Онлайн-НКТ чеклари ҳақида “қизғин” савол-жавоблар. 2-қисм

preview

Онлайн-НКТ чекига мажбурий талаблар тўғрисидаги вебинарда айтилган энг муҳим савол-жавобларни эълон қилишда давом этамиз. Улар қўл остингизда бўлсин!

Эслатиб ўтамиз: саволларга “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ жавоб берган:

 

Мунозаранинг бошланишини бу ерда кўринг:

 

6. “Биз, юридик шахс ўз мижозларимиз – жисмоний шахслардан кўрсатиладиган хизматлар учун олдиндан тўловни қабул қиламиз. Бизнинг шартномаларимиз хизматлар бир неча ой мобайнида кўрсатилишини назарда тутади, олдиндан тўлов эса қоидага кўра, мижозлар томонидан шартномани имзолашда унинг бутун қиймати миқдорида амалга оширилади. Агар “Сотиш” тўлов тури билан чек расмийлаштирилса, у бўйича барча сумма солиқ бўйича ҳисоботда акс эттирилади, бу эса нотўғри. Мазкур тўлов солиқ ҳисоботида тўғри акс эттирилиши (ҳар ойда, ҳар бир ҳисобот даврида кўрсатилган хизматлар қиймати миқдорида) учун уни қандай расмийлаштириш лозим? Агар шартнома бекор қилинадиган бўлса, қабул қилинган маблағларнинг қайтарилишини қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Бугунги кунда биз мижозларни мажбуран банк орқали ҳисобрақамига тўлаш учун юбормоқдамиз”. 

– Аҳоли билан ҳисоб-китобларда юридик шахслар онлайн-НКТ қўллаши шарт . Бундай ҳисоб-китоб натижасида мижоз НКТ чекини олиши керак.

Олдиндан тўлов “Бўнак” тўлов туридаги чек билан расмийлаштирилади. Бундай чекда фискал белги ва QR-код мавжуд бўлмайди. Мазкур чек бўйича сумма солиқ бўйича ҳисоб-китобда акс эттирилмайди.

Кейинчалик сиз ҳар ойда ҳар бир шартнома бўйича мазкур ойда кўрсатилган хизматлар қиймати суммасига “Сотиш” чекини уришингиз лозим бўлади. Бундай чекни хизматлар кўрсатилган календарь ой тугагунга қадар уриш керак. Бундай чек бўйича сумма солиқ бўйича ҳисоботда акс эттирилади. Шу тариқа – ҳар ойда, сиз ўз шартнома мажбуриятларингизни бажармагунингизга қадар ёки мижоз томонидан амалга оширилган олдиндан тўлов тугамагунига қадар.

Маблағларнинг қайтарилиши Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 6-бобида таърифланган қоидалар бўйича расмийлаштирилади.

Эътибор беринг

Агар сиз бўнак тўлови сифатида тўланган ва ҳали кўрсатилган хизматлар қийматини қоплаш учун фойдаланилмаган суммани қайтарсангиз, қайтариш чекига ҳеч қандай чекни боғлаш керак эмас. Агар гап “Сотиш” чеки билан расмийлаштирилган суммани қайтариш ҳақида борса, ҳисоботни тўғри шакллантириш учун қайтариш чекига “Сотиш” чекини боғлаш лозим бўлади.

Сизга қуйидаги тавсия асқотади:

 

7. “Жисмоний шахс ташкилотнинг ҳисобрақамига пулларни ўтказган ҳолда юридик шахснинг хизматлари учун тўловни амалга оширади. Ташкилот учун жисмоний шахсдан буюртма – кам учрайдиган ҳолат, шу боис бизда онлайн-НКМ мавжуд эмас. Мазкур ҳолда касса чекини бериш ва операцияни солиқ ҳисоботида тўғри акс эттириш учун онлайн-НКТни қандай алмаштириш мумкин?”.

– Мазкур ҳолда мижоз касса чекини олмайди, сабаби ҳисобрақамига ўтказмалар бошқа банк ҳужжатлари билан расмийлаштирилади ва бундай тўловлар ёзма шартномалар асосида амалга оширилади.

Солиқ бўйича ҳисоботда бундай тушумни бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш йўли билан акс эттириш мумкин.

Бунда таъкидлаб ўтишни хоҳлайман: жисмоний шахсларга тўғри хизмат кўрсатишда – онлайн-НКМ билан Аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ ишлаш лозим.

 

8. “Дўкон тўловни QR-код ёрдамида Сlick, PayME ва  бошқа мобиль тўлов иловалари орқали қабул қилишни йўлга қўймоқчи. Мазкур ҳолда, агар онлайн-НКМ ёрдамида чек урадиган бўлсак, ушбу тизимлар операторлари билан шартномалар тузишимиз шартми?”.

– Агар сиз харидорлардан тўловни мобиль тўлов тизимлари орқали қабул қилишни йўлга қўймоқчи бўлсангиз, ҳар қандай ҳолда сиз уларнинг ҳар бирининг оператори билан шартнома тузишингиз лозим. Акс ҳолда сиз улардан фойдаланган ҳолда тўловларни қонуний қабул қилолмайсиз. Шартнома тузиш чоғида касса чекини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратинг. Иккита вариантнинг эҳтимоли бор:

1) тўлов иловаси фискал чекни шакллантиради. Бу ҳолда у иккита функцияни бажаради: фискал чекни шакллантирадиган эквайринг ва касса аппарати учун платформалар. Ушбу вариант қуйидаги ташкилотлар учун мувофиқ келади:

  • аҳоли билан ҳисоб-китобларда биллинг тизимларини қўлловчи;
  • ассортиментини битта МХИК билан битта товар ёки битта хизмат ташкил этадиган ташкилотлар;

2) мобиль тўлов иловаси пластик карта орқали харид қилганлик учун тўловни ўтказиш учун фойдаланилади, бунда касса чеки шакллантирилади ва онлайн-НКМ ёки виртуал касса ёрдамида берилади. Бу ҳолда сотувчининг онлайн-НКМ (виртуал кассаси) тўлов иловаси билан интеграция қилинган бўлиши керак. Бунинг учун тўлов иловаси оператори томонидан берилган электрон калитлар онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг созламасига киритилиши зарур. Ушбу вариант турли МХИК билан кўплаб товарлар ва хизматлар мавжуд бўлган товарлар ва хизматларнинг кенг ассортиментига эга дўконлар ва муассасалар учун мувофиқ келади.

Эътибор беринг, иккала ҳолатда:

  • фискал чекдан мобиль тўлов иловасида сақланган тўлов тарихида фойдаланиш мумкин. Фақат иккинчи ҳолатда у соф ахборот бериш хусусиятига эга бўлиб, унда фискал белги ва QR-код бўлмайди;
  • агар Soliq мобиль иловаси ва мижознинг тўлов мобиль иловаси битта телефон рақамига рўйхатдан ўтказилган бўлса, Soliq мобиль иловасида чек бўйича кешбэк ҳисоблаш автоматик тарзда содир бўлади.

 

9. “Фискал белги нима ва касса аппаратида уни қандай топиш мумкин?”.

– Фискал белги – бу фискал маълумотларни миллий стандартлар асосида фискал модул ёки электрон рақамли имзо орқали ҳосил қилинувчи такрорланмас белгилар тўплами. Онлайн-НКМ чекларида кўринганида у 12 та рақамдан иборат бирикмани намоён қилади ва қуйидагича белгиланиши мумкин: “ФП”, “ФБ”, “ФМ”, “фискал белги”. Бу онлайн-НКМ ёки виртуал касса интерфейсининг тилига ва унга ахборот киритишнинг хусусиятларига боғлиқ”.

Муайян фискал модулига эга касса аппарати билан шакллантирилган ҳар бир чек учун фискал белги такрорланмасдир. Фискал чекни онлайн-НКТ томонидан шакллантирилган талай чеклар орасидан фискал модуль рақами ва фискал белги бўйича осон топиш мумкин.

Мана шунинг учун қаердадир чекни рўйхатдан ўтказиш керак бўлганда иккала реквизитни кўрсатиш лозим. Фақат чекнинг электрон версиясига ноёб ҳавола шифрланган QR-кодни сканерлаш муқобил вариант бўлиши мумкин.

 

10. “Қандай ҳолларда тўловни мобиль тўлов иловаси (Click, PayME ва бошқалар) орқали қабул қилишда мобиль тўлов иловаси операторини my.soliq.uzда воситачилар рўйхатига киритиш керак?”.

– Мобиль тўлов иловаси бир вақтнинг ўзида эквайиринг ва онлайн-НКМ учун платформа функциясини бажарадиган, яъни – онлайн-НКТ чекини шакллантирадиган барча ҳолларда.

Товарлар ва хизматлар сотувчиси (тўлов ташкилотига нисбатан у – комитент) тўлов ташкилотини my.soliq.uzда “Воситачилар рўйхатини шакллантириш” интерактив хизмати ёрдамида ўз воситачилари рўйхатига киритиши керак.

Тўлов ташкилоти унинг мобиль иловасида шакллантириладиган чекларда комитентнинг СТИРини кўрсатиши керак.

Агар ушбу талабларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилмаса, барча тушум автоматик  тарзда тўлов ташкилотининг солиқ ҳисоботида акс эттирилади, комитентда эса солиқ ҳисоботида камомад пайдо бўлади.

Бунда, шартномаларнинг мазмунига боғлиқ ҳолда созламалар ўз хусусиятларига эга бўлиши мумкинлигини кўзда тутинг. Қуйидаги тавсияда бу ҳақда батафсил ўқинг:

Эътибор беринг

Агар мобиль илова сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларда фақат эквайринг учун фойдаланилса, фискал чек эса онлайн-НКМ ёки виртуал касса ёрдамида шакллантирилса, тўлов тизимини my.soliq.uzда ҳеч қандай рўйхатга киритиш керак эмас.

Онлайн-НКТ чеки қандай ахборотни ўз ичига олиши кераклиги ва унинг чекларда акс эттирилишини қандай созлаш кераклигини вебинарларимиз ёзувларида кўринг:

Давоми бор...

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /ru/publish/doc/text189193_onlayn-nkt_cheklari_haqida_qizgin_savol-javoblar_2-qism