Роялтидан солиқни қандай ставкада ушлаб қолиш керак

preview

Корхона норезидент билан ДТни етказиб беришга доир контракт тузди. Ўзбекистон ва норезидентнинг мамлакати билан иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Конвенция имзоланган.

Бу вазиятда норезидентнинг роялти тарзидаги даромадидан олинадиган солиқ ва ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилиши ва солиқларни ҳисоб-китоб қилишда нимага эътибор бериш лозимлигини “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА ва “Норма” эксперти Дилором САИДОВА тушунтиришди:

 

– Роялти – бу ҳар қандай номоддий активдан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи, шу жумладан – дастурий таъминот ва маълумотлар базаларига бўлган муаллифлик ҳуқуқлари учун тўловлар

Ўзбекистонда доимий муассасага эга бўлмаган норезидентга роялти тўлаган ҳолда Ўзбекистон корхонаси фойда солиғи бўйича солиқ агентига айланади .

Роялтига ҳар сафар даромад тўлашда 20% ставка бўйича солиқ солинади . Агар норезидентнинг давлати билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва зарур ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисида халқаро битим тузилган бўлса , халқаро битимнинг нормалари қўлланилади.

Халқаро шартноманинг нормалари халқаро шартнома тузилган давлатнинг солиқ резидентига нисбатан, агар солиқ резиденти ушбу халқаро шартнома қоидаларидан мазкур халқаро шартнома тузилган давлатнинг солиқ резиденти бўлмаган бошқа шахс манфаатларини кўзлаб фойдаланса, татбиқ этилмайди . Шу боис, халқаро шартноманинг нормаларини қўллаш чоғида даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахсни, бошқача айтганда – ҳуқуқ эгасини  тўғри аниқлаш муҳимдир.

Эътибор беринг
Ушбу солиқ афзалликларини фақат резидентлик сертификати ва даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда қўллаш мумкин .
Мисол
Даромад олувчиси даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуққа эга эмас
ДТнинг ҳуқуқ эгаси – АҚШда рўйхатдан ўтказилган чет эл компанияси. Унинг Нидерландияда шуъба компанияси мавжуд. Нидерландия билан Ўзбекистон иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Битим тузган*. 

Агар Ўзбекистон корхонаси Нидерландиянинг резиденти билан ДТдан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишга доир контрактни ҳар ойда роялти тўлаш билан тузса, у Нидерландия билан тузилган Битимнинг нормаларини қўллай олмайди, сабаби:

1) даромаднинг ҳақиқий олувчиси – Америка компанияси; 

2) Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Битим тузилмаган.


* Конвенцияга Баённоманинг Х-бандига асосан Нидерландия ўзининг миллий қонунчилиги бўйича ҳозирча Ўзбекистоннинг резидентига тўланадиган роялтидан олинадиган даромадлардан тўлов манбаида солиқни ушлаб қолмаётганида, Ўзбекистон Нидерландиянинг резидентига тўланадиган роялти тарзидаги даромаддан олинадиган солиққа ноль даражали ставкани қўллайди.

Агар солиқ агенти солиқ суммасини ушлаб қолмаса ёки халқаро шартноманинг қоидасини ғайриқонуний равишда қўлласа, бунинг натижасида солиқ ушлаб қолинмаса ёки – тўлиқ бўлмаган миқдорда ушлаб қолинса, солиқ агенти ушлаб қолинмаган солиқ суммасини ва тегишли пеня суммасини ўз ҳисобидан бюджетга киритиши шарт бўлади .

ДТдан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш электрон шаклдаги хизматлар жумласига киради ва ҚҚС солинади . Агар чет эл юридик шахслари электрон шаклдаги хизматлар кўрсатса, бундай хизматларнинг харидорлари солиқ агентлари деб эътироф этилади . Солиқ агенти ҚҚС суммасини ҳисоблаб чиқариши, у солиқ тўловчи эканлигидан ёки солиқ тўловчи эмаслигидан қатъи назар, уни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт .

Роялти тарзидаги даромадни тўлаган ҳолда, солиқ агенти:

1) ҚҚСни ҳисоблаб чиқаради;

2) фойда солиғини ҳисоблаб чиқаради (даромад суммасини ҚҚСни чегириб, фойда солиғи ставкасига кўпайтирган ҳолда);

3) ҚҚС ва фойда солиғини ушлаб қолади;

4) даромаднинг қолган суммасини норезидентга ўтказади.

Эътибор беринг

Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда учта муҳим жиҳатга эътибор беринг:

  1. Норезидентнинг мамлакати билан битим тузилганми (ва битимда солиқнинг қандай ставкаси кўрсатилган)?
  2. Норезидент даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуққа эгами?
  3. Норезидент резидентлик сертификатини тақдим этганми?

ҚҚС суммаси шартнома шартларига боғлиқ ҳолда ҳисоблаб чиқарилади:

  • агар шартномага асосан инвойс суммасида ҚҚС қийматга киритилган бўлса – солиқ агенти ҚҚСни ҳисоблаб чиқаради (инвойс суммаси : 112 х 12%) ва норезидентнинг даромади суммасидан солиқни ушлаб қолади;
  • агар шартномада ҚҚС назарда тутилмаган бўлса – Ўзбекистон корхонаси, солиқ агенти сифатида, ўзи ҚҚСни ҳисоблаб чиқаради (инвойс суммаси х 12%) ва солиқни ўзининг харажатлари ҳисобидан ўтказади.

Норезидентнинг мамлакати билан иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Битим тузилган ва фойда солиғининг камайтирилган ставкаси белгиланган бир нечта мисолларни кўриб чиқамиз:

Мисол
Роялти тарзидаги даромадлардан даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган норезидентнинг фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш. Роялтининг қийматига ҚҚС киритилган
Ўзбекистон корхонаси норезидент билан ДТдан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишга (роялти) доир контракт тузди. Контракт бўйича ҳар ойлик даромад суммаси – $2 000. Норезидентнинг мамлакати билан иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Битим мавжуд, роялти тарзидаги даромадлардан олинадиган фойда солиғи ставкаси – 10%. Норезидент ҳуқуқ эгасининг шуъба корхонаси бўлган ҳолда, даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуққа эга эмас. Ҳуқуқ эгасининг мамлакати билан иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Битим мавжуд эмас.

Даромад тўлашдан олдин Ўзбекистон корхонаси ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқариши ва ушлаб қолиши, қолган суммани эса – норезидентга ўтказиши керак.

Даромад суммасидан ҚҚСни ҳисоблаб чиқарамиз:

  • $2 000 : 112 х 12 = $214.

СКнинг 6-моддасига асосан, агар норезидент даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаса, халқаро битимнинг нормаларини қўллаш мумкин эмас. Шу боис фойда солиғини 20% ставка бўйича ҳисоблаб чиқарамиз .

Даромад суммасидан ҚҚС суммасини айирамиз ва фойда солиғи ставкасига кўпайтирамиз:

  • ($2 000 – $214) х 20% = $357.

Солиқлар ушлаб қолинганидан кейин қолган суммани норезидентга ўтказамиз:

  • ($2 000 – $214 – $357) = $1 429.
Мисол
Роялти тарзидаги даромадлардан даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган норезидентнинг фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш. Контрактда роялтига ҚҚС киритилганлиги кўрсатилмаган
Ўзбекистон корхонаси норезидент билан ДТдан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишга доир контракт тузди. Контракт бўйича ҳар ойлик даромад суммаси – $2 000. Норезидентнинг мамлакати билан иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Битим мавжуд, фойда солиғи ставкаси – 0%. Норезидент – ДТнинг ҳуқуқ эгаси.

Норезидент солиқ резидентлиги сертификатини ва даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуқ тўғрисида ҳужжатни тақдим этди. Ўзбекистон корхонаси солиқни ушлаб қолмайди ва норезидентга  $2 000 ўтказади.

Агар норезидент кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этмаганида, солиқ агенти солиқни 20% ставка бўйича ушлаб қолган бўларди:

  • $2 000 х 20% = $400.

Контрактнинг шартларига асосан роялти суммасига ҚҚС киритилмаган, шу сабабли Ўзбекистон корхонаси ҚҚСни ҳисоблаб чиқаради ва уни ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди:

  • $2 000 х 12 = $240.

Сиз экспертларимизнинг тавсияларида янада кўпроқ фойдали йўл-йўриқларни топасиз:

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text188700_royaltidan_soliqni_qanday_stavkada_ushlab_qolish_kerak