Полезное для бухгалтера в ноябре:
Бинони бузишда мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш керакми
Корхона бино жойлашган ер участкасини олди. Эски бино ўрнида янгиси қурилади.
Бу вазиятда мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш керакми? Буни buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:
Мол-мулк солиғи
– Мол-мулк солиғи солиш объекти - кўчма мулк, унинг жумласига солиқ солиш мақсадларида, хусусан, кадастр органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотлар киради . Солиқ базаси - бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида аниқланадиган бинонинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати ҳисобланади.
Бинобарин, агар бинони давлат рўйхатидан ўтказиш лозим бўлса, унга корхона балансидан ҳисобдан чиқарилгунга қадар мол-мулк солиғи солинади.
Асосий воситаларнинг қиймати корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан баланс ҳисобидан чиқарилиши мумкин. Ҳисобдан чиқариш тартиби махсус Низомда белгиланган.
Бино балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан бошлаб солиқ базаси - ўртача йиллик қолдиқ қиймати ўзгаради, сабаби у ҳар бир ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра солиқ солиш объектларининг қолдиқ қийматларидан келиб чиқиб аниқланади .
Барпо этилаётган янги бино қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаса, тугалланмаган объект сифатида солиқ солиш объектига айланиши мумкин. Агар ушбу муддат белгиланмаган бўлса - қурилишга рухсатнома олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар сирасига киради .
Қурилиши тугалланган бинога эса у фойдаланишга киритилган ойдан бошлаб солиқ солинади.
Ер солиғи
Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида юридик шахсларда бўлган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг солиқ солиш объектидир . Корхона ер участкаларига тегишли ҳуқуқ вужудга келганидан (кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганидан) кейинги ойдан эътиборан солиқ тўлашни бошлайди .
СКнинг келтирилган нормасидан келиб чиқиб, ер солиғини ушбу участкада бино мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар тўлаш лозим.