмачисида (харидорида) ҳисобварақ-фактура тасдиқлангандан кейин ҳисобга олиш ҳуқуқи юзага бўлади. У ушбу имкониятдан фойдаланиши ёки уни рад этиши мумкин.

Якунда қандайдир сабабларга кўра ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш чўзилиб кетган вазиятни кўриб чиқамиз. Ҳар қандай ҳолатда уни расмийлаштириш лозим. Бунда агар ҳисобварақ-фактура хизмат кўрсатилган ҳисобот давридан кейинги ҳисобот даврида расмийлаштирилса, тарафлар ҳисоб-китобларни қайта топширишлари зарур бўлади.

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /ru/publish/doc/text163974_hizmat_kursatish_buyicha_qanday_hujjatlar_rasmiylashtiriladi