Полезное для бухгалтера в ноябре:
Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳаси қаерда қолди
2021 йил 6 декабрда ЯИДХПда аввал Солиқ кодексига тузатишлар ва қўшимчалар лойиҳаси матнига олиб борадиган ҳавола бўйича 404-«Ҳужжат топилмади» тарзидаги хатолик тўғрисидаги хабар чиқиб келди. Лойиҳа муҳокама учун очиқ бўлиши керак эди, бироқ у қаерга йўқолди. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАнинг таъкидлашича, мутахассисларда уни ўрганиб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнида ҳужжатни такомиллаштириш борасида эътиборга олиниши лозим бўлган таклифлар пайдо бўлган.
– «Долзарб мавзу – назорат қилиш ва янги ахборот-дастурий комплексларни жорий этиш.
Текширувдан олдинги назорат «талабнома»га айланиши мумкин
Хусусан, текширувдан олдинги назорат тушунчасининг киритилиши ҳақидаги норма турлича талқин қилинишининг ўзи етарлидир. Ҳа, лойиҳа матни бўйича ушбу назорат жуда зарур ва фойдали нарса. ДСҚ текширувга чиқишдан олдин йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликларни кўрсатади ва уларни тузатишга имкон беради. Бироқ солиқчилар солиқ тўловчиларни хатларга кўмиб ташлаши хавфи ҳам мавжуд, солиқ тўловчи уларнинг ҳар бирига асосланган жавобни қайтаришига тўғри келади. Ушбу талабномалар қандай мазмунда бўлади, барчаси иш юзасидан юбориладими? Уларнинг кўпчилиги илгаригидек, бир-бирига ўхшаган ва хато юборилган бўладими, бу ҳолатни бухгалтерлар ҳали ёддан чиқармаганлар?
Нима учун санкциялар сақланиб қолди
Шу билан бирга негадир лойиҳа муаллифлари 7.09.2021 йилдаги ПФ-6307-сон Фармон нормасига ўзгартиришларни лойиҳага киритишни ёддан чиқарганлар, бу ўзгартиришлар билан 2022 йил 1 январдан қуйидагилар белгиланган :
- камерал солиқ текширувлари натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди;
- тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган муддатларда солиқ ҳисоботи тақдим этилмаганлиги учун молиявий санкциялар бекор қилинади.
Ушбу нормалар ишлаши учун Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиши лозим.
Ишлаб чиқувчилардан ҳеч бири нима сабабдан Президентнинг мазкур топшириғи қонун лойиҳасидан чиқариб ташланганлигини тушунтириб бермади.
МХИК ижодкорлигидаги хатоликлар учун ким жавобгар бўлади
Кўпчилик ҳамкасбларим қатори мен ҳам МХИК нотўғри қўлланилганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган норма СКнинг 233-моддасига киритилиши тарафдори эмасман. МХИКдаги хатолик солиқ базасининг яширилганидан далолат бермайди. Бу оддий хатолик, ноаниқлик бўлиши мумкин.
МХИК жорий қилинганидан буён ўтган ярим йил мобайнида регулятор барча кодларни бир неча марта алмаштирган. Аввал улар 5 белгили, кейин 8 белгили, сўнгра 17 белгили бўлди. Бунинг орасида айрим тадбиркорлик субъектлари мисолида МХИКнинг 12 белгили коди ҳам синовдан ўтказилган.
Натижа қандай? Бизда 4 млн дан ортиқ ТИФ ТН кодлари мавжуд. Бу фақат мамлакатга олиб кириладиган ва ундан олиб чиқиб кетиладиган товарлар миқдори ҳақида тахминий тасаввурни беради. МХИК кодлари – тахминан 41 мингта.
Натижа яққол кўриниб турибди... Яқинда ДСҚ томонидан ўтказилган ўлчов бирликлари МХИК кодларига боғлиқлиги хусусидаги видеоконференциялар иштирокчилари бу тизимнинг қанчалик мукаммал эмаслигини кўрсатиб ўтишди. Конференция иштирокчиси бўлган бухгалтер телефон қилиб «Қандай кодни қўллаш керак? Бизда маҳсулотимизга мос келадиган код бор эди, бироқ у қаергадир йўқолиб қолди. Солиқ қўмитасига қилган мурожаатимиз натижа бермади» деганлари ҳали ҳам ёдимда. Менимча, бу корхона сабзавотлардан консерва тайёрлайди... Бу орада ДСҚ мутахассислари текширув ўтказиб, ҳақиқатан ҳам уларга мос код йўқлигини тасдиқлашди. Натижада ДСҚ вакиллари яқин вақтда сабзавотли консервалар учун МХИК жорий этилишини ваъда қилдилар. Конференцияда иштирок этолмаганларда ҳам шунга ўхшаш саволлар талайгина бўлса керак?
Ғоялар норматив жиҳатдан қўллаб-қувватлашни талаб этади
ДСҚ томонидан МХИК, Е-aktiv, E-ijara, E-imtiyoz ва бошқа янги ахборот-таҳлилий сервислар жорий этилиши тўғри ва яхши ғоядир. Бироқ уларнинг амалга оширилиши фойдали бўлишига ишонамиз. Ҳеч қайси лойиҳа бўйича қуйидаги маълумотлар аниқ баён этилган регламент жамоатчиликка тақдим этилмаган:
1) бу нима учун яратилган;
2) қандай сервислар билан ўзаро алоқадор бўлади;
3) қандай тартибда ишлайди.
Бундай тушунча нафақат солиқ тўловчиларда мавжуд, улар тахминларга асосланиб дастурлар ҳақида тасаввур ҳосил қиладилар. Дастур ишлаб чиқувчиларининг ўзлари ҳам вазиятга қараб қарор қабул қилишаётганлиги хавфи ҳам мавжуд.
Масалан, 28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚни оладиган бўлсак, у МХИКни жорий қилиш бўйича асос бўладиган ҳужжат ҳисобланади. МХИК тез-тез ўзгариб туради ва улар ушбу ҳужжат билан тасдиқлаганига мос келмайди деган эътирозлар билдирилганда, давлат органи томонидан ушбу ҳужжатнинг ДСҚга МХИКга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқини берувчи бандига асосланиб жавоб қайтарилди.
Бироқ ушбу қарорнинг 7-бандида ДСҚга икки ҳафта муддатда Маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини юритиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилган эди. Мазкур ҳужжат мавжуд бўлса, уни фақат ишлаб чиқувчилар кўрган бўлиши мумкин.
Ўлчов бирлигини МХИКга боғлаш жуда яхши ва тўғри ғоядир. Бироқ у нотўғри амалга оширилмоқда. Қизғин муҳокамалардан сўнг ДСҚ «айнан қандай бирликлар белгиланиши лозимлигини бизнес ҳамжамияти томонидан ҳал этилишини» ваъда қилди. Фикримча, бу нотўғри ёндашув бўлади, сабаби ҳар ким ўз тасаввури ва хоҳишидан келиб чиқиб таклиф билдиради.
Бу ишда аксинча мамлакат ичкарисида ҳамма ўлчов бирликларини бир хилда қўллашга ҳаракат қилиши лозим. ДСҚ Техник тартибга солиш агентлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳамда метрология ва товарларни маркировкалаш соҳасидаги халқаро ташкилотлар, шу жумладан GS1 тажрибасига асосан ўлчов бирликлари маълумотномасини ишлаб чиқиши лозим. Лойиҳани муҳокамага чиқариш ва тадбиркорларнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда пухта ишлаб чиқиш лозим. Бундай ёндашувни кимдир нотўғри дейиши эҳтимолдан анча йироқдир.
Бунда, ҳар томонлама қарайдиган бўлсак, ўлчов бирликларини жорий қилиш тажрибасидан сабоқ олинмаган кўринади. Кейинги ўринда E-imtiyoz тизимининг жорий қилиниши шундай натижага олиб келган. Бухгалтерлар тизим пухта ишланмаганлиги боис улар товарлар ва хизматларни имтиёзли юклаб жўнатишни тўхтатишга мажбур бўлаётганлигидан шикоят қилишмоқда.
СКга киритилиши таклиф этилаётган кўпгина нормалар ушбу янгиликлар билан боғлиқдир. Бунда тажрибадан аён бўлдики, барча дастурий комплекслар қўшимча ишлаб чиқишни талаб этади. Уларнинг тайёрлик даражасига қарайдиган бўлсак, якунланишига анча вақт бор.
Солиқ кодексида мазкур янги ахборот тизимлари барча учун қатъий тартибда қўлланилиши шартлиги белгиланса, қандай ишлашимиз керак?
Тузатишлар матни қайтадан ҚҲТБТда берилиши лозим деб ҳисоблайман. Мутахассислар биринчи ўқишдан кейин ушбу ҳужжатнинг мазмунини энди англашни бошладилар. Жамоатчилик томонидан билдирилган изоҳлар ва таклифлар янада сифатли ва мақбул қонуннинг қабул қилинишига хизмат қилади».
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.