Кредитор ўзгариши тариф преференциясига бўлган ҳуқуқни йўқотишга олиб келадими

preview

Ўзбекистон резиденти бўлган МЧЖ 2022 йил январь ойида Россия Федерациясидан нотехнологик ускуналарни импорт қилди. Ўзбекистон ва Россия МДҲга кириши боис, товарларнинг божхона расмийлаштирувида (ИМП 40) имтиёзни қўллашди, божхона божи тўланмаган. Етказиб берувчилар билан тўлиқ ҳисоблаша олишмади. Апрель ойининг охирида етказиб берувчининг (Россия) илтимосига биноан ва бизнинг розилигимиз билан уч томонлама цессия (воз кечиш) шартномаси тузилди, унга асосан қарзни талаб қилиш ҳуқуқи Буюк Британия юридик шахсига ўтказилди. Бу вазиятда имтиёз (божхона божидан озод қилиш) сақланиб қоладими?”.

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси раиси Арсен АЙРАПЕТЬЯНЦ жавоб берди:

 

– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ,

Ўзбекистон билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар бўйича божхона божи тўланмайди .

Агар контракт шартлари ўзгартирилса ёки тўлдирилса, ушбу ўзгартиришлар қўшимча битим билан қайд этилиши ва контрактлар билан бўлгани сингари тартибда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритилиши керак.

Агар битим тарафлари ёки уларнинг реквизитлари ўзгарган бўлса, хўжалик юритувчи субъект ушбу қўшимчалар контрактларга ёки инвойсларга ва тегишли маълумотлар ТСОЯЭАТга киритилган санадан бошлаб 10 иш куни мобайнида "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимига расмийлаштирилган божхона юк декларацияларига тегишли ўзгартиришларни киритиш бўйича давлат божхона хизмати органларига мурожаат этишлари шарт. .

Кўриб чиқилаётган вазиятда цессия шартномаси тузилганидан кейин битим шартлари ўзгартирилди, БЮДга ўзгартиришлар киритилди. Энди етказиб берувчи (кредитор) Буюк Британия ҳисобланади. Бинобарин, ушбу шартномага нисбатан қонун ҳужжатлари битим шартларидаги ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилиши керак.

Буюк Британия билан бизда эркин савдо режими мавжуд эмас, бинобарин, божхона божлари тўланиши зарур. Таъкидлаб ўтаман, БКнинг 300-моддасида назарда тутилган преференциялар бу ҳолатда энди бўлмайди.

Бу масала бўйича БКнинг 3-моддасига асосланган ўзгача нуқтаи назар мавжуд, унга асосан  божхона ишида божхона органи божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олган куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади. Бунинг тарафдорлари кредиторни алмаштириш товар бўйича тариф преференциясига бўлган ҳуқуқни йўқотишга олиб келмайди деб ҳисоблашади. Улар ўз позицияларини "Эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимига олиб кирилган товарларнинг божхона расмийлаштирувида тариф преференцияси қўлланилганлиги ва божхона божи тўланмаганлиги, БКнинг 300-моддаси талабларига риоя қилинганлиги билан асослашади. Кредитор ўзининг талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечганда  мажбуриятда шахсни (кредиторни) алмаштириш содир бўлди. ФКнинг 315-моддасига амал қилган ҳолда ушбу нуқтаи назар тарафдорлари дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқнинг ўтиш даврида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартларда ўтади, деб ҳисоблашади, чунки шартномадан ва қонун ҳужжатларидан бошқача қоида келиб чиқмайди.

Мен бу позицияга қўшилмайман, чунки бу ҳолатда қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришлар фактлари йўқ, шартнома шартларида ўзгартиришлар мавжуд. Бунда - преференцияларни қўллаш нуқтаи назаридан муҳим ўзгартиришлар.

Россиянинг етказиб берувчилари – Ўзбекистон билан эркин савдо зонаси резидентлари товарлари учун белгиланган преференциялар Буюк Британия етказиб берувчиларининг товарларига татбиқ этилмайди.

 

ТИФ ТИФ ТИФ /ru/publish/doc/text183287_kreditor_uzgarishi_tarif_preferenciyasiga_bulgan_huquqni_yuqotishga_olib_keladimi