Полезное для бухгалтера в ноябре:
Агар ягона таъсисчи вафот этса, нима қилиш керак
Фирманинг директори ва ягона таъсисчиси вафот этди. Фирмада машина учун охиригача тўланмаган лизинг осилиб қолган. Банк ҳисобварағи блокировка қилинган. Директорнинг ягона меросхўри - кекса онаси. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Она меросга кириши учун ярим йил кутиш лозимми? Ёки қандайдир тарзда вақтинчалик директорни тайинлаш мумкинми? Балки, фирмани ёпиш керакдир?
Buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу мураккаб саволларга юрист Икром АБДУЛҚОДИРОВ жавоб берди:
Тугатиш
- Дарҳол таъкидлаймизки, жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг шахсан онасида, унда меросни қабул қилгунга қадар бунга тегишли мутлақ ҳуқуқ мавжуд эмаслиги туфайли хўжалик жамиятини ихтиёрий тартибда тугатишнинг имконияти йўқ.
ФКнинг 56-моддаси ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг 55-моддаси маъносига кўра юридик шахс унинг таъсисчилари (иштирокчилари) ёки бунга таъсис ҳужжатлари билан ваколат берилган юридик шахснинг органи қарори билан тугатилиши мумкин.
Жамиятни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, шунингдек тугатувчини тайинлаш ва тугатиш балансларини тасдиқлаш жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишининг (жамиятнинг ягона иштирокчисининг) мутлақ ваколатлари жумласига киради .
Жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг онаси меросни қабул қилиб олмагунча, у жамиятнинг иштирокчиси ҳисобланмайди ва уни ихтиёрий тугатиш билан боғлиқ қарор қабул қилишга ҳақли эмас .
Жамиятни вақтинчалик бошқариш
Жамият иштирокчисининг вафот этганлиги оқибатида мерос очилиши муносабати билан унинг меросхўрлари меросни очиш жойи бўйича нотариусга (мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойи ёки доимий яшаш жойини рўйхатга олиш) - меросни қабул қилиб олиш тўғрисида ёки ундан воз кечиш тўғрисида аризалар (мерос ишини очиш тўғрисида ариза) билан мурожаат қилишлари керак. Шундан кейин нотариус мерос ишини очади ва мерос мол-мулкни қўриқлаш чораларини кўради.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 122-бандига мувофиқ, мерос таркибида бошқаришни талаб қиладиган мол-мулк мавжуд бўлса ёки мерос қолдирувчининг кредиторлари меросхўрлар томонидан меросни қабул қилиб олгунига қадар даъво қўзғатган ҳолларда, нотариус мерос мол-мулкининг бошқарувчисини тайинлайди ва бу ҳақда қарор чиқаради.
Нотариус Фуқаролик кодексига мувофиқ мерос мол-мулкини ишончли бошқарувчиси таъсисчиси сифатида иштирок этади ва ишончли бошқарувчи билан мол-мулкни ишончли бошқариш тўғрисида шартнома тузади. ФКнинг 852-моддаси унга буни амалга ошириш имконини беради.
ФКнинг худди шу моддасида ким ишончли бошқарувчи бўлиши мумкинлиги ва ким бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Жумладан, жисмоний ва юридик шахслар ишончли бошқарувчи бўлишлари мумкин. Мол-мулк давлат органига ишончли бошқарувга берилиши мумкин эмас. Ишончли бошқарувчи фақат ўз розилиги билангина тайинланиши мумкин. Ишончли бошқарувчидан ташқари ҳар қандай шахс фойда олувчи бўлиши мумкин.
Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси тўғрисида ФКнинг 49-бобидан батафсил билиб олиш мумкин.
Фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ, мол-мулк, жумладан мулкий ҳуқуқлар фуқаролик ҳуқуқлари объектлари жумласига киради .
Фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари эркин суратда бошқа шахсларга берилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик (мерос қилиб олиш, юридик шахсни қайта ташкил этиш) тартибида ёхуд бошқа усул билан, агар улар муомаладан чиқарилмаган ёки уларнинг муомалада бўлиши чеклаб қўйилмаган бўлса, бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин .
Бунда солиққа оид қонунчилик нормаларига асосан хўжалик жамиятининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этиш улуши мулкий ҳуқуқлар жумласига киради. Яъни - ҳуқуқларнинг замирида ётган мол-мулк билан боғлиқ, сотилиши ёки ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказилиши мумкин бўлган ҳуқуқларга .
Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлар жисмоний шахсларнинг меросхўрларига ва жамиятнинг иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ўтади.
ФКнинг 59-моддаси ва МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 8-моддаси маъносига кўра жамият иштирокчилари МЧЖ тўғрисидаги Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг ишларини бошқаришда иштирок этишга ҳақлидирлар.
МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият бошқарувининг олий органи ҳисобланади. Бошқарув умумий йиғилиш томонидан, қонун билан унинг мутлақ ваколатлари жумласига киритилган қарорлар қабул қилиш йўли билан амалга оширилади .
Бир иштирокчидан таркиб топган жамиятда жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар жамиятнинг ягона иштирокчиси томонидан якка тартибда қабул қилинади ва ёзма равишда расмийлаштирилади .
Хулоса: хўжалик жамиятининг устав фонди (устав капитали)даги иштирок улуши бундай жамият иштирокчисининг мол-мулки (мулкий ҳуқуқи) ҳисобланади. У вафот этган тақдирда мазкур мол-мулк (мулкий ҳуқуқ) меросхўр ворислик ҳуқуқига кирган пайтга қадар бошқарувни талаб қилади.
Меросни сотиб олиш
Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт . Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилади. Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
Қайта рўйхатдан ўтказиш
Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан киритилади. Таъсис ҳужжатлари бу ҳолда мажбурий қайта рўйхатдан ўтказилади .
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали қайта рўйхатдан ўтказиш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда илова қилинг:
- тадбиркорлик субъекти ваколатли бошқарув органининг таъсис ҳужжатларига устав фонди миқдорининг оширилиши, улушнинг (ҳиссанинг) бошқа шахсга ўтиши билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;
- давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари;
- улушнинг (ҳиссанинг) бошқа шахсга ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат (шартнома, хат, ҳуқуқий ворислик, мерос, суд қарори ва шу кабилар) - улуш (ҳисса) бошқа шахсга ўтганда.
Таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш таъсис ҳужжатларини янги таҳрирда қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.
Шунингдек ариза берувчи қайта рўйхатдан ўтказиш учун тегишли рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи келган ҳолда мурожаат қилиши мумкин .