Полезное для бухгалтера в ноябре:
E-aktiv тизимини киритиш 2023 йилнинг 1 октябрига қолдирилади
Buxgalter.uz сайти маълумотига кўра, 2023 йилнинг 1 март кунидан бошлаб солиқ тўловчилар Давлат солиқ қўмитасининг E-aktiv ахборот тизимидан тажриба тариқасида фойдалана оладилар. Тизимдан оммавий фойдаланиш 2023 йилнинг 4-чорагидан бошлаб мажбурий тарзда киритилиши мумкин.
2023 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 22.09.2021 йилдаги “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 595-сонли қарорининг 3-банди б) кичик банди кучга киради. Унга кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар «E-aktiv» автоматлаштирилган ахборот тизимида қуйидагиларни акс эттиришлари лозим:
– асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш), ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни;
– ушбу активларни хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида йўқ қилинганда ва камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) сабабли ҳисобдан чиқариш бўйича операцияларни.
Buxgalter.uzга маълум бўлишича, Солиқ қўмитаси E-aktiv тизимининг асосий функцияларини ишлаб чиқишни якунлади. Тизимни турли соҳаларнинг ўзига хос жиҳатларига монанд тарзда тажриба тариқасида синовдан ўтказиш ва созламаларини такомиллаштириш заруратини ҳисобга олган ҳолда, ундан мажбурий фойдаланиш муддатини кўчириш тўғрисида қарор тайёрланмоқда.
Солиқ қўмитаси мутахассисларининг хабар беришича, ҳозирги босқичнинг ўзида Тизим товарлар, асосий воситалар ва номоддий активларни миқдорий кўрсаткичлари бўйича ҳисобини юритиш имконини беради. Бунда харид бўйича кирим қилиш ва активлар реализация қилинганда уларни ҳисобдан чиқариш автоматик тарзда, электрон ҳисобварақ-фактуралар маълумотларига асосан амалга оширилади. Харидлар ва реализация билан боғлиқ бўлмаган операцияларни ҳисобга олишни автоматлаштириш, шу жумладан омборлар ўртасидаги кўчиришларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, бухгалтерия дастурлари (1c, 1uz, SAP ва ҳ.к.з. ) учун иловаларнинг интерфейсларидан (API) фойдаланиб амалга оширилиши мумкин бўлади.
3-чорак охиригача асосий тармоқлар ва фаолият турларидан йирик ва виждонли солиқ тўловчиларни жалб қилган ҳолда тизимни кенг кўламда синовдан ўтказиш режалаштирилмоқда.
Солиқ қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг фикрича, «E-aktiv» тизимидан кенг кўламда фойдаланишни йўлга қўйиш учун қуйидагилар мақсадга мувофиқ:
– меъёрий ҳужжат сифатида «E-aktiv» тизимидан фойдаланиш қоидаларини тайёрлаш, унда солиқ тўловчининг Тизимда барча хўжалик операциялари бўйича ҳаракатларини қадам-бақадам акс эттириш;
– солиқ тўловчилари орасида Тизим билан ишлаш бўйича батафсил видео- ва матнли йўриқномалар, тушунтиришлар ва бошқа ахборот материалларини тайёрлаш;
– Тизимдан фойдаланаётган солиқ тўловчиларнинг саволлари (сўровлари)га тезкор муносабат билдириш учун Telegramда чат тузиш, шу жумладан иқтисодиёт тармоқлари ва фаолият турлари бўйича махсус чатларни йўлга қўйиш;
– Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб семинарлар ўтказиш;
– солиқ органлари мутахассислари ва хусусий сектор вакиллари иштирокида Тизимни жорий этиш ва такомиллаштириш услублари бўйича эксперт кенгашини шакллантириш.