Полезное для бухгалтера в ноябре:
Қайта баҳолаш ва амортизация - 2021 йилдаги ўзгартиришлар
2021 йил 1 январдан бошлаб асосий воситаларни мажбурий қайта баҳолаш бекор қилинди. Бу фойда солиғига қандай таъсир қилишини buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ тушунтирди:
– 2021 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий фондларни мажбурий қайта баҳолаш бекор қилинган .
30.12.2020 йилдаги ЎРҚ-659-сон Қонун билан СКнинг 306-моддасига ўзгартиришлар киритилган, уларга асосан 1 январдан бошлаб:
- амортизация харажатлари солиқ солиш мақсадларида асосий воситаларнинг қайта баҳолашни ҳисобга олмаган бошланғич қийматидан аниқланади;
- 2020 йил якуни ҳолати бўйича балансда бўлган асосий воситалар учун фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоби мақсадида бошланғич қиймат АВнинг 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича балансда акс этган қиймати ҳисобланади. У илгари - 2021 йил 1 январга қадар ўтказилган қайта баҳолашлар натижаларини ўз ичига олиши мумкин;
- 2021 йил 1 январдан кейин балансга қабул қилинган АВ учун - улар балансда акс эттирилган санада шакллантирилган бошланғич қиймат;
- 2021 йил 1 январдан кейин қайта баҳолаш ўтказилганда унинг натижаси солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашда ҳисобга олинмайди;
- амортизацияланадиган активларнинг бошланғич қиймати бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ капитал қўйилмалар амалга оширилган тақдирда ўзгаради.
Қайта баҳолаш
Мажбурий қайта баҳолашнинг бекор қилиниши ташкилотлар бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ўз ҳисоб сиёсатларига мувофиқ АВни ихтиёрий (ташаббусга кўра) қайта баҳолашни ўтказишлари мумкин эмаслиги ёки ўтказмасликлари кераклигини англатмайди. 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш ёки ўтказмасликни - корхона раҳбарияти 2021 йил учун бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун ҳисоб сиёсатига мувофиқ ҳал қилади.
– 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича мажбурий қайта баҳолаш январь ойида, яъни - уни бекор қилиш тўғрисидаги норма кучга киргандан кейин ўтказилган бўлар эди. Шу боис корхона уни ўтказмасликка ҳақли.
Уни 2021 йилга бухгалтерия ҳисоби учун ҳисоб сиёсатига ўзгартириш киритадиган буйруқ билан расмийлаштиринг. Ўзгартиришлар санасини 2021 йилнинг январь ойи билан белгилашингиз мумкин. Сиз бундай қилишга ҳақлисиз, сабаби мазкур масалани тартибга соладиган қонунчилик ўзгарган .
Молиявий ҳисоботда активларнинг ҳақиқий ҳаққоний қийматини акс эттириш зарур, сабаби у инвесторларга тақдим этилади. Ҳар қандай қайта баҳолаш АВ қийматини ҳозирги бозор нархлари даражасига мослаш мақсадида ўтказилади .
Агар асосий фондларнинг балансда акс эттирилган қиймати бозор нархлари даражасига мос келмаса, корхона бухгалтерия ҳисоби учун ҳисоб сиёсатида уни ўтказишнинг даврийлиги ва мезонларини назарда тутган ҳолда ташаббусга кўра қайта баҳолашни ўтказиши мумкин .
Хулоса: мажбурий қайта баҳолаш бекор қилинганлигига қарамай, корхоналар узоқ муддатли активларни қайта баҳолашлари мумкин, агар бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида белгиланган танланган ҳисоб моделлари буни талаб этса.
Микрофирмалар ва кичик корхоналар асосий воситаларни 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича қайта баҳолаши керакми
Мажбурий қайта баҳолашни бекор қилиш уларда охирги қайта баҳолаш қайси йилда ўтказилганидан қатъи назар микрофирмалар ва кичик корхоналарга ҳам тааллуқли.
2021 йил учун ҳисоб сиёсатига АВни қайта баҳолаш қонунчилик билан бекор қилинганлиги муносабати билан уни чиқариб ташлаган ҳолда ўзгартириш киритинг.
Жорий йил учун ҳисоб сиёсати ўтган йил якунида тасдиқланган бўлиши кераклигига қарамай , сиз қонунчиликка тузатишлар қабул қилинганлиги муносабати билан унга ўзгартиришлар киритишга ҳақлисиз .
Бунда агар бу бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бўлса, сиз ихтиёрий (ташаббусга кўра) қайта баҳолашни ўтказшингиз мумкин.
Амортизация ҳисоблашда нима ўзгаради?
Ҳам миллий, ҳам халқаро ҳисоб стандартлари - улардан фойдаланиш усулларига боғлиқ ҳолда узоқ муддатли активларга амортизация ҳисоблашнинг турли усулларини назарда тутади.
Амортизация - бу фойдали хизмат муддати мобайнида активнинг амортизацияланадиган қийматини харажатларга ўтказиш.
2021 йилдан бошлаб фойда солиғи солиш мақсадларида балансда 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича акс эттирилган бошланғич қийматдан ҳисобланган амортизация харажат деб тан олинади. 2021 йил 1 январда ва ушбу санадан кейин ўтказилган кейинги ихтиёрий қайта баҳолашлар солиқ солиш мақсадларида уларнинг бошланғич қийматини ўзгартирмайди.
Сотиб олинган пайтдан бошлаб 2020 йилга қадар (2020 йил ҳам киради) амортизация бошланғич қийматдан ёки тикланиш қийматидан, агар қайта баҳолаш ўтказилган бўлса, ҳисобланган. 2021 йилдан бошлаб амортизация ҳисоблаш давом этмоқда, бироқ - балансда 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича акс эттирилган бошланғич (тикланиш) қийматидан. Бу ҳолда амортизация бўйича харажатлар бухгалтерия ва солиқ ҳисобида тўғри келади.
Агарда корхона ихтиёрий (ташаббусга кўра) қайта баҳолашни ўтказса, унинг натижалари фойда солиғи солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашда ҳисобга олинмайди. Бу амортизация бўйича харажатлар бухгалтерия ва солиқ ҳисобида фарқланишини англатади.
Ноль тугатиш қийматида солиқ солиш мақсадлари учун чегараланганларга мувофиқ нормалардан фойдаланган ҳолда амортизацияни тенг маромда ҳисоблаш мисолида қайта баҳолаш амортизация бўйича харажатларни тан олишга қандай таъсир кўрсатишини кўриб чиқамиз .
Корхона балансда тикланиш қиймати 2020 йил якуни ҳолати бўйича 100 000 минг сўм бўлган ускунага эга.
Ҳисоб сиёсатига асосан корхона 2021 йил январда ихтиёрий қайта баҳолашни ўтказди, унинг натижасида ускунанинг тикланиш қиймати 10%га ўсди ва 110 000 минг сўмни ташкил этди.
Корхона 15% норма бўйича амортизацияни тенг маромда ҳисоблаш усулини қўллайди.
2021 йилда амортизация бўйича ҳар ойлик харажатлар:
- бухгалтерия ҳисобида қийматдан келиб чиқиб қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда 110 000 х 15% : 12 = 1375 минг сўм;
- солиқ солиш мақсадларида фойда солиғи ҳисоб-китобида 100 000 х 15% : 12 = 1250 минг сўм.
125 минг сўм (1375 – 1250) миқдоридаги фарқ фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириладиган харажат ҳисобланмайди.
Солиқ тўловчи томонидан ишлаб чиқарилган товарларни реализация қилиш
2021 йилда ўзингиз ишлаб чиқарган товарларни реализация қилган ҳолда СКнинг 306-моддаси талабларига мувофиқ амортизация бўйича харажатлар қисмида уларнинг ишлаб чиқариш таннархини ҳисоблаб чиқаринг.
Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ишлаб чиқариш таннархи солиқ ҳисоби мақсадлари учун ишлаб чиқариш таннархидан фарқ қилади, башарти корхонада 2021 йил 1 январдан кейин ташаббусга кўра қайта баҳолаш ўтказилган бўлса. Ишлаб чиқариш таннархида амортизация суммаларида юзага келадиган тафовут - бу фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирилмайдиган харажат.
Агар 2021 йил 1 январга қадар ва ундан кейин ўзингиз ишлаб чиқарган товарлар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритилмаган бўлса, қуйидагилардан келиб чиқиб солиқ ҳисоби мақсадлари учун ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган АВ амортизацияси бўйича харажатларни хисоблаб чиқаринг:
- балансда 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича акс эттирилган АВнинг бошланғич (тикланиш) қийматидан;
- 2021 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган АВниг бошланғич қийматидан.
2021 йил 1 январдан кейин ташаббусга кўра АВни қайта баҳолаш натижалари солиқ солиш мақсадларида ишлаб чиқариш таннархини шакллантирадиган амортизацияни ҳисоблашда ҳисобга олинмайди.
Капитал қўйилмалар
Капитал қўйилмалар асосий воситаларнинг бошланғич қийматини ошириши мумкин. Бу - АВни қўшимча қуриш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш.
Агар уларнинг фаолият юритишининг меъёрий кўрсаткичларини (фойдали ишлатиш муддати, қуввати, қўллаш сифати) яхшиласа, улар АВнинг бошланғич қийматига киритилади .
Ўз эҳтиёжлари учун бинони қуришда қурилиш техникасидан фойдаланилади. Унинг қиймати 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича 700 млн сўмни ташкил этади.
Ҳисоб сиёсатига асосан корхона 2021 йил 1 январда ташаббусга кўра қайта баҳолашни ўтказди. Натижада қурилиш техникасининг қиймати 5%га ўсди ва 735 млн сўмни ташкил этди.
Корхона амортизацияни тенг маромда ҳисоблаш усулини ва 15% нормани қўллайди.
Бухгалтерия ва солиқ ҳисоби мақсадлари учун ҳар ойлик амортизация бўйича ажратмалар қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда қийматдан келиб чиқиб:
735 х 15% : 12 = 9,2 млн сўмни ташкил этади.
Ушбу сумма қурилаётган бинонинг капитал қўйилмаларига тўлиқ киритилади.
Реализация қилиш учун товарлар ишлаб чиқаришда фойда солиғи солиш мақсадларида уларнинг ишлаб чиқариш таннархини шакллантирувчи АВ амортизацияси 2021 йил 1 январдан кейин ўтказилган қайта баҳолаш натижаларини сақламаслиги керак.
Асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритиладиган капитал қўйилмаларни шакллантиришда бундай чекловлар мавжуд эмас. АВнинг бошланғич қийматига ўтказиладиган капитал қўйилмалар солиқ солиш мақсадларида 2021 йил 1 январдан кейин ўтказилган қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда АВ амортизацияси учун харажатларни сақлаши мумкин.
Агар айланмадан солиқ тўловчи фойда солиғи тўловчисига айланса
Амортизация бўйича харажатлар айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасига таъсир кўрсатмайди ва ушбу солиқни тўловчиларнинг бухгалтерия ҳисобида ҳисоб сиёсатида белгиланган усулларга мувофиқ акс эттирилади.
Корхона фойда солиғини тўлашга ўтган ойдан бошлаб у шу солиқни тўловчилар учун назарда тутилган СК нормаларини қўллайди. Амортизацияга харажатлар солиқ солиш мақсадларида СКнинг 306-моддасида белгиланган АВнинг бошланғич қийматидан ҳисоблаб чиқарилади:
- 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича балансда бўлган АВ учун - балансда 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича акс эттирилган бошланғич (тикланиш) қийматидан;
- 2021 йил 1 январдан кейин балансга қабул қилинган АВ учун - балансга қабул қилинган санадаги бошланғич қийматдан.
Ташаббусга кўра қайта баҳолашлар солиқ ҳисоби мақсадларида АВнинг бошланғич (тикланиш) қийматини ўзгартирмайди. Бунда бухгалтерия ҳисобида амортизация бўйича харажатлар бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик ва корхонанинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ тан олинади.