Резидентлик сертификати бўлмаса, норезидентдан олинадиган даромад солиғи қандай тўланади

preview

«Корхона объектни модернизациялаш бўйича хизматларни кўрсатиш учун норезидент юридик шахс билан контракт тузди. Бажарилган ишлар далолатномаси имзолангач, аккредитив счётдан тўлов олиб қолинди. Резидентлик сертификати тўлов тўлангандан кейин тўрт кун ўтгач олинди».

Buxgalter.uz илтимосига кўра МВ Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА ва ДСҚ Солиқ солиш услубияти департаментининг халқаро солиқ солиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА бу ҳолда норезидентнинг даромадларидан солиқ тўлаш кераклиги борасида тушунтириш бердилар:

 

«Контракт шартларига кўра 2020 йил 6 ноябрда норезидент номига контрактнинг тўлиқ суммасига чақириб олинмайдиган аккредитив очилди. 2020 йил 11 ноябрда ижрочининг банки аккредитив очилганини тасдиқлади. 2020 йил 30 декабрда норезидент билан бажарилган ишлар далолатномаси имзоланди. 2020 йил 31 январдаги ва 2021 йил 23 февралдаги ҳолатга кўра резидентлик сертификати мавжуд бўлган. Тўлов 2021 йил 19 февралда аккредитив счётдан олиб қолинди. Шундан сўнг ДСИ норезидентнинг даромадларидан солиқ тўлаш ҳақида талабнома тақдим этди, сабаби чақириб олинмайдиган аккредитив счётидан пул олиб қолинган санага келиб норезидентни солиқ органларида доимий рўйхатга қўйиш ҳақида гувоҳнома бўлмаган. Ушбу давлат билан Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилган».

 

– Даромад тўланган санага келиб корхонада хорижий компаниянинг резидентлик сертификати бўлмагани боис у норезидентнинг даромадидан фойда солиғини ушлаб қолиши керак эди.

Корхона солиқ агенти сифатида норезидентнинг даромадларидан фойда солиғи солишдан озод қилишни ёки пасайтирилган солиқ ставкасини, агар даромад олувчи иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида Ўзбекистоннинг халқаро шартномаси тузилган давлатнинг солиқ резиденти бўлса, қўллаш ҳуқуқига эга.

Бундай халқаро шартнома қоидалари даромад олувчи томонидан солиқ агентига солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат даромадни тўлаш санасидан кечиктирмай тақдим этилиши шарти билан қўлланилади . Бундай ҳужжатга қўйиладиган талаблар СК 358-м. билан белгиланган.

Норезидентнинг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган давр мобайнида Ўзбекистон халқаро шартнома тузган давлатнинг солиқ резиденти деб норезидент эътироф этилади.

Агар ушбу ҳужжатда солиқ резидентлиги даври кўрсатилмаган бўлса, бундай ҳужжат берилган (чет давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган) календарь йил мобайнида норезидент хорижий давлатнинг солиқ резиденти деб эътироф этилади.

Аккредитив бўйича ҳисоб-китоб қилинганида мижознинг (тўловчининг) топшириғи билан аккредитив очган банк-эмитент маблағларни олувчи (ёки у кўрсатган шахс) ҳужжатларни тақдим этган ва аккредитивда назарда тутилган бошқа шартларни бажарган тақдирда тўловни амалга ошириш мажбуриятини олади .

Маблағ олувчининг розилигисиз бекор қилиниши мумкин бўлмаган аккредитив чақириб олинмайдиган аккредитив дейилади . Бундай аккредитив очилганда норезидент ҳали даромад олмайди. Норезидентга даромадни тўлаш аккредитив счётидан пул ўтказиш ҳисобланади .

2020 йил 31 январдаги резидентлик сертификати 2021 йилга татбиқ этилмаслиги, 2021 йил 23 февралдаги сертификат эса норезидентга даромадни тўлаш санасидан (2021 йил 19 февралдан) кейин тақдим этилгани боис корхонада норезидентнинг даромадидан солиқни ушлаб қолмаслик ёки пасайтирилган ставкани қўллаш учун асос бўлмаган.

Эътибор беринг
Бундай муаммоларга йўл қўймаслик учун норезидент билан тузиладиган шартномада ундан резидентлик сертификатини олгач, чақириб олинмайдиган аккредитивни расмийлаштиришни назарда тутишни тавсия этамиз.
Эътибор беринг

Норезидент учун солиқни Ўзбекистон корхонаси ўз маблағлари ҳисобидан тўласа, солиқ агентининг солиқни ушлаб қолиш ва ўтказиш бўйича мажбурияти бажарилган деб эътироф этилади . Бу ҳолда солиқ қайтарилмайди.

Қуйидаги тавсияда янада фойдали маълумотларни топасиз:

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text185137_rezidentlik_sertifikati_bulmasa_norezidentdan_olinadigan_daromad_soligi_qanday_tulanadi