Полезное для бухгалтера в декабре:
Шартномаларни тузиш тартиби соддалаштирилди
Президент томонидан 14 сентябрь куни «Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 1 декабрдан қуйидагилар бекор қилинади:
а) тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
б) қуйидагиларни белгилашга доир талаблар:
- давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни;
- қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни.
Жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб:
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. У уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан топширилади. Улар етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади. Аукцион ғолиби мулкни қабул қилиб олишни рад этган тақдирда закалат пули мурожаат қилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида қайтариб берилади. Мулкни қуйидаги асослар бўйича рад этиш мумкин:
а) аукционда сотилган мол-мулк аукцион объектининг кўрсатилган техник тавсифларига мос келмаса;
б) мол-мулк аукционда сотилгунга қадар учинчи шахсларнинг эгалигига ўтиб кетган бўлса ва бу ҳолат аукцион якунланганидан сўнг аниқланса;
- шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тўла ёки қисман бажаришини қабул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарзда тасдиқлаганда, ушбу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга, агар бундай талаб ҳалоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас;
- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади;
- юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни 30 календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади;
- коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.
Намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинади. Қонун билан тўғридан-тўғри тарафлар учун мажбурий бўлган намунавий шартномалар тасдиқланиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Электрон тижоратда электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотдиси амалга оширилаётганда ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда «эскроу» тизими жорий этилади.
Эльмира СИРАЗИЕВА.