Ответы на ваши вопросы есть в Buxgalter Pro:
Агар солиқ тўловчи солиқ қарзини сўндирмаса, солиқ органлари уни мажбурий ундирадилар. Қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлаш муддатларини бузганлик учун солиқ тўловчи пеня ҳам тўлайди. Пеня ҳисоб-китоби тартиби ва унга тегишли преференциялар ҳақида buxgalter.uz учун “Норма” эксперти Дилором САИДОВА сўзлаб берди:
- Солиқ тўлаш мажбуриятига эга бўлган солиқ тўловчи уни тўлашга доир тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка, ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари бор-йўқлигидан қатъи назар, ушбу белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан тақдим этиши шарт СК 115-м. 1-қ..
Агар солиқ тўловчи белгиланган муддатда солиқ қарзини сўндирмаса, солиқ органи уни ундириш чораларини кўриши шарт:
- солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин 3 кундан кечиктирмай солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборади СК 115-м. 2-қ.;
- агар солиқ тўловчи солиқни тўлаш учун тўлов топшириқномасини мустақил равишда юбормаган бўлса, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини (жумладан корпоратив карталардаги маблағларни) солиқни тўлаш учун белгиланган муддат тугагач 3 иш кунидан кечиктирмай ундиради СК 121-м. 1,6-қ.;
- агар қарз ихтиёрий равишда ёки банклардаги ҳисобварақлардаги маблағлар ҳисобидан сўндирилмаса, қарзни солиқ тўловчининг бошқа мол-мулки, шу жумладан нақд пул маблағлари ҳисобидан ундиради СК 123-м..
Шунингдек, солиқ қонунчилиги билан белгиланган солиқларни тўлаш муддати бузилган тақдирда пеня ҳисобланади СК 110-м..
Қандай ҳисоблаб чиқарилади?
2020 йилдан бошлаб пенянинг ставкаси МБнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва унинг 1/300 қисмига тенг СК 110-м. 11-қ..
2020 йилда ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня ставкаси қуйидагиларни ташкил этган:
- 01.01.2020 йилдан 14.04.2020 йилга қадар – 0,053% (16% х 1/300);
- 15.04.2020 йилдан – 0,05% (15% х 1/300);
- 11.09.2020 йилдан – 0,047% (14% х 1/300).
Имтиёз
Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун давлат уларга имтиёзлар ва преференциялар тақдим этди, шу жумладан – пеня ҳисоблаш ва тўлаш бўйича:
- кичик тадбиркорлик субъектларига 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммалари ҳисобдан чиқарилди 18.05.2020 й. ПФ-5996-сон 2-б.;
- микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 31 декабргача тўхтатилган 18.05.2020 й. ПФ-5996-сон 5-б. 20.07.2020 й. ПФ-6029-сон 7-б..