Полезное для бухгалтера в ноябре:
Дастлабки IFRS.Cert сертификатлари берилди. Имтиҳон қандай ўтди?
Молия вазирлиги ва «Норма» ПРМнинг биргаликдаги таълим лойиҳаси - «МҲХС асослари» бўйича дастлабки битирувчиларга сертификатлар берилди. Buxgalter.uz дастурнинг биринчи модулидан муваффақиятли ўтиб, имтиҳонларни топширган ва сертификат олган битирувчилар билан суҳбатлашди. Ўқиш жараёни қандай ўтди? Имтиҳонда қандай саволлар берилди? Қайсилари мураккаб бўлди? Битирувчилар ўқитувчиларни ва эришган натижаларини қандай баҳоладилар?
Алишер МАМАТОВ, «Назорат аудит» МЧЖ аудитори, иқтисод фанлари номзоди. 1993 йилдан буён мутахассислиги бўйича ишлайди:
– Ўз билимларимни мустаҳкамлаш мақсадида «МҲХС асослари» курсига ўқишга кирдим. Аудитор сифатида 2014 йилдан бошлаб корхоналарга МҲХСга ўтишга кўмаклашаман. Яъни анчадан буён корхоналарни МҲХС бўйича ҳисобга қўйишнинг амалий трансформацияси билан шуғулланаман. Амалий ёрдам кўрсатишдан ташқари турли корхоналарнинг ходимларига МҲХСга трансформациялашдан дарс бераман.
Тажрибага эгалигим сабабли, имтиҳон топширишим осон бўлди. Барча саволларга жавоб топишга тахминан бир соат вақтим кетди. Яна бир соат давомида жавобларни топширишдан олдин таҳлил қилиб кўриб чиқдим. Бир нечта жавобларнинг тўғрилигига шубҳаландим. Шунингдек фақат рақамлари ўзгартирилган мазмунан такрорланувчи чалғитувчи саволлар ҳам бўлди. Бунда эътиборли бўлиш талаб этилди. Лекин мен имтиҳонни топшириш жараёнида уни уддалай олишимни англаб етдим.
МҲХСни ўзлаштиришга киришганига кўп бўлмаган кишилар учун имтиҳон мураккаб туюлиши мумкин. Саволлар чалкаш бўлганда уларнинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолда тўғри жавоб топишда билимларимиз асқотади. Ҳар бир дарсни ва ҳар бир дарсдан кейинги оралиқ тестларни пухта ўзлаштириш муҳимдир, сабаби якуний имтиҳонда шундай саволлар бўлиши мумкин.
Иккинчи босқичда албатта ўқийман. Интернет орқали ўқиш имкониятларини кўриб чиқаётганимда курснинг Ўзбекистонда ташкил этилиши мен учун муҳим кўринди. Молия вазирлигининг ташаббуси билан ташкил этилган ifrs.academy майдончасида энг яхши ўқитувчилар фойдасига танлов бўлди.
Курс ўқитувчиси Кирилл ПОПАДЮК мавзуларни жуда яхши тушунтиришига эътиборингизни қаратмоқчиман. Мен биламан деб ўйлаган мавзуларим анча чуқур ёритиб берилди. Таълим жараёнида ўқитувчининг маҳорати муҳим роль ўйнайди. Кирилл ПОПАДЮК айнан шундайлар сирасидан. Айнан шу сабабли МҲХС асослари бўйича қаерда ўқишни танлаётганларга мазкур курсни тавсия қиламан.
Гуландом ЭРГАШЕВА, «TEMIRYO'L-SUGURTA» ҚК МЧЖ бош бухгалтери ўринбосари, САР, аудитор сертификатига эга. Бухгалтерия ва аудит соҳасидаги иш стажи – 22 йил:
– Бизнинг компания, «TEMIRYO'L-SUG'URTA» ҚК МЧЖ, устувор йўналишлардан бири сифатида халқаро миқёсда суғурта хизматларини кўрсатишни мўлжаллаяпти. Ушбу мақсадга эришиш ва инвесторларни жалб этиш учун халқаро рейтинг агентликлар томонидан яхши баҳо берилиши лозим. Бунда дастлабки талаб МҲХС бўйича тузилган молиявий ҳисоботни тақдим этишдан иборат бўлади. Ҳисоботни ўзимиз тайёрлашни мўлжаллаяпмиз ва халқаро аудиторлар иштирокида ҳар бир моддасини тушунтирган ҳолда ҳимоя қилмоқчимиз.
Ўз фаолиятим учун ва шахсий касбий маҳоратимни ошириш мақсадида ўқидим ва IFRS.Cert сертификатини олиш учун имтиҳон топширдим. Имтиҳон олдидан албатта ҳаяжон бўлди, кейин жараёнга киришиб онлайн-курсда олган билимларимга асосланган ҳолда саволларга жавоб топа бошладим.
2-3 та саволларда бироз қийинчилик ва шубҳаланишлар ҳам бўлди. Умуман олганда, ўқишнинг ташкил этилиши ва имтиҳон жараёни менга маъқул бўлди.
МҲХСни тўлиқ ўзлаштириш ва насиб қилса барча даражалари бўйича DipIFR ва ACCA имтиҳонларини топширишни режаларимга киритдим.
Бу осон кечмайди, лекин шундай бўлишини жуда хоҳлайман. Шу боисдан ifrs.academy платформасининг иккинчи босқичида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» курсида ўқиш имкониятидан албатта фойдаланаман.
МҲХСни ўзлаштирмоқчи бўлганларга маслаҳатим онлайн режимда ўқишни танланг.
Кундузи ишлаганим учун деярли вақтим бўлмайди. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш учун имкониятим бўлмаганлиги сабабли онлайн тарзда ўқиш шакли мен учун жуда қулай бўлди. Шахсий кабинет орқали барча материаллардан туну кун фойдаланиш мумкин, бу эса дарсни бир неча марта хотиржам ўтириб тинглашга имкон беради. Ҳар бир имтиҳондан кейин тестлардан ўтиш имтиҳонларга тайёрланишимга, МҲХСнинг асосини, моҳиятини англашимга ҳамда меҳнат фаолияти, ҳисоботлар ва катта иш юкламасига қарамай, имтиҳонни муваффақиятли топширишимга имконият яратди.
Динара КАФИЗОВА, Япония халқаро корпорацияси молиячиси. Асосан халқаро компанияларда 10 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга:
– Ўзбекистондаги бошқа кўпгина хорижий компаниялар каби бизнинг компаниямиз ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам миллий, ҳам халқаро стандартлар бўйича бухгалтерия ҳисобини юритади. Албатта, менда МҲХС бўйича пухта билимларни эгаллашга қизиқиш устун келди. Интернет орқали Молия вазирлиги ва «Норма» компаниясининг қўшма лойиҳаси тўғрисидаги маълумотни излаб топдим, бу МҲХС бўйича россиялик тажрибали мутахассис, иқтисод фанлари номзоди Кирилл ПОПАДЮК олиб борадиган МҲХС асослари бўйича уч ойлик интенсив курс эди.
Курс ҳақидаги таассуротларим қуйидагича: материал жуда қизиқарли бўлиб кетма-кетликда берилган, сифати ва маълумотлар етказиб берилиши юқори даражада. Асосийси – бу мутлақ бепул курс бўлиб, ҳар бир тингловчига индивидуал жиҳатдан тўғри келадиган суръатда ўқиш учун имконият яратилган. Мен ifrs.academy платформаси ёрдамида онлайн ўқидим. Параллел равишда DipIFR имтиҳонига тайёрландим. Курс «МҲХС асослари» курси базавий материални тез ўзлаштириб олишга ва топшириқларни ечишга имкон берди.
Ҳар бир тингловчи пухта тайёргарлик кўриб, фикрини жамлаган ҳолда саволлар ва топшириқларга жавоб топадиган бўлса, биринчи марта келганида имтиҳонни топшира олади деб ўйлайман. Менда шундай бўлди.
IFRS.Cert сертификати соҳиби сифатида 2021 йил май ойида бошланадиган «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» курсида бепул ўқиш ҳуқуқидан фойдалана олишимдан жуда мамнунман.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.