Полезное для бухгалтера в декабре:
СКга ўзгартиришлар: МИЗ иштирокчилари учун имтиёзлар
12.07.2022 йилдаги ЎРҚ-783-сон Қонуни билан СКга киритилган ўзгартиришлар юзасидан Молия вазирлигининг тушунтиришларини эълон қилишни давом эттирамиз. Ушбу материалда - МИЗ иштирокчилари учун янги имтиёзлар:
2022 йил июлга қадар имтиёзлар қандай қўлланилган?
ПФ-4853-сон Фармонга асосан (ПФ-6011-сон Фармонни инобатга олган ҳолда) МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз улар киритган инвестициялар ҳажмига қараб қўлланилади:
- 300 минг АҚШ долларидан 3 млн АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 3 йил муддатга;
- 3 млн АҚШ долларидан 5 млн АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 5 йил муддатга;
- 5 млн АҚШ долларидан 10 млн АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 7 йил муддатга;
- 10 млн АҚШ доллари ва ундан юқори — 10 йил муддатга.
Агар МИЗ иштирокчилари 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларининг реестрига киритилган ва кўрсатилган имтиёзни қўллаган бўлса, у ҳолда бундай солиқ тўловчилар хеч қандай чекловларсиз фойда солиғи имтиёзларидан тўлиқлигича фойдаланишга ҳақли (асос: СК 483-м. 19-қ.).
Мисол. Корхона 2019 йил июль ойида МИЗ иштирокчилари реестрига киритилган. Инвестиция ҳажми – 4 млн АҚШ доллари. 2016 йил 26 октабрдаги ПФ-4853-сон Фармонга асосан фойда солиғи бўйича имтиёзлар амал қилиш муддати – 5 йил.
Корхона 2019 йил июль ойидан фойда солиғи бўйича имтиёзларни 5 йил давомида қўллашга ҳақли.
2022 йил июлдан кейин имтиёзлар қандай қўлланилади
2022 йил июлдан бошлаб Солиқ кодексида фойда солиғи бўйича янги имтиёзлар кўзда тутилди ва уларнинг муддатлари киритилган инвестиция ҳажмига қараб белгиланди:
- 3 млн АҚШ долларидан 5 млн АҚШ долларигача – 3 йил
- 5 млн АҚШ долларидан 15 млн АҚШ долларигача – 5 йил
- 15 млн АҚШ доллари ва ундан юқори – 10 йил.
МИЗ иштирокчилари махсус иқтисодий зона ҳудудида ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) обектини фойдаланишга қабул қилинган санадан бошлаб имтиёзни қўллашга ҳақли.
Агар МИЗ иштирокчиси инвестициялар ҳажмини имтиёзнинг амал қилиши узоқроқ муддатини назарда тутувчи миқдоргача оширса, у ҳолда солиқ тўловчи имтиёз амал қилишининг кўпроқ муддатига талабгор бўлишга ҳақли.
Мисол. 2022 йилда МИЗ иштирокчисининг инвестиция ҳажми 4 млн АҚШ долларини ташкил этган. Корхона объектни ишга тушириш санасидан бошлаб фойда солиғи бўйича янги имтиёзни қўллади. Имтиёзнинг амал қилиш муддати – 3 йил. Имтиёзли давр мобайнида корхона инвестицияларни 6 млн АҚШ долларигача оширди, шунинг учун имтиёзнинг амал қилиш муддати 5 йилгача узайтирилади .
Агар инвестициялар ҳажми имтиёзлар амал қилишнинг олдинги муддати тугагандан кейин оширилган бўлса, имтиёз уларни амал қилишнинг қолган узоқроқ муддатига ҳуқуқ юзага келган ойдан кейинги ойнинг 1 кунидан эътиборан қўлланилади.
Агар МИЗ иштирокчиси бир нечта турдаги фаолият билан шуғулланса имтиёз қандай қўлланилади
Имтиёз фақатгина инвестор ва МИЗ Дирекцияси ўртасида тузилган МИЗ ҳудудида инвестиция тўғрисида шартномада назарда тутилган фаолиятдан олинган фойдага нисбатан қўлланилади.
Агар МИЗ иштирокчиси қўшимча равишда бошқа фаолият турлари билан шуғулланса, у имтиёзли ва солиққа тортиладиган фойдани аниқлаш мақсадида даромад ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши лозим .
Манбага қаранг.
Молия вазирлиги
Ахборот хизмати