Полезное для бухгалтера в ноябре:
Контрагент туфайли хабарнома олдингизми. Қандай оқибатларни кутиш мумкин?
«Солиқчилар ҚҚСни камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилган корхоналар рўйхатига тушган ташкилотлар билан шартнома бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олмаслик ҳақидаги хабарномани юбордилар. Солиқ тўловчи ДСБга қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган тушунтириш хатини жўнатди: 1) шартнома рўйхат шакллантирилгунига қадар тузилган, 2) шартнома тузиш чоғида контрагент ДСҚ сайтидаги ҚҚС тўловчилар маълумотлар базаси бўйича текширилган. Бунга жавобан ушбу маълумотлар кўриб чиқилиши ҳақида хабарнома келган. Шу куннинг ўзидаёқ солиқ органи томонидан ҳеч қандай тушунтиришлар берилмасдан, счёти блокировка қилинган контрагент билан тузилган шартнома бўйича ҳисобга олинган сумма миқдорида қўшимча тўлов тўланиши маълум қилинган».
Айрим солиқ тўловчиларнинг таъкидлашича, уларнинг арзномалари лозим даражада кўриб чиқилмаган, барибир қўшимча тўловлар ҳисобланган. Шу муносабат билан Солиқ қўмитаси 15 февраль куни қуйидагича расмий мурожаат билан чиқди:
– «Шубҳали операцияларни (нақдлаштириш) амалга оширадиган ноинсоф солиқ тўловчилар билан молиявий операцияларни ўтказган ташкилотларда СКнинг 226-моддасига асосан ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритилган ёки бекор қилинган, сабаби ушбу сумма қалбаки битимларга асосан ҳисобга олинган. Бунда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиши айтилган.
Солиқ тўловчи томонидан битимларнинг (операцияларнинг) қонунийлиги ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек контрагентни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик билан ёндашилгани ва етказиб берувчининг битим бўйича мажбуриятларини бажара олиш қобилияти ҳисобга олинганлигини исботловчи далиллар тақдим этиладиган бўлса, ҚҚС бўйича ҳисобга олинган сумма дарҳол тикланади».
Вuxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– Солиқ кодексида солиқ тўловчилар лозим даражада эҳтиёткорлик билан иш тутишлари қайд этилган. СКнинг 15-моддасида айтилишича, солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди.
Корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланишини текширишга имкон берувчи ДСҚ сайтининг функционали унинг инсофлилиги ёки ноинсофлигига тааллуқли маълумотларни бермайди. Тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилган корхоналарни аниқлашга имкон берадиган сервис яқинда ишга туширилган. Бироқ бу илгари солиқ тўловчиларда ҳамкорини ишончлилигини текшириш учун имконият бўлмаган, дейиш учун асос бўла олмайди. Сервис – фақат солиқ органларининг сизнинг ҳамкорингиз ҳақидаги фикрларини билиб олишга имкон яратади.
20 йилдан ортиқ солиқ органларида ишлаганман, тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказганман. Тадбиркор ким билан шартнома тузаётганлигини билмайдиган ҳолатлар жуда кам учрайди.
Шунингдек солиқ органларида ҳам ноинсоф солиқ тўловчиларни аниқлашга имкон берадиган материаллар ишлаб чиқилган. Қуйидаги мезонларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига мувофиқ келадиган корхоналар Тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилган корхоналар рўйхатига киритилади:
- бир вақтнинг ўзида 1 йилдан кам фаолият юритадиган икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг муассиси (раҳбари) ҳисобланган бир жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилган ташкилотларда 100,0 млн сўмдан ортиқ миқдорда бажарилмаган солиқ мажбуриятлари мавжуд бўлиши;
- юридик манзил асосланмаган тарзда бир неча марта (бир йилда уч ва ундан ортиқ) ўзгартирилиши;
- ташкил этилганидан кейин қисқа фурсат ичида катта ҳажмдаги ишлар бажарилиши, хизматлар реализация қилиниши, расмий тарзда банд бўлган ходимлар сони камайтирилиши;
- расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарлар сақланиши, фойдаланилиши ва реализация қилиниши;
- реализация қилиш учун сотиб олинган юқори ликвидли товарлар (шу жумладан импорт қилинган товарлар) узоқ вақт реализация қилинмасдан қолдиқда турганлигига ва ва катта миқдорда қолдиқ мавжуд бўлишига қарамай кейинчалик яна шундай товарлар сотиб олинишининг акс эттирилиши;
- солиқ мажбуриятларини бажармаган бошқа тадбиркорлик субъектларини қўшиб олиш йўли билан ўзини банкрот деб эълон қилиш;
- солиқ тўловчининг маълум қилинган жойлашган манзили банкрот деб тан олинган бир нечта (уч ва ундан ортиқ) юридик шахслар жойлашган жойи сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган манзил ёки солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи юқори даражада бўлган солиқ тўловчиларнинг жойлашган манзили билан бир хил бўлиши;
- ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ёки сохта (қалбаки) битимлар тузиш орқали солиқларни тўламаслик ёки тўлиқ миқдорда тўламаслик.
Юқори даражадаги эҳтимол билан уларнинг ҳамкорлари (харидорлар) ноқонуний фаолиятга муайян ҳисса киритган деб тахмин қилиш мумкин. Ҳуқуқий жиҳатдан уларга сохта (қалбаки) битим шериклари сифатида қаралиши таклиф этилган.
Албатта, бундай таклиф ҳали исботланмаган ҳолат ва чиқарилмаган ҳукмдир, истиснолар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, сотиб олувчи ҳақиқатда товарни сотиб олган, барчасини қонунга кўра расмийлаштирган ва ҳақ тўлаган бўлиши мумкин. Ахир ноинсоф солиқ тўловчининг ҳамма товари ҳам қонуний бўлмаса керак.
Айнан шу сабабли солиқчилар СКнинг 14-моддаси ва 226-моддасига асосан ҚҚС суммасини камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилганлар рўйхатига кирган корхоналарга ва уларнинг контрагентларига хат юборадилар, унда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва тўланиши лозим бўлган солиқларни тўлаш тавсия этилади. Ушбу вариант, албатта, солиқчиларнинг хулосалари тўғрилигини тан олувчилар учун мақбулдир.
– Бундай хат олувчи солиқчиларнинг хулосаларидан норози бўлганда нима қилиши лозим?
– Ўз позицияси тўғрилигини исботлаб бериши лозим. Аввало солиқчиларнинг хатига жавоб йўллаши керак, унда ўз фикрларини баён этиши ва уларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиши керак.
Солиқчилар фақат камерал текширувлар, зарурат бўлганда эса сайёр текширувлар ўтказилганидан кейин инкассо тақдим этишлари мумкин. Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ текширувлар ўтказилиши лозим.
Ноинсоф солиқ тўловчилардан сотиб олинган товарлар криминал билан боғлиқ эмаслигини исботлайдиган ҳужжатларни солиқчиларга тақдим этинг. Бунинг учун ҳисобварақ-фактураларнинг ўзи етарли бўлмайди. Сизнинг ташкилотингизда товарнинг ҳаракатланиши бўйича қуйидаги барча босқичлар: сотиб олишдан бошлаб то товарни реализация қилишгача ёки ундан кейинчалик сотиш учун маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳолатлар акс эттирилган ҳужжатлар бўлиши лозим. Ҳаммаси қонунга кўра кирим қилинган бўлиши керак. Ҳисобварақ-фактуралардан ташқари, транспорт ҳужжатлари, омборга кирим қилинганлигини, маҳсулотингизни ишлаб чиқаришда (реализация қилишда) ушбу товардан фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади.
Солиқчиларнинг ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва хулосалари устидан судга шикоят қилиш мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, агар солиқчилар сизни хато равишда шубҳа остига олган бўлсалар, ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз ҳақлигингизни исботлаб беришингиз лозим. Сабаби солиқлар бўйича қўшимча тўловларни тўлаш мазкур вазиятда жавобгарликнинг бир қисмигина холос.
– Айтайлик, корхона солиқни қўшимча тўлади ва бу билан ҳуқуқбузарликни тан олди. Мазкур ҳолатда у автоматик равишда солиқ органлари учун шубҳали корхонага айланадими? Ножўя хатти-ҳаракатлар қилувчилар рўйхатига тушиб қоладими?
– Солиқчилар солиқ тўловчи бюджет билан ҳисоб-китоб қилганидан кейин уларда эътирозлар бўлмаслигини ва ўзаро муносабатлар янгидан шакллантирилишини ваъда қилишмоқда. Бироқ амалиётда, қоидага кўра, кимнинг айби исботланса, барибир унга нисбатан муносабат ўзгаради. Ушбу саволда ҳаммаси вазиятга ва муайн сабабларга боғлиқ бўлади. Бу эса эҳтиёткор бўлиш учун яна бир туртки бўлади».
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.