Полезное для бухгалтера в декабре:
Қачон тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкин эмас
ФҲХ шартнома бўйича ишлаётган ходим билан бундай шартнома тузиш мумкинми? Агар, масалан, кассир ишга қабул қилинган бўлса, лекин бундай шартномани имзолашни хоҳламаса, нима қилиш зарур? Уни шу асосда ишдан бўшатиш мумкинми? Агар корхонада касаба уюшмаси қўмитаси мавжуд бўлмаса ёки жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартномалар тузиш мумкинми?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга «Норма»нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
- Бундай шартномаларни қуйидаги ходимлар билан тузиш мумкин:
- биринчидан, 18 ёшга тўлган;
- иккинчидан, бевосита ташкилотнинг пул ва товар қимматликлари билан муомала қилади;
- учинчидан, шунга ўхшаш шартномалар тузилишига йўл қўйиладиган лавозимлар (ишлар) рўйхати остига тушадиган.
Ёзма равишда тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкин бўлган лавозимлар ва ишлар рўйхатини корхонанинг жамоа шартномасида белгиланг, агар у тузилмаган бўлса - иш берувчининг касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи (масалан, меҳнат жамоаси кенгаши билан) билан келишилган буйруғи билан тасдиқланг .
Сиз ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузишингиз мумкин эмас (тузилган шартномалар ҳақиқий бўлмайди), башарти:
- тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузилиши мумкин бўлган ходимларнинг тоифалари рўйхати сизнинг жамоа шартномангизда мавжуд бўлмаса;
- ташкилотда жамоа шартномаси тузилмаган ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи мавжуд бўлмаса.
- Ходим ишга қабул қилинганидан кейин моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани тузишни рад этмоқда. Уни шу асосда ишдан бўшатиш мумкинми?
- Агар иш бевосита пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш билан боғлиқ бўлса, ходим кейинчалик моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузишни рад этишга ҳақли эмасдир. Рад этилган тақдирда меҳнат шартномасини меҳнат вазифаларини бузганлик учун бекор қилиш мумкин .
Тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузилиши мумкин бўлган лавозимлар ва ишларнинг тахминий рўйхатини бу ерда кўриш мумкин.
Тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартномани ёки дарҳол ишга қабул қилиш пайтида ёхуд кейинчалик, бундай зарурат юзага келганда тузинг . Намунага қаранг.
- Бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкинми?
- Бухгалтерлар моддий жавобгар шахс ҳисобланиши мумкин эмас. Қоидага кўра, улар тўғридан-тўғри пуллар ёки товарлар билан ишлашмайди. Бироқ бухгалтерга касса операцияларини юритишни, масалан, кассир вақтинча бўлмаганда ёки кассир штат бирлиги мавжуд бўлмаганда юклаш мумкин. Бу ҳолларда ташкилот бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузишга ҳақли. Бироқ бухгалтер лавозими бўйича эмас, балки фақат кассир лавозими бўйича мажбуриятларни бажарган ҳолда келтирган зарар учун тўлиқ жавобгар бўлади.
- Ташкилотга тегишли автомобиль ҳайдовчиси билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкинми?
- Ўйлайманки, мумкин эмас.
Масалан, ҳайдовчига юкни кузатиб борувчи экспедитор функциялари юклатилган тақдирда, у билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузинг.
Шу билан бирга, агар ҳайдовчи ЙТҲ содир этилишида айбдор деб топилса, ташкилотга етказилган моддий зарарни у – моддий жавобгарлик шартномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, тўлиқ қоплаши керак .
- Фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома асосида ишлаётган ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкинми?
- Йўқ, мумкин эмас.
Меҳнат қонунчилигининг моддий жавобгарлик тўғрисидаги қоидалари фақат меҳнатга оид муносабатларга татбиқ этилади. ФҲХ шартнома асосида ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) фуқаролик қонунчилиги нормалари билан тартибга солинади.
ФҲХ шартнома бўйича ходим келтирилган зарарни у билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномага мувофиқ қоплайди. Бунинг учун қўшимча шартнома тузиш шарт эмас.