Полезное для бухгалтера в декабре:
2022 йил 1 мартдан нималар ўзгаради
2022 йил 1 мартдан бошлаб қонун ҳужжатларидаги айрим ўзгартиришлар кучга киради:
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш
- Компенсация тўлови, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади;
- ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45%и миқдорида компенсация тўлови жорий этилади;
- ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100%и миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.
Электрон рецепт бериш
Барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналари мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар Электрон рецепт бериш тизимидан фойдаланишлари лозим.
ЯИДХП
Электрон шаклда кўрсатиладиган хизматлар рўйхатига қуйидаги хизматлар киритилади:
- Ўзбекистонга чет эл фуқаросини таклиф қилиш;
- чет давлат ҳудудида Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар олиш;
- судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;
- жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларда сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш ва бошқа хизматлар.
ЙПХ ходимлари томонидан ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишнинг янги тартиби
Ҳайдовчининг ЙПХ инспекторига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар махсус планшет қурилмаси ёрдамида ID-картаси орқали текширилади.
Бунда ID-картага эга ҳайдовчидан қуйидагиларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади:
- янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини;
- транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончномани;
- транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги ҳужжатни;
- транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини.
Мева-сабзавотчилик кластерлари ва фермер хўжаликларига имтиёзлар
Мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50%и, бироқ суғурта пулининг 1%дан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Суғурта пули ҳосил қийматининг 70%идан кам бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек кластерларга (кооперацияларга) хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50%и, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун $1 минг эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.
Оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредитлар
Кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилади.
Бунда:
- кредит олиш учун аризалар масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тақдим этилади ва онлайн режимда кўриб чиқилади;
- кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва масофадан имзоланади;
- ажратилган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш «маркетплейс» тизими ёрдамида амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ
2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси тўлиқ қайтариб берилади.
Ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг 6 ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.
Бино ва иншоотларга туташ бўлган ер участкалари
Давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ бўлган ер участкалари уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади.
Бундай ер участкаларида бино, иншоот, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш ҳамда енгил конструкцияли объектларни ўрнатиш ва қуриш тақиқланади.
Давлат муассасалари ва тадбиркорлик
2023 йил 1 августга қадар давлат муассасаларига хўжалик жамиятларини таъсис қилиш ва уларнинг устав фондида (УК) иштирок этиш тақиқланади, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш
Шундай тартиб белгиланадики, унга мувофиқ:
- аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича фотосурат ва видеоёзувлар Бош прокуратура ва Кадастр агентлигига юборилади;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиларига ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади.
Цемент, цемент клинкери ва ойна
Барча юридик шахсларга республикада ишлаб чиқариладиган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини чекловларсиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади.
2024 йил 1 январга қадар экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50%игача миқдори компенсация қилинади.