Ўзбекистон Молия вазирлиги аудиторларни сертификатлаш бўйича функциядан воз кечди

preview

Президентнинг “Aудиторларни сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди (ПҚ-5210-сон, 04.08.2021 й.). Аудиторлик фаолиятини тартибга солишга у қандай янгилик киритиши ҳақида, buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ гапириб берди:


- Молия вазирлиги республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида аудиторлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш функциясини амалга ошириш ваколатига эга. Сўнгги йиллардаги бозор ислоҳотлари ва профессионал ҳамжамиятнинг ривожланиши бу соҳада жиддий ўзгартиришлар учун шароитларни шакллантирди. Ташқи аудиторларни сертификатлашнинг амал қилган тартиби давлатни монопол ҳолатга қўйган ва унда профессионал жамоат ташкилотларининг иштирокини минималлаштирган.

Давлат иштирокини камайтириш ва бир вақтда профессионал ташкилотларнинг ролини ошириш, аудитнинг сифатини ва аудиторлик хизматларини кўрсатиш учун жавобгарликни ошириш йўли билан давлат томонидан тартибга солишдан ўзини ўзи тартибга солишга босқичма-босқич ўтиш мақсадида Aудиторларни сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди (ПҚ-5210-сон, 04.08.2021 й.). Дастлаб у норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ягона порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган  (ID 46890) ва профессионал ҳамжамият маъқуллаган эди.

Ҳужжат асосига аудиторларни сертификатлашдан ўтказиш, малакани тасдиқлашнинг шаффофлигини таъминлашнинг халқаро амалиёти, шунингдек халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик киритилган.

Қарорга асосан 2021 йил 15 августдан бошлаб Молия вазирлигининг қуйидаги функциялари аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига ўтказилади:

  • аудиторнинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини  ўтказиш;
  • аудиторнинг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва унинг амал қилишини тугатиш;
  • аудиторларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш.

Аудитор малака сертификатини олиш бўйича имтиҳонга қўйиш учун Молия вазирлигига илгари топширилган барча ҳужжатлар жамоат бирлашмаларига ўтказилади. Талабгорлар уларга ва улар ташкил этган имтиҳон марказларига малака имтиҳонини ўтказиш муддатларини аниқлаштириш, шунингдек илгари берилган сертификатларни узайтириш учун мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Аудиторларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда Молия вазирлиги қисқа муддатларда малака имтиҳонларини ўтказиш регламентини, аудиторнинг малака сертификати билан боғлиқ тартиб-таомилларни, малака ошириш дастурини тасдиқлайди. Бироқ уларни аудиторларнинг жамоат бирлашмалари амалиётда амалга оширади.

Бухгалтерларнинг халқаро сертификатлари рўйхати ҳам тасдиқланади, улар мавжуд бўлганда аудиторнинг малака сертификати имтиҳонсиз берилади ва муддати узайтирилади.

Агар талабгорда аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш учун бундай сертификат мавжуд бўлса, у аудиторнинг малака сертификати учун имтиҳон топшириши шарт эмас.

Жамоат бирлашмалари малака имтиҳонларида иштирок этган талабгорлар ва берилган аудиторнинг малака сертификатлари тўғрисида маълумотлар базаларини юритади. Уларга қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

  • малака имтиҳонларини тасдиқланган тартиб ва регламентга мувофиқ ўтказиш учун мустақил равишда ёки биргаликда имтиҳон марказларини ташкил этиш;
  • республиканинг барча ҳудудларида малака имтиҳонларини ташкил этиш ва аудиторлар малакасини ошириш мақсадида ҳудудлардаги тармоқларни ривожлантириш.

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text171728_uzbekiston_moliya_vazirligi_auditorlarni_sertifikatlash_buyicha_funkciyadan_voz_kechdi