2023 йил 1 февралдан нималар ўзгаради

preview

2023 йил 1 февралдан қонун ҳужжатларига ўзгартиришларнинг навбатдаги тўплами кучга киради. Бу сафар улар камроқ ҳамда кичик ва ўрта корхоналарнинг ССП аъзолигига, заргарлик буюмларини олиб чиқиш қоидалари, заргарлар учун банк кафолатлари ва адвокатлар фаолиятининг айрим жиҳатларига дахл қилади.

 

Эслатиб ўтамиз
Сув ва чанқоқбости ичимликларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар 2023 йил 1 февралга қадар “Asl Belgisi” тизимида рўйхатдан ўтишлари ва рақамли маркировкалар тизими оператори «CRPT TURON» МЧЖ билан шартнома имзолашлари шарт . Батафсил...

Хуллас, 2023 йилнинг 1 февралидан бошлаб:

 

1. Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари ССПга бадаллар тўламайди

2023 йил 23 январдаги ПҚ-15-сон қарорнинг 2-бандига асосан микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Савдо-саноат палатаси аъзолигига аъзолик ва кириш бадалларини тўламасдан қабул қилинади. Бунда улар аъзолик билан боғлиқ Палата хизматларидан тўлақонли фойдаланиш ҳуқуқига эга, қўшимча пуллик хизматлар бундан мустасно.

 

2. Заргарлик буюмларини декларация тўлдирмасдан олиб чиқиш шартлари белгиланди

23.12.2022 йилдаги ПҚ-452-сон қарорнинг 4-бандига асосан:

  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга - заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритмасдан Ўзбекистондан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга;
  • резидент ва норезидент жисмоний шахсларга - қиймати 100 млн сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишга рухсат этилади. Декларацияни тўлдириш талаби кўпроқ суммада буюмларни олиб чиқишда сақлаб қолинади.

 

3. Заргарлар фаолияти қўшимча қўллаб-қувватланади

Қимматбаҳо металларни товар-хомашё биржаси орқали кечиктириб тўлаш шарти билан сотганда :

1) сотиб олинган қимматбаҳо металлар учун тўлов мажбуриятларини "Ўзмиллийбанк" АЖнинг кафолати билан бир қаторда бошқа банкларнинг кафолатлари ҳамда тегишли ташкилотнинг кафиллиги билан ҳам таъминлашга;

2) банк кафолатини заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга ҳам беришга;

3) тўлов мажбуриятларини таъминлаш мақсадида бериладиган банк кафолати бўйича хизмат ҳақини тарафларнинг келишувига асосан қатъий миқдордаги суммада белгилашга рухсат этилади.

Тижорат банкларига заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга кредитлар ҳамда банк кафолатларини револьвер тарзда тақдим этиш тавсия қилинди.

 

4. Адвокатлик ташкилотлари ордерларни электрон шаклда беришлари мумкин

30.05.2022 йилдаги ПҚ-263-сон қарорнинг 4-бандига асосан адвокатлик тузилмалари ўз аъзоларига муайян ишни олиб бориш учун “Электрон адвокатлик ордери”ни  беришлари мумкин. Электрон ҳужжатдаги QR-код анъанавий қоғоз шаклидаги ордерга тенглаштирилади. Бунда ушбу ордер ҳақидаги маълумот (рақами ва санаси) “Юридик ёрдам” ахборот тизимига мажбурий равишда киритилиши лозим.

Адвокат сўрови шаклига қўйилган, илгари  амал қилган талаблар бекор қилинади (ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш).

 

5. Нефть маҳсулотлари ҳамда ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бўйича акциз солиғи ставкалари 10%га индексация қилинмоқда. Батафсил...

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text187750_2023_yil_1_fevraldan_nimalar_uzgaradi