Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Янги МКда бухгалтернинг иши учун муҳим жиҳатлар
Янги Меҳнат кодексининг кучга кириши нафақат кадрлар хизматларининг, балки бухгалтерларнинг ҳам ишида акс этади. Янги МК ишлаб чиқувчилари – Алексей НИЯЗМЕТОВ ва Юрий ФЕОКТИСТОВ бухгалтер ўз ишида кодекснинг қандай асосий жиҳатларини ҳисобга олиши кераклиги ҳақида buxgalter.uz учун махсус гапириб беришди:
Муддатларни ҳисоблаб чиқариш
Ходимнинг таътилга чиқиш, вақтинча бошқа ишга ўтказиш ёки охирги иш куни санасини тўғри аниқлаш учун муддатлар қуйидаги тарзда аниқланишини ҳисобга олинг :
1) календарь сана билан. Масалан – “2023 йил 15 май”;
2) йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ҳисобланадиган вақт даври билан. Масалан – “бир ой мобайнида”;
Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири муддатнинг ўтиши бошланган ойга нисбатан кунлари кўпроқ ёки камроқ бўлган ойга тўғри келса, муддат тугайдиган ойнинг охирги куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.
Масалан, қўшимча келишувда 1 январдан бошлаб 2 ой мобайнида ходим вақтинча котибанинг вазифаларини бажариши белгиланди. Муддатнинг охири февралда кунлар январдагига қараганда камроқ эканлигига қарамай, 28 февралга тўғри келади.
3) юз бериши керак бўлган воқеа билан. Масалан – “ходим болани парваришлаш таътилидан чиққунга қадар”.
Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш
“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун ва соҳага оид НҲҲлардан ташқари, ходимларнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича нормалар янги МКда ҳам белгиланган .
Бухгалтериянинг иши қуйидагилар билан узвий боғлиқдир:
1) ходимларнинг шахсга доир маълумотларини сақлаш ва ишлов бериш (ҳисобланган иш ҳақи, мукофотлар, тўланган солиқлар ва ҳоказо тўғрисида ахборот);
2) шунингдек ушбу ахборотни учинчи шахсларга бериш (масалан, солиқ ҳисоботида).
Шу боис ташкилотда Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш бўйича сиёсат тасдиқланган бўлиб, ходимлар ўз маълумотларига ишлов бериш ва уларни учинчи шахсларга беришга розилик беришган.
Иш ҳақининг тузилиши
Иш ҳақи асосий (базавий) ва қўшимча (ўзгарувчан) қисмлардан иборат бўлади.
Ходим иш ҳақининг асосий қисми бир ойда МҲЭКМдан кам бўлмаслиги керак, башарти у иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган бўлса.
Иш ҳақининг қўшимча қисмини қўшимча тўловлар, устамалар, шунингдек мукофотлар ва компенсация ёки рағбатлантириш хусусиятига эга бошқа тўловлар ташкил этади. Қўшимча тўловлар МҲЭКМга киритилмайди.
Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, миқдори ва тизими жамоа шартномасида (келишувида), иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномасида белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан бошлаб МҲЭКМ 980 000 сўмни ташкил этади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг юқори миқдори чекланмаган.
Иш ҳақини тўлаш муддатлари ва даврийлиги
Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномасида (келишувида), иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномасида белгиланади.
Иш ҳақини, қоида тариқасида, 16 кундан кўп бўлмаган танаффус билан бир ойда 2 марта тўланг . Бунда тўловнинг мосланувчан муддатларини белгилаш мумкин. Масалан, иш ҳақи ойнинг 1 санасидан 5 санасига қадар, бўнак эса – 16 санасидан 20 санасига қадар тўланади, деб белгилаш.
Ўз вақтида тўланиши
Иш ҳақи ва ходимга тегишли бўлган барча тўловлар (мукофотлар, таътил пуллари, компенсациялар ва ҳоказо) бошқа тўловлар ва уларнинг навбатидан қатъи назар – ўз вақтида тўланиши керак.
Агар муддатлар бузилган бўлса, иш берувчи ходимга Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси (асосий ставкаси)нинг 10%и миқдорида пулли компенсация тўлайди. Компенсация иш ҳақининг тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ходим билан ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача тўланади . Меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатларда компенсациянинг оширилган миқдори назарда тутилган бўлиши мумкин.
Қайта молиялаштириш ставкаси – 14%.
Компенсация суммаси:
- 100 000 000 х 14% х 10% : 365 х 3 = муддати ўтказиб юборилган 3 кун учун 11 506,85 сўм.
Ушбу компенсация барча ходимларга ҳар бир ходим учун тўловга мутаносиб равишда бўлинади. Агар улар – 10 нафар бўлса ва ҳар бири 100 000 сўмдан иш ҳақи олса, муддати ўтказиб юборилган 3 кун учун ҳар бири 1 150,68 сўмдан олади.
Иш ҳақини тасарруф этиш
Ходим ўзи оладиган иш ҳақини кредиторларга банк кредитларини, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни тўлаш учун йўналтириши мумкин . Бунинг учун у бухгалтерияга фақат олинадиган иш ҳақи суммаси билан чекланадиган ўтказиладиган суммани кўрсатган ҳолда ўз маблағларини тасарруф этиш тўғрисида ариза беради. Яъни 100 фоиз иш ҳақини шу тарзда тасарруф этиш мумкин.
Илгари МКда бундай тушунча бўлмаган ва фақат ушлаб қолишнинг умумий миқдори белгиланган, у янги МКда ҳам сақлаб қолинган – меҳнатга ҳақ тўлашнинг 50%и (70%и – алиментлар бўйича) .
Ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш
Ўртача иш ҳақи – таътил пулларини, таътилни компенсация қилишни ҳисоб-китоб қилишда ва МКда назарда тутилган бошқа ҳолларда қўлланиладиган муҳим кўрсаткич. Масалан – ходимга мажбурий прогуллар вақти учун, ўқиш ёки малака ошириш вақтида унинг иш ҳақини қомпенсация қилувчи тўловларни ҳисоб-китоб қилиш керак бўлганда.
Илгари турли ҳоллар учун ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун турли ёндашувларни назарда тутувчи Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби қўлланилган.
Энди МКнинг 257-моддасига амал қилиш лозим, унга асосан ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш тартиби – барча ҳоллар учун ягона.
Ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш формуласи
1) меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида:
Тўлов давридан олдинги охирги календарь ой учун тариф ставкаси (маош) + тўлов давридан олдинги 12 календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар (МК 248-моддасига асосан иш ҳақининг қўшимча қисми) суммаси : 12;
2) меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида:
Тўлов давридан олдинги охирги календарь ой учун ишбай баҳолар бўйича ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи + Тўлов давридан олдинги 12 календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар (МК 248-моддасига асосан иш ҳақининг қўшимча қисми) : 12;
3) меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизимида:
МҲЭКМ + Тўлов давридан олдинги 12 календарь ой учун МҲЭКМдан ошадиган барча тўловлар : 12.
Агар ходим 12 ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган даврдан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи қўшимча қисмининг 1/11, 1/10 ва ҳоказо аниқланади.
Ўртача иш ҳақини аниқлашда солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари ҳисобга олинади.
МКнинг 257-моддасида қуйидагилар белгиланган:
- ҳисоб-китоб давридан чиқариб ташланадиган вақт;
- ўртача иш ҳақини аниқлашда чиқариб ташланадиган, ушбу вақтда ҳисобланган суммалар.
Барча ҳолларда иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи қонунчиликда белгиланган ҳисоблаш кунидаги МҲЭКМдан кам бўлиши мумкин эмас.
Таътил пулларини ҳисоб-китоб қилиш
Энди таътилларнинг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади .
Таътилнинг энг кам давомийлиги – 21 календарь кун . Байрам кунлари таътилни аниқлашда ҳисобга олинмайди.
Илгари таътилларнинг давомийлиги 6-кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда иш кунларида белгиланган, таътилнинг энг кам давомийлиги 15 иш кунини ташкил этган.
Ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга МКнинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади. Бунда, Меҳнат кодексида фақат иш кунлари ёки таътилнинг барча кунлари учун ҳақ тўланиши юзасидан бевосита жавоб мавжуд эмас. Шу боис иш берувчининг МҲФга асоссиз юкламадан қочиш учун таътил пуллари суммасини ҳисоб-китоб қилишда таътил даврига тўғри келадиган иш кунларини қабул қилиш тўғри деб ўйлаймиз.
Чунончи, таътил пулларини стандарт тарзда ҳисоб-китоб қилишда ўртача ойлик иш ҳақи 6-кунлик иш ҳафтасида иш кунларининг ўртача сонига бўлинади. Ушбу кўрсаткич энди ўзгармас бўлиб, 25,3 га тенг.
Олинган ўртача кунлик иш ҳақи 6-кунлик иш ҳафтасида таътил даврига тўғри келадиган иш кунлари сонига кўпайтирилади.
Агар ҳисоб-китоб даврининг бир ойи ёки бир неча ойи тўлиқ ишлаб берилмаган ёки ундан маълум бир вақт чиқариб ташланган бўлса, МКнинг 257-моддаси 9-қисми уни ҳисоб-китоб қилишнинг жуда мураккаб ва ноаниқ таърифини беради. Шу билан бирга, мазкур модданинг нормаларидан келиб чиққан ҳолда, ўртача кунлик иш ҳақи қуйидаги тарзда ҳисоблаб чиқарилади, деб ўйлаймиз:
- Ҳисоб-китоб даври учун амалда ҳисобланган иш ҳақи : ((25,3 х тўлиқ календарь ойлар сони) + тўлиқсиз календарь ойлардаги иш кунлари сони).
Тўлиқсиз календарь ойдаги иш кунлари сони қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқарилади:
- 25,3 : Иш кунларининг ҳақиқий сони х Мазкур ойда ишлаб берилган иш кунлари сони.
Тариф ставкаси – 2 000 000 сўм. Давр учун мукофотлар ва устамалар – 3 000 000 сўм.
Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоби қуйидаги тарзда бўлади:
1. Тўлиқсиз ойлардаги иш кунлари сонини аниқлаймиз:
- февраль: (25,3 : 20) х 10 = 12,65;
- апрель: (25,3 : 22) х 17 = 19,55.
2. Давр учун иш ҳақининг умумий суммасини ҳисоблаб чиқарамиз:
- 2 000 000 × 10 (10 та тўлиқ ой) + 3 000 000 (мукофотлар) + 1 000 000 (февраль) + 1 545 454,55 (апрель) = 25 545 454,55
3. Ўртача кунлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқарамиз:
- 25 545 454,55 : (25,3 × 10 + 12,65 + 19,55)=89 570,31
Меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар, ташкилотнинг жамоа келишуви (шартномаси) ва ички ҳужжатларига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб унга давомийлиги 21 календарь кун бўлган таътил берилиши лозим.
Таътил 2023 йилнинг 1 майидан бошлаб 22 майига қадар, яъни 22 календарь кун давом этади, сабаби 9 май – ишланмайдиган байрам куни меҳнат таътилининг давомийлигини аниқлашда ҳисобга олинмайди .
Таътил даврига 6-кунлик иш ҳафтаси ҳисоб-китобидан келиб чиққан ҳолда 18 иш куни тўғри келади.
Ходим мазкур ташкилотда 12 ойдан кўп ишлаган.
Унинг лавозим маоши 2023 йилнинг апрель ойида – 4 000 000 сўм. Ҳисоб-китоб даври (2022 йил май – 2023 йил апрель) учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар (иш ҳақининг қўшимча қисми) суммаси 3 600 000 сўмни ташкил этади.
Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқарамиз:
- 4 000 000 + 3 600 000 : 12 = 4 300 000 сўм.
Таътил пуллари суммаси:
- 4 300 000 : 25,3 х 18 = 3 059 288,54 сўм.
Таътил пулларини ҳисоб-китоб қилиш ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.
Меҳнат шартномасини бекор қилишда тўловлар
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга берилиши керак бўлган барча суммаларни тўлаш меҳнат шартномаси бекор қилинган куни амалга оширилиши керак. Агар ходим бу кунда ишламаган бўлса, ҳисоб-китоб ходим томонидан ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги талаб тақдим этилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай амалга оширилади .
Меҳнат шартномасини бекор қилишда ҳисоб-китоб :
- охиригача олинмаган иш ҳақини;
- ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни;
- агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади.
Хусусан, агар ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланса, унинг миқдори энди мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлишини ҳисобга олинг:
- 3 йилгача иш стажига эга бўлганда – ўртача ойлик иш ҳақининг 50%и;
- 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлганда – ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и;
- 5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлганда – ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и;
- 10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлганда –ўртача ойлик иш ҳақининг 150%и;
- 15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганда – ўртача ойлик иш ҳақининг 200%и.
Kadrovik.Academy онлайн-курсларида ёки Алексей НИЯЗМЕТОВ ва Юрий ФЕОКТИСТОВ томонидан ўтказиладиган юзма-юз мини-интенсивларда янги қоидаларни тушуниб олиш ва янги МК бўйича ишлашга самарали тайёргарлик кўриш мумкин. Kadrovik.uz материалларида яна янги МКни қўллаш қоидалари тўғрисида кўпроқ ахборотни ўқишингиз мумкин.