Бухгалтерлар ва тадбиркорлар сўровининг I босқичи нимани кўрсатди

preview

Молия вазирлигининг Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти buxgalter.uz билан биргаликда корхоналар бухгалтерлари ва раҳбарларини сўровдан ўтказишни давом эттирмоқда.  Унинг 2022 йил 20 июнга қадар давом этадиган  II босқичида - валюта тушуми келиб тушишидан қатъи назар ҚҚСни ҳисобга олиш; мол-мулк солиғи ҳисоб-китоби ва барча ҚҚС тўловчилар учун ягона солиқ даври бўйича саволлар бўлади. 

Сўровнинг I босқичида 500 нафардан зиёд киши иштирок этди. Уларнинг жавоблари нимани кўрсатади?

 

1. Амортизация нормаларининг оширилиши

Солиқ сиёсатининг йўналишларидан бири - инвестиция фаолиятини рағбатлантириш. 2022 йилда у амортизация ажратмалари нормаларини ўртача 2 бараварга ошириш ҳисобига амалга оширилган. Фойда солиғи бўйича мажбуриятларни камайтириш орқали инвестицияларнинг қайтарилишини жадаллаштириш назарда тутилганди. Амортизация суммаси солиқ солинадиган фойдани камайтиради, бу солиқ базасининг камайишига ва тегишинча, солиқ суммасининг камайишига олиб келади.

2022 йилнинг дастлабки 5 ойи ушбу механизм кўпчилик корхоналарда ишлаганини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг 52,3%и солиқ солиш мақсадида амортизация ставкаларининг оширилиши корхонанинг молиявий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатганини қайд этди. Бунда бухгалтерларнинг 35,7%и фойда солиғи уларда бироз камайганлигини кўрсатиб ўтишди.

 

Кимлар учун чора фойдали бўлмади

Ушбу солиқ сиёсати чорасининг аниқ самарасини, биринчи навбатда, катта ҳажмдаги асосий воситаларга эга корхоналар сезиши керак эди. Агар АВ кам бўлса, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатига амортизация ажратмаларининг ошиши сезиларли даражада таъсир қилмайди. Буни сўралганларнинг 41,1%и тасдиқлади ва айнан шу корхоналар ўз ишларида кўп миқдорда АВларга муҳтож эмаслар.

 

2. Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби учун амортизация нормалари

Амортизация ҳисоблашни оширишнинг яна бир усули - бухгалтерия ҳисобида СКда белгиланганига нисбатан оширилган ставкалардан фойдаланиш. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, аксарият бухгалтерлар (респондентларнинг 62,3%и) солиқ ҳисобида ҳам, бухгалтерия ҳисобида ҳам айни бир ставкаларни қўллайди. Сўров иштирокчиларининг фақат 37,7%и амортизациянинг турли ставкаларини қўллаш имкониятидан фойдаланган.

 

Нима учун ҳамма ҳам қўлламади

Бухгалтерлар солиқ ва бухгалтерия ҳисобида амортизациянинг турли ставкаларини қўллаш учун қонунчиликда белгиланган имкониятлардан унчалик хушламай фойдаланишлари сабабларини кўрсатадилар. Улар орасида:

  • ҳисобнинг мураккаблашиши, солиқ ва бухгалтерия ҳисоби бўйича амортизация суммаларидаги тафовутларни доимий назорат қилиш зарурати;
  • амортизациянинг оширилган ставкаларини қўллашда фойданинг камайиши солиқ органлари эътиборини жалб қилиши мумкинлигидан хавфсираш, бу тушунтиришни талаб қилади;
  • хатога йўл қўйиш хавфи.

 

3. Инвестициявий чегирма

Бир марталик инвестициявий чегирма ҳам инвестицияларни рағбатлантириши керак эди. 2022 йилдан бошлаб унинг ҳажми 2 баравар ошди. Эслатиб ўтамиз: бир марталик инвестициявий чегирма янги технологик асбоб-ускуналарни сотиб олиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш, янги маҳаллий дастурий таъминотни сотиб олиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқариш бино ва иншоотларини реконструкция қилишда қўлланилади.

Бундай имкониятдан сўралганларнинг катта бўлмаган қисми фойдаланган - 6,7%.

 

Нима учун чора ҳали ишламади

Энг аввало, ушбу норма оммавий тарзда қўлланилаётганига ҳали кўп бўлмади. Респондентларнинг 70%ининг тушунтиришича, бир марталик инвестициявий чегирмани қўллаш учун ҳали уларда асос бўлмаган. Яна 21,2%и бундай имкониятдан хабардор эмаслигини таъкидлади.

 

4. Курсдаги фарқлар

Бухгалтерлар сўровининг биринчи қисмининг сўнгги саволи солиқ солиш мақсадида курсдаги фарқлар ҳисоб-китобининг янги қоидаларига бағишланганди. Сўров иштирокчиларининг деярли ярми (47,3%и) ҳисоб-китобларда қийинчиликларга дуч келаётганликларини таъкидладилар, чунки янги қоидалар уларга тўлиқ тушунарли эмас.

Сўровда қатнашган бухгалтерларнинг 17,7%ида бундай ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар йўқ. Яна 14,7%и янги қоидалар туфайли солиқ солинадиган фойда суммаси сезиларли даражада ўзгаради, деб ҳисоблайди.

Сўров натижаларидан келиб чиққан ҳолда Молия вазирлигининг Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти курсдаги фарқларга солиқ солиш бўйича расмий тушунтиришлар беради.

Эътибор беринг

Сўровноманинг II босқичига ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text182110_buhgalterlar_va_tadbirkorlar_surovining_i_bosqichi_nimani_kursatdi