Полезное для бухгалтера в декабре:
Таълим олиш учун тўловда ЖШДС бўйича имтиёз қандай қўлланади
Фуқаро ўзининг томорқа хўжалигида етиштирилган уй ҳайвонларини реализация қилишдан олинган тушумни ўғлининг таълим олиши учун тўловга йўналтирди. Отасининг бошқа даромади йўқ. У ЖШДС қайтарилишига умид қилиши мумкинми? Буни МВ солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ buxgalter.uz учун махсус тушунтирди:
– “Уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган:
- ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар ва ҳоказоларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан саноатда қайта ишлаш мустасно);
- чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинадиган даромадларга (бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно) солиқ солинмайди .
Саволдан келиб чиққан ҳолда, отанинг бошқа солиқ солинадиган даромадлари йўқ, қорамолларни сотишдан олинган даромадларга эса солиқ солинмайди. Бинобарин - жисмоний шахснинг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларини озод этиш бўйича имтиёз қўлланадиган даромадлар мавжуд эмас :
- Ўзбекистоннинг прoфессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов;
- профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга.
Қорамолларни сотишдан олинган даромадлардан ЖШДС ушлаб қолинмаслиги боис солиқни қайтариш амалга оширилмайди.
Агар солиқ солинадиган бошқа даромадлар бўлса-чи?
Сиз ЖШДСни тўланган даромадлар бўйича қайтаришингиз мумкин. Солиқ солинадиган даромадларни тасдиқлаш ва солиқни қайтариш учун солиқ органига даромадлар тўғрисида декларация тақдим этинг”.