Полезное для бухгалтера в декабре:
Роялти ҳуқуқига ҳақиқатда эга шахс қандай аниқланади
Норезидентлар томонидан Ўзбекистон корхоналаридан роялти тарзида оладиган даромадларига тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (кейинги ўринларда - ФС) солиниши керак . Бироқ хорижий ташкилотга роялти тарзида даромадлар ҳисоблашда (тўлашда) улар даромадларга ҳақиқатда эга бўлганга эмас, балки бошқа шахсга тўланадиган вазиятлар юзага келиши мумкин.
Даромадга ҳақиқатда эга бўлганни қандай аниқлаш ва буни қачон амалга оширишни buxgalter.uz илтимосига биноан «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА тушунтирди:
- Ҳар қандай номоддий активдан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловлар роялти тарзидаги даромадга киради, шу жумладан:
- санъат, адабиёт, илм-фан, шу жумладан дастурий таъминот ва маълумотлар базаларига, чизмага, дизайнга ёки моделга, режага, махфий формулага, технологияга ёки жараёнга, аудиовизуал асарларга ҳамда турдош ҳуқуқлар объектларига, шу жумладан ижролар ва фонограммаларга бўлган муаллифлик ҳуқуқлари;
- патентлар, товар белгилари, савдо маркалари ёки ҳуқуқнинг бошқа шунга ўхшаш турлари;
- саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тааллуқли ахборот (ноу-хау) .
Роялти тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқ ставкаси 20% миқдорида белгиланган .
Агар роялти олувчининг резидентлик давлати билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома тузилган бўлса, мазкур шартноманинг “Роялти” моддасига мурожаат қилиш лозим, сабаби солиқ ставкаси қоидага кўра ушбу модда билан белгиланган ва камайтирилган бўлиши мумкин.
Халқаро шартномалар қоидалари Солиқ кодекси нормаларига нисбатан устуворликка эга .
2020 йилдан бошлаб СК даромадларга ҳуқуққа ҳақиқатда эга бўлган шахсларни аниқловчи нормаларни сақлайди. Ушбу тушунча дивидендлар, фоизлар ва роялти каби даромадларга нисбатан халқаро шартнома билан назарда тутилган имтиёзларни қўллашга ҳақли бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида фойдаланилади.
Хорижий ташкилот даромадга ҳақиқатда эга деб эътироф этилади, башарти у :
- унга нисбатан ҳақиқатда эга бўлган даромад бўйича имтиёзга талабгор бўлган Ўзбекистондаги манбалардан даромад олиш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса;
- даромадга ҳақиқатда ҳуқуққа эга бўлган шахс, бундай даромаднинг бевосита наф олувчиси ҳисобланса;
- ушбу даромадлардан мустақил равишда фойдаланса ва (ёки) тасарруф этса. Ёки унинг манфаатларида бошқа шахс бундай даромадларни тасарруф этиш ваколатига эга бўладиган шахс бўлса.
Хорижий ташкилот даромадга ҳақиқатда ҳуқуққа эга бўлган шахс сифатида ҳисобланмайди, агар:
- ушбу даромадларни тасарруф этишга нисбатан чекланган ваколатларга эга бўлса;
- бошқа шахс манфаатларида фақат воситачилик функцияларини бажарса;
- ўзига таваккалчиликларни қабул қилмаса.
Бир нечта вазиятни кўриб чиқамиз.
1-вазият. Дизайн-лойиҳани яратиш ва унга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш
- Ўзбекистон компанияси (буюртмачи) Россия компанияси (ижрочи) билан дизайн-лойиҳани тайёрлаш учун шартнома тузди. Шартномада дизайн-лойиҳага бўлган мутлақ ҳуқуқ ижрочига тегишли эканлиги кўрсатилган, яъни у ҳуқуқ эгаси ҳисобланади. Буюртмачига тўлов эвазига дизайн-лойиҳадан фойдаланиш бўйича ҳуқуқлар ўтказилади.
Бу ерда роялти юзага келадими? Агар - юзага келса, қайси шахс даромадга ҳақиқатда эга бўлади?
- Юзага келади.
Буюртмачи ва ижрочи шартноманинг томонлари ҳисобланишига қарамай, мазкур шартнома моҳиятига кўра - лицензия шартномаси.
Жумладан, Фуқаролик колексига асосан лицензия шартномаси бўйича интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган тараф (лицензиар) бошқа тарафга (лицензиатга) тегишли интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсатнома беради .
Бизнинг ҳолимизда шартнома бўйича ижрочи Ўзбекистон компаниясига тайёр дизайндан фойдаланишнинг мутлақ ҳуқуқини тақдим этади. Бундай эга томонидан бундай фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома сифатида олинган тўлов роялти сифатида ҳисобланади.
Таърифланаётган вазиятда шартномага асосан ижрочи (яъни хорижий компания) дизайн-лойиҳага бўлган мутлақ ҳуқуқнинг эгаси ҳисобланишига эътибор беринг. Бироқ шартномада у қандай тарзда ушбу ҳуқуқ эгасига айланганлиги ҳақида маълумотлар йўқ: муаллиф-жисмоний шахс билан шартнома тузиш йўли билан ёки бошқа асосларга биноан.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида роялти тарзидаги даромадларга 0% ставкани қўллаш имконини берадиган 1994 йил 2 мартдаги Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим амал қилади, Ўзбекистон корхонаси хорижий компаниядан қуйидагиларни сўраб олиши лозим:
1) компаниянинг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат ;
2) норезидент тегишли даромадни олишга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлиги тасдиқномаси .
Агар барча ушбу ҳужжатлар олинган бўлса, халқаро шартнома қоидаларини қўллаш мумкин, яъни - даромадни тўлашда ФС ушлаб қолмаслик мумкин.
2-вазият. Дастурий таъминотни сотиб олиш
- Ўзбекистон компанияси (сотиб олувчи) шартнома бўйича Исроил компаниясидан (сотувчи) компьютер дастуридан (дастурий таъминот, кейинги ўринларда - ДТ) фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олади. ДТ ҳуқуқи эгаси - ташкилот-АҚШ резиденти, шартномада бу кўрсатилган. Шартномага асосан сотиб олувчи ДТ нусхасини олган ҳолда ҳуқуқ эгасидан лицензия битими (бирлаштириш шартномаси деб номланадиган) тузиш йўли билан ундан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам олади. Битим шартлари ҳуқуқ эгаси томонидан ДТ нусхаларида баён этилган.
Бу ерда роялти юзага келадими? Агар юзага келса, қайси шахс даромадга ҳақиқатда эга бўлади?
- Юзага келади. Даромадга ҳақиқатда эга - АҚШ ташкилоти.
Илгари айтиб ўтилганидек, номоддий активдан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловлар роялти тарзидаги даромадга киради, шу жумладан - компьютер дастурлари.
Шартнома сотиб олувчи ва сотувчи томонлар бўлиб иштирок этадиган олди-сотди шартномаси каби тузилганига қарамай, шартнома шартларида ДТга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги қоидалар аниқ баён этилади. Бу ҳолда компьютер дастурларини сотиб олиш учун шартнома бўйича хорижий компанияга тўловни ҳисоблаш ва (ёки) тўлашда қуйидагилар сингари масалаларни эътиборга олиш лозим:
1) ДТни ўтказишда интеллектуал мулкнинг ушбу объектига бўлган мулкий ҳуқуқлар ҳам ўтказиладими?
2) Компьютер дастурини ўтказувчи томон муаллиф (ҳуқуқ эгаси) ҳисобланадими? У унга бўлган қандай ҳуқуқларга эга?
Агар шартнома шартлари бўйича хорижий компаниядан муайян муддатга муаллифлик ҳуқуқи объектига бўлган ҳуқуқларнинг ўтиши рўй берса, роялти юзага келади. Даромадни тўлаш ва тегишли халқаро шартнома қоидаларини қўллашда иккинчи муҳим омил - бу роялтига ҳақиқатда эга бўлган томондан даромад олувчининг эътироф этилиши.
Агар даромад олувчи - воситачи ёки даромад олишга ваколат берилган бошқа шахс бўлса, у халқаро шартномага мувофиқ даромад солиғи бўйича преференциялар олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Исроил ва Ўзбекистон ўртасида 1998 йил 15 сентябрдаги Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенция амал қилади. Мазкур халқаро шартнома бўйича преференциялар даромадга ҳақиқатда эга бўлганга тақдим этилиши керак. Бироқ Исроил компанияси даромадларга ҳақиқатда ҳуқуққа эга эмас, бу ДТ сотиб олиш тўғрисидаги шартномада аниқ баён этилган.
Кўриб чиқилаётган ҳолда шартномадан АҚШ ташкилоти ҳуқуқ эгаси эканлиги келиб чиқади, у давлат билан иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида битим мавжуд эмас.
Ўзбекистон компанияси норезидентга даромад тўлаш чоғида 20% ставка бўйича ФС ушлаб қолиши лозим.
Агарда Исроил компаниясига тўланиши лозим бўлган даромад суммасини ва АҚШ компаниясига тўланиши лозим бўлган даромад суммасини идентификация қилишнинг имкони бўлса, Исроил компаниясининг даромади солиқ резидентлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиш шарти билан халқаро Конвенция доирасида Ўзбекистонда манбада солиқ солишдан озод қилиниши мумкин.
3-вазият. Дизайн-лойиҳани яратиш
- Ўзбекистон компанияси (буюртмачи) хорижий компания (ижрочи) билан дизайн-лойиҳани тайёрлаш учун шартнома тузди. Шартномада дизайн-лойиҳага бўлган мутлақ ҳуқуқлар буюртмачига тегишли бўлиши кўрсатилган. Бу ерда роялти юзага келадими? Агар юзага келса, қайси шахс даромаднинг ҳақиқатда эгаси бўлади?
- Йўқ, юзага келмайди.
Бу халқаро амалиётда назарда тутилганидек, тўлов дизайндан, моделдан ёки режадан “фойдаланиш ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун” деб номланиши мумкин эмас, агар у ҳали мавжуд бўлмаган дизайнни, моделни ёки режани ишлаб чиқиш учун тўланса.
Мазкур ҳолда хизмат учун тўлов амалга оширилмоқда, дизайнни ишлаб чиқиш унинг натижаси бўлади. Ижрочи ишлаб чиқилаётган дизайнга бўлган муаллифлик ҳуқуқига талабгорлик қилмаяпти.
Тегишинча, роялти - мавжуд эмас, бироқ хизмат кўрсатилиши учун хорижий компаниянинг даромади мавжуд, у даромад олувчининг резидентлик давлати билан халқаро шартнома ва СК доирасида кўриб чиқилади.
Бу ҳолда даромадга ҳақиқатда ҳуқуққа эга бўлган шахсни аниқлаш зарурати йўқ.