“Муддатли” шартда ишловчи ходимни “касаллик таътилида” ишдан бўшатиш мумкинми

preview

Муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш хусусияти шундан иборатки, унинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг тарафларнинг ҳар қайсиси – ходим ёки иш берувчи – иккинчи тарафнинг хоҳиш-истагидан қатъи назар меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишга ҳақли. Бунда ходим ҳам, иш берувчи ҳам бўлғуси ишдан бўшаш ҳақида огоҳлантириши шарт эмас.

“Муддатлиларни” ишдан бўшатиш тартиб-таомилининг хусусиятлари ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди:

- Қонун фақат иш берувчининг ташаббусига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ходимни бўлғуси ишдан бўшатиш ҳақида олдиндан огоҳлантириш мажбуриятини юклайди . Меҳнат шартномаси муддатининг тугаши эса – меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш учун мустақил асос.

Иш берувчи меҳнат шартномасини МКнинг 105-моддасига биноан меҳнат шартномаси муддати тугаган кундан эътиборан 1 ҳафта ичида бекор қилишга ҳақли .  Ушбу муддатда фақатгина меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш ва у билан ходимни таништириш зарур.

Мисол учун, меҳнат шартномасининг муддати – “10 сентябрга қадар”. Тарафлар меҳнатга оид муносабатларни 10 дан 17 сентябрга қадар (17 сентябрь ҳам киради) бекор қилишга ҳақлидирлар. Ёки, фараз қилайлик, меҳнат шартномаси 2019 йил 22 октябрда – 1 йилга тузилган. Бинобарин, унинг тугаш санаси – 2020 йил 22 октябрь. Меҳнатга оид муносабатларни 2020 йил 29 октябрга қадар (29 октябрь ҳам киради) бекор қилиш мумкин.

Ушбу қоида ходим муайян ишни бажариш вақтида қабул қилинганда ҳам амал қилади. Мазкур ҳолда бир ҳафталик муддатнинг ўтиши тарафлар томонидан иш натижаларини топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан эътиборан бошланади.

Фараз қилайлик, 2020 йил 8 сентябрда ходимни веб-сайт ишлаб чиқиши учун дастурлаш бўлимига қабул қилишди. Иш 2020 йил 20 октябрда тугалланди, тарафлар бажарилган ишлар далолатномасини 21 октябрда имзолашди. Меҳнат шартномасини 28 октябрдан кечиктирмай бекор қилиш зарур.

Бу муҳим!
Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, саккизинчи куни меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади. Ходимни фақат бошқа асосларга биноан ишдан бўшатиш мумкин бўлади.

Муддатли меҳнат шартномасини ҳатто ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ёки у таътилда бўлганда ҳам бекор қилиш мумкин. Бундай даврларда ишдан бўшатишга тақиқ яна МКнинг 100-моддасига биноан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга нисбатан амал қилади, корхонани тўлиқ тугатиш ҳоллари бундан мустасно .

Лекин бундай  ҳолда ходимни ишдан бўшатиш қандай расмийлаштирилади? Ахир МКнинг 108-моддасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Агар ходим муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш кунида ишда бўлмаса, буйруқни почта орқали буюртма хат билан “хабарнома билан” ва кадрлар бўлимига меҳнат дафтарчасини олиш учун (агар у қоғоз шаклда мавжуд бўлса) ва бухгалтерияга – ҳисоб-китоб учун келишни сўраб почта билдиришномасини жўнатинг. Меҳнат дафтарчасини етказиб бериш билан жўнатишга фақат ходимнинг розилиги (ёзма равишда бўлгани маъқул) билан йўл қўйилади. Бундан ташқари ходимга телефон орқали у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини хабар қилишингизни маслаҳат берамиз.

“Касаллик варақаси” учун тўлиқ ҳақ тўлашга тўғри келади

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга асосан ходимга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда, синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб, пайдо бўлса берилади.

Шу боис агар ишдан бўшатилаётган “муддатли” “касаллик таътилида”  бўлса ёки ҳатто ишдан бўшатилиш куни касаллик варақасини очтирган бўлса, иш берувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигига қарамай, у касал бўлган барча вақт учун нафақа олиш ҳуқуқига эга.

Мисол учун, меҳнат шартномасининг тугаш муддати – 20 октябрь. 19 октябрда ходим бетоб бўлиб қолди ва 5 кунга – 23 октябрга қадар (23 октябрь ҳам киради) касаллик варақаси очтирди. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнат шартномаси 20 октябрда бекор қилинганига қарамай, касалликнинг бутун даври учун, 19  дан 23 октябрга  қадар тўланиши зарур.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /ru/publish/doc/text164177_muddatli_shartda_ishlovchi_hodimni_kasallik_tatilida_ishdan_bushatish_mumkinmi