Полезное для бухгалтера в декабре:
2021 йилда хизматлар соҳасида нималар ўзгаради
Президент томонидан 11 май куни “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистонда хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари ва 2021 йилга мўлжалланган “йўл харитаси”ни белгилайди. Тафсилотлар norma.uz портали шарҳида:
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан хизматлар соҳасини ривожлантириш учун тижорат банкларига $300 млн эквивалентида кредит линияси очилади.
Қуйидагиларга топшириқлар берилди:
- “Ўзмиллийбанк” АЖга тижорат банкларига қайта молиялаштириш мақсадида 2021 йил якунига қадар 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари ва йирик савдо комплексларини ташкил этиш лойиҳалари учун халқаро молия институтларининг $200 млн миқдоридаги маблағларини жалб қилиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2021-2023 йиллар давомида ташаббускор тадбиркорлик субъектлари томонидан деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари барпо этилишида кўмаклашиш. Шунингдек Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида ташаббускор тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этиш.
Ушбу кўчаларда кўчма савдо объектлари учун жойлар электрон онлайн-аукцион асосида тақдим этилади. Барча тадбиркорлик субъектларига жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда туну кун фаолият юритишга рухсат берилади.
Қуйидагилар бекор қилинади:
- янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки;
- 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб масофавий (онлайн) таълимга асосланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақида талаб.
Norma.uz материаллари асосида