Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ўзбекистонда 2026 йилга қадар нималар ўзгаради
Президент томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди (28.01.2022 йилдаги ПФ-60-сон Фармон). Тараққиёт стратегияси ўз ичига 100 та мақсадни олган бўлиб, улар 5 босқичда амалга оширилади.
Хусусан:
1) 2026 йилга қадар барча эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олади;
2) Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида I–IV синф ўқувчилари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминланади;
3) 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилади;
4) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб хусусий болалар боғчалари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлари ЖШДСдан озод этилади;
5) мактабларда дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун 605 млрд сўм ажратилади, 141 мингта янги ўқув ўринлари яратилади ва уларнинг сони 2026 йил якунига қадар 6,4 млнгача етказилади;
6) ҳудудларда 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилади;
7) 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9%гача ва 2023 йилда 5%гача пасайтириш чоралари кўрилади;
8) 2023 йилдан бошлаб:
- ҚҚС ставкаси - 12%гача;
- банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси - 15%гача туширилади;
9) "яшил иқтисодиёт" технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги 20%га оширилади ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажми 20%га қисқартирилади;
10) 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич тадбиркорликка оид барча мажбурий талабларни ягона электрон реестрга киритиш тартиби жорий этилади ҳамда такрорланувчи ва ўз аҳамиятини йўқотган мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилади. Реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади;
11) 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик субъектларида масофавий (онлайн) фаолият кўрсатиш имкониятларининг мавжудлигидан ҳамда уларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади;
12) 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади;
13) фуқароларга ҳужжатларни бериш ва алмаштириш, шунингдек ўзаро боғлиқ давлат хизматлари мурожаатни кутмасдан таклиф этилади;
14) "Фуқароларнинг рақамли паспорти" лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;
15) кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизими соддалаштирилади ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилади.
Norma.uz материаллари асосида