Полезное для бухгалтера в ноябре:
Агар сиз ёш тадбиркор бўлсангиз, давлат томонидан қўллаб-қувватланасиз
20 апрель куни Президент томонидан “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Иш берувчига 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қайтаришдан ташқари, ҳужжат бошқа преференцияларни ҳам ўз ичига олади:
2021 йил 1 майдан бошлаб:
- “ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлар - ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда субсидия олишлари мумкин;
- “ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорларга давлат мулкини ижарага олишда имтиёзлар тақдим этилади;
- “ёшлар дафтари”га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун БҲМнинг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб:
- “ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлар ва ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олганларга бир йиллик ижара харажатларининг 30%и (бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори) компенсация қилинади;
- “бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини тугатган ва сертификат олган ёшлар компьютер (шу жумладан, импорт қилинадиган) харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари олишлари мумкин. Ушбу кредитлар бўйича фоиз тўловлари Ёшлар ишлари агентлиги маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади;
- “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50%и (бироқ БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори) ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари компенсация қилинади.
Шунингдек, ҳужжатда қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш назарда тутилган:
- жисмоний шахсларнинг 26 ёшга тўлмаганларнинг (ўзи, эри (хотини), фарзандлари) таълим олиши учун йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммасини ЖШДСдан озод қилиш;
- республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилиш.
Фармоннинг тўлиқ матнини ҳавола бўйича ўқинг.