Полезное для бухгалтера в ноябре:
Айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар ўзгарди
Қонунчиликка жарима санкцияларини қўллаш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди . Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида.
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун
2022 йил 12 мартдан бошлаб ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминламаганлик учун жарималар миқдорлари камайтирилди. Энди уларнинг миқдорлари “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 11-1-моддасида белгиланган. Илгари ушбу масала Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинган .
Солиқ кодекси
СК 227-1-модда билан тўлдирилди.
2022 йил 12 июндан бошлаб тадбиркорлар қуйидагиларни бузганлик учун жаримага тортилади:
- қонунчиликда белгиланган қуйидаги талабларни ёки тартибни бузиш:
- фискал белгиларни акс эттириш;
- автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
- солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
- тамаки, алкоголь ва пиво маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш.
2022 йил 12 сентябрдан бошлаб эса ушбу жарима товарларнинг (маҳсулотларнинг) барча турларини мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганларга татбиқ этилади.
Жарима қоидаларни бузган ҳолда товар реализацияси амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс
Агар солиқ органларининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими қуйидагиларни қайд этса, юридик шахсларнинг раҳбарлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарлика тортилади :
- солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатда тақдим этмаслик;
- солиқлар ва йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик.
Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш учун киритилган ўзгартиришлар муносабати билан илгари белгиланган жарималар деярли икки бараварга оширилади. Агарда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари кўп миқдордаги қийматда бузилса, мансабдор шахслар учун жарима БҲМнинг 80 бараварини ва фуқаролар учун - БҲМнинг 70 бараварини ташкил қилади.
Шунингдек, товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун нақд пул маблағлари билан ёки пластик карточкалар бўйича ҳисоб-китоблар шаклига қараб, уларнинг нархларини сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш учун жавобгарлик киритилмоқда. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима БҲМнинг 30 баравари миқдорида белгиланган .
Мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш мансабдор шахсларни БҲМнинг 100 баравари миқдорида жаримага тортишга олиб келади .
Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун маъмурий жарималар оширилмоқда: фуқаролар учун - БҲМнинг 20 баравари, мансабдор шахслар учун - БҲМнинг 30 баравари.
Солиқ солиш объектларининг ҳисобини ва ҳисоботини юритишнинг белгиланган тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш учун жавобгарликни назарда тутувчи модда қайта кўриб чиқилди. Солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик учун маъмурий жарима БҲМнинг 10 бараваригача оширилди .
Модданинг алоҳида қисми билан энди қонунчиликда белгиланган қуйидаги талабларни ёки тартибни бузиш учун жазо назарда тутилган :
- фискал белгиларни акс эттириш;
- автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
- солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
- солиқ органларига ахборот бериш.
Ходимлар сонини яшириш учун жарима миқдори оширилди. Биринчи гал у БҲМнинг 10 бараварини, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда - БҲМнинг 20 бараварини ташкил қилади.
Киритилган ўзартиришлардан сўнг жиноят ишлари бўйича судлар қуйидаги масалалар бўйича давлат солиқ органларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқмайди :
- фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқнинг ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса;
- солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик ёки камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларнинг асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик ;
- қуйидагиларни бузиш:
- тўлов интизомини бузиш, шу жумладан қарздор корхоналардан тўловларни ундириш бўйича солиқ органларининг инкассо топшириқларини бажармаслик;
- корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар мавжуд бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузиш;
- пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатини бузиш ;
- фискал белгиларни акс эттириш;
- автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
- солиқ органларига тегишли ахборот бериш.
Солиқ органларининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима солиш тўғрисида қарор чиқариш тартиби белгиланди:
- у маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади ва электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади;
- унга солиқ органларининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини қўллаш орқали олинган тегишли материаллар илова қилинади;
- бутун ҳужжатлар тўплами, жумладан қарорнинг ўзи у чиқарилган кундан эътиборан 3 кун ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.
МЖТКга ўзгартиришлар 2022 йил 12 сентябрдан кучга киради. Истисно - алкоголь, тамаки ва пиво маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш учун жарималар. Уларни қўллаш 2022 йил 12 июндан бошланади.