2022 йил учун даромадлар тўғрисида декларация: нималарни ҳисобга олиш керак

preview

1 апрелда жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати тугайди . Жорий йилда солиқчилар фаол равишда буни электрон шаклда - my3.soliq.uz даги жисмоний шахсларнинг шахсий кабинетидаги функционал ёрдамида амалга оширишга чақиришмоқда. Вазият Солиқ қўмитасининг эътиборини талаб қилмоқда, акс ҳолда кўпгина ҳолатларда топшириладиган декларацияларда хатоликлар бўлиши мумкин.

Вазиятни «Норма» ва buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчилари Азизахон ТОШХЎЖАЕВА ва Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб бердилар:

 

СКда фақат электрон шаклда тақдим этиш талаб қилинадими?

Нафақат янги шаклдаги солиқ декларациясининг имкониятлари ҳақидаги видеороликда, балки солиқ инспекторлари томонидан ҳам солиқ тўловчилар 2022 йил учун даромадларини электрон шаклда декларациялаши айтилмоқда. Бу жорий йилдаги янгилик эканлиги ва солиқ тўловчидан қоғоз шаклидаги декларация қабул қилинмаслиги тушунтирилмоқда. Бундай ҳолат Солиқ кодексининг талабларига зиддир.

Ҳисоботни электрон шаклда топшириш учун my3.soliq.uz даги солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан ва электрон рақамли имзодан фойдаланиш керак. ЭРИ ҳаммада ҳам мавжуд эмаслигини айтиб ўтиш жоиз. Кимда йўқ бўлса, фақатгина декларация топшириш учун уни олишлари ва мажбурий бадални тўлашлари лозим. Агар солиқ тўловчига ЭРИ бошқа нарсалар учун керак бўлмаса, харажат ва вақт талаб этадиган ҳолатларда фақат декларация учун олинади.

Эътибор қаратинг: СКнинг 56-моддаси 4-қ. мувофиқ жисмоний шахслар (ЯТТдан ташқари) солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан ихтиёрий тартибда фойдаланадилар. Бинобарин, жисмоний шахсда декларацияни қоғозда топшириш имконияти бўлиши лозим. Бундай усул СКнинг 82-моддасида тақиқланмаган.

Шубҳасиз, декларацияни электрон шаклда тақдим этишнинг бир талай афзалликлари мавжуд. Балки, кўпчиликка шундай усулда топшириш маъқул бўлиши мумкин. Бироқ бунинг учун шакллар бенуқсон ишлаши лозим. Лекин ҳозир улар техник жиҳатдан мукаммал ишлаб чиқилмаган. Уларнинг кўпчилиги чет эллик шахслар учун ҳисоб-китоблар ва имтиёзларни қўллаш билан боғлиқдир.

 

Даромадлар тўғрисидаги декларациянинг электрон шаклидаги муаммолар

Биз амалиётда дуч келган ҳолатлардан мисоллар келтирамиз:

1. Ўзбекистонда ҳисобланган ва тўланган иш ҳақи ва ЖШДС декларацияда автоматик режимда шаклланади ва акс этади, бироқ бу ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Баъзида иш ҳақи тўлиқ бўлмайди, баъзида эса ЖШДС умуман акс эттирилмайди ёки тўланганидан кам суммада кўрсатилади. Маълумотларни қўлда тузатиб бўлмайди. Бундай имконият берилиши керак.

2. Чет элда олинган даромадни ҳисоблашда шакл ҳисоб-китоб учун курсни нотўғри олади. Масалан, Россия рубли курси 31.01.2022 йилда 138,77 сўмни ташкил қилган, биз айнан шу суммани кўрсатамиз. Бироқ дастур фақат 138 сўмни олади, тийинларни эса тушириб қолдиради. Натижада қуйидагилар нотўғри ҳисобланади:

– РФда олинган даромад;

– РФда тўланган солиқ;

– ушбу даромаддан Ўзбекистонда ушлаб қолинган 12% ставка бўйича ЖШДС.

3. Дастур чет эллик шахсларга ШЖБПҲни автоматик тарзда ҳисоблайди. Қонунчиликка биноан чет эл фуқаролари ШЖБПҲда ихтиёрий равишда иштирок этадилар. Агар улар ШЖБПҲда иштирок этмасалар, иш берувчи ШЖБПҲни ушлаб қолмайди, ЖШДС бюджетга тўлиқ ўтказилади – декларацияда ШЖБПҲ ҳисобланмайди.

4. ШЖБПҲда иштирок этмайдиган чет эллик шахслар имтиёзларни қўллашда, хусусан, болаларининг хусусий мактаблар/боғчаларда таълим олишида имтиёзларни қўллашда муаммоларга дуч келишлари мумкин. Дастур ЖШДСни қайтариш суммасини, бундай қилиш шарт бўлмасада, ШЖБПҲни чегирган ҳолда ҳисоблайди.

5. 2022 йилнинг бошида чет эллик шахсдан ЖШДС 20% ставка бўйича ушлаб қолинган. Чет эллик шахс резидентга айланганидан кейин у декларация тақдим этиб солиқни қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади . Бироқ электрон шаклда 20% ставка бўйича ЖШДСни кўрсатишнинг иложи йўқ, унда автоматик равишда фақат 12% ставкада ҳисобланади. Натижада қайта ҳисоб-китоб қилиш ва солиқни қайтаришнинг имкони бўлмайди.

6. Технопарк резидент ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга 2028 йил 1 январга қадар 7,5% ставка бўйича ЖШДС солинади . Маълумотномада 7,5% кўрсатилган ҳолатлардагина декларацияда солиқ автоматик равишда 7,5% ставка бўйича ҳисобланади. Қўлда 7,5 %ни кўрсатиб бўлмайди.

7. Дастур чет эллик шахснинг норезидент бўлган даври учун дивидендлар ва фоизлардан ЖШДСни 5% ставка бўйича ҳисоблайди, бу эса – нотўғри. 10%ни умуман кўрсатиб бўлмайди.

8. Айрим ҳолатларда ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида дастур ишида хатоликлар учраб туради. Масалан, Ҳисоб-китобга 5-иловада жисмоний шахснинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги жами даромади ва жами ЖШДС кўрсатилган. Баъзида my3.soliq.uz да даромаднинг бир қисми йўқолиб қолади, лекин солиқ шундайлигича акс этаверади. Агар даромаддаги фарқни қўлда киритилса, унга автоматик равишда яна бир марта қўшимча ЖШДС ҳисобланади. Тегишинча, солиқ ушбу суммага икки бараварга кўпаяди. Бундай вазиятларда даромадлар ва солиқ бўйича маълумотларни қўлда киритишга рухсат берилиши керак.

9. Декларацияда жисмоний шахс иш жойидан олинган жами даромадни акс эттириши лозим. Бундан кейин эса иш берувчи томонидан унинг даромадларига қўлланилган ЖШДС бўйича имтиёзлар акс эттирилади. Солиқ базаси жами даромаддан имтиёз суммаларини чегирган ҳолда шакллантирилади. Бироқ декларацияда буни тўғри кўрсатишнинг имкони бўлмайди. Тизим даромад суммасини бирйўла имтиёзларни чегирган ҳолда кўрсатади. Масалан, иш ҳақи 100 млн сўм бўлган, имтиёз 3 млн сўмни ташкил қилган, иш берувчи уни ходимнинг даромадига қўллаган. my3.soliq.uz да эса автоматик равишда даромад – 97 млн сўм деб акс эттирилади. Тизимда даромадни 100 млн сўм деб кўрсатиб бўлмайди, декларациядаги маълумотлар нотўғри бўлиб қолади.

10. Амалиётда иш берувчи корхона солиқ имтиёзини нотўғри қўллаши ёки ЖШДС бўйича солиқ базасини хато аниқлаши, натижада эса ходимнинг даромадларидан ЖШДСни нотўғри ушлаб қолиши мумкин. Жисмоний шахс бўлган ходим ЖШДС тўловчи ҳисобланади. Агар у ўз даромадларига солиқ солинишида хатолик борлигини аниқлаган бўлса, ушбу хатоларни жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этишда тузатиш киритиш – қўшимча ҳисобланган солиқни тўлаш ёки ортиқча ушлаб қолинган солиқни қайтариб олиш имконига эга бўлиши лозим. Декларациянинг электрон шаклида бундай имконият мавжуд эмас.

Масалан, ходимнинг иш ҳақидан фарзандининг ўқиш пули – 1 ой учун 5 млн сўм тўланган, кейин ушбу сумма иш ҳақидан ушлаб қолинган. Бухгалтер хатоликка йўл қўйиб, 3 млн сўмга қўлланиши лозим бўлган имтиёзни 5 млн сўмга қўллаган. Ходим маълумотномани олгач хато борлигини кўрган ва 2 млн сўм фарқдан солиқни тўламоқчи бўляпти. Айни пайтда бу имконсиздир.

11. Жисмоний шахс декларацияни тўлдириш жараёнини бошлаганда СМС олади, унда декларацияси қабул қилинганлиги хабар қилинади – бу эса уни чалғитиб юборади. Бундан ташқари, тўлдирилган, лекин ҳали жўнатилмаган декларация қоралама ҳужжат тариқасида сақланмайди, унда кўрсатилган маълумотларни ўзгартириб бўлмайди, декларацияни эса ўчириш ҳам, фаолсизлантириш ҳам имконсиз. Дастур кейинчалик ана шундай нотўғри маълумотлар билан ишлашни таклиф қилади. Бу эса солиқ нотўғри ҳисобланишига олиб келади.

 

Солиқ тўловчида барча зарур маълумотлар ва ЭРИ бўлса, уни ана шундай «совғалар» кутиб олиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ бунда ҳам муаммолар бўлиши мумкин… Масалан, чет эллик шахсларнинг болаларида ЖШШИР бўлмаслиги, декларация шаклида эса боланинг ўқиши бўйича (мактаб, боғча, касбий таълим, олий ўқув юрти) имтиёзни қўллаш учун ЖШШИР кўрсатилиши шартлиги белгиланган. Бу – янгилик бўлиши керак, чунки 2010 йилдан олий ўқув юртидаги ўқиш ҳақини тўлашда имтиёзларни қўллаш учун боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси/паспорти кўрсатилиши етарли бўлган.

Бинобарин, бундай ходимлар имтиёздан фойдаланишлари учун, аввало, фарзандига ЖШШИР олишлари лозим. Бундай муаммоларни юзага келтирмаслик учун шаклда муқобиллик назарда тутилиши мумкин. Агар ЖШШИР бўлмаса – боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ёки паспорти нусхасини бириктириш мумкин бўлсин.

Бундай муаммолар рўйхати солиқчиларга кўриб чиқиш учун берилган, бироқ бугунги кунга келиб декларациянинг электрон шаклида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаган.

Биз муаммони ҳал этишнинг қуйидаги йўлларини айтиб ўтмоқчимиз:

1) барча ҳисоб-китоблар тўғри амалга оширилиши учун электрон шаклни созлаш керак. Бу анча вақтни олади, балки муаммоли ҳолатларнинг барчаси аниқланмаган бўлиши ҳам мумкин;

2) декларацияни қоғоз шаклида тақдим этиш имконияти берилиши керак, чунки кимлар учундир фақат шу вариант мақбул бўлиши мумкин;

3) 2022 йил учун декларацияларни тақдим этиш муддатларини узайтириш имконияти кўриб чиқилиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.


ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text188584_2022_yil_uchun_daromadlar_tugrisida_deklaraciya_nimalarni_hisobga_olish_kerak