Полезное для бухгалтера в ноябре:
ЙЎРИҚНОМА: ижара шартномаси E-ijara да қандай рўйхатдан ўтказилади
Ижара (текин фойдаланиш) шартномаси томонлари ва кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни E-ijara га киритишда нималарни инобатга олиш зарур? Агар айни бир шартнома тизимга икки марта киритилган бўлса, нима қилиш керак? Бу ва бошқа саволларга ДСҚ мутахассислари жавоб беришди.
E-ijara тест режимида ишлаяпти. 2022 йил 1 январдан бошлаб:
- ижара (текин фойдаланиш) шартномаларини мазкур ресурсда рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлади;
- E-ijara да ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган ТМЗлар қолдиқлари инвентаризациядан ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида “солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас” деб баҳоланади .
E-ijara (ijara.soliq.uz) юридик ва жисмоний шахслар томонидан тузиладиган ижара (текин фойдаланиш) шартномаларини рўйхатдан ўтказиш учун мўлжалланган.
Ижара (текин фойдаланиш) шартномалари ижарага берувчи тизимга шартнома тўғрисидаги маълумотни киритгандан, ижарага олувчи эса - ушбу маълумотни тасдиқлагандан кейин рўйхатдан ўтказилган ҳисобланади. Шундай сўнг тизим Кўчмас мулк ижара шартномаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани шакллантиради ва унга QR-кодини беради.
Ижара шартномасини у кучга кирган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай рўйхатдан ўтказиш лозим.
Юридик шахслар ijara.soliq.uz га юридик шахснинг ЭРИси билан, якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслар жисмоний шахснинг ЭРИси билан киради.
Битим томонлари тўғрисидаги маълумотлар қандай тўлдирилади
Агар ижарага берувчи/ижарага олувчи юридик шахс бўлса, СТИРни киритинг.
Агар ижарага берувчи/ижарага олувчи жисмоний шахс бўлса, ЖШШИРни киритинг.
Тегишли идентификатор киритилгандан кейин ижарага берувчи/ижарага олувчининг манзили тўғрисидаги маълумот автоматик тарзда шакллантирилади.
Ижарага берувчи ва ижарага олувчининг телефон рақамини қўлда киритиш, шунингдек фаолиятни амалга ошириш ёки яшаш манзилига қўлда ўзгартириш киритиш мумкин.
Кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотлар қандай тўлдирилади
Ижарага (текин фойдаланишга) бериладиган кўчмас мулк тўғрисидаги бўлимда тегишли майдонга объектнинг кадастр рақамини киритинг.
Тизим Кадастр агентлиги маълумотлар базаси билан интеграция қилинган, ҳудуд, туман, объектнинг манзили ва умумий майдони тўғрисидаги маълумот автоматик тарзда тўлдирилади.
Ижаранинг мақоми (тўлиқ ёки қисман) ва кўчмас мулкдан фойдаланиш мақсадларини албатта кўрсатинг.
Агар ижара қисман бўлса, ижарага олинган майдонни кўрсатинг.
Ижарага олувчи маълумотларни қандай тасдиқлайди
Ижарага берувчи таклиф қилинган шаклни тўлдириб, “Жўнатиш” тугмасига босгандан сўнг, маълумот қуйидагиларда акс эттирилади:
- ижарага берувчида - “Ижара рўйхати” ойнасида, “Жўнатилди” менюсида, “Тасдиқланиши кутилмоқда” бўлимида;
- ижарага олувчида - “Ижара рўйхати” ойнасида, “Қабул қилинди” менюсида, “Тасдиқланиши кутилмоқда” бўлимида.
Ижарага олувчи ижарага берувчи томонидан маълумотни киритишда йўл қўйилган хатолар бартараф қилингунга қадар шартномани рўйхатдан ўтказишни тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин.
E-ijara да шартномани рўйхатдан ўтказиш қандай бекор қилинади
Агар шартнома икки марта рўйхатдан ўтказилган бўлса, ортиқча рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш мумкин. Буни фақат ижарага берувчи бажариши мумкин.
“Шартномаларни ҳисобга олиш” менюсида керакли шакл “Ижара шартномаси давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома”ни очинг. “Тасдиқланганлар” бўлимида “Кўриш” тугмасига босинг. Сўнгра “Бекор қилиш” ва “Мазкур Гувоҳномани бекор қилиш”га босинг.
Манбага бу ерда ва бу ерда қаранг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади