Тўлов тизимларининг фискал чеклари билан муаммолар юзага келса (3-қисм)

preview

Эътиборингизга “Харидор билан маркетплейс ёки мобиль тўлов иловаси орқали ҳисоб-китобларда фискал чеклар” вебинари доирасида олинган энг қизғин саволларга жавобларнинг якуний тўпламини таклиф этамиз. Спикерлар – Солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Yangi texnologiyalar” ИАМ бўлимлари раҳбарлари Элнор ФОЗИЛОВ ва Нодир МУҲАММАДОВ: 

 

Жавоблар тўпламига (1-қисм) қаранг.

Жавоблар тўпламига (2-қисм) қаранг.

 

– Апрель ойи учун ҚҚС бўйича ҳисоботда мижозлар томонидан электрон тўлов тизимлари ёрдамида масофадан туриб тўловни амалга ошириш схемаси бўйича тўланган сотувлардан олинган тушум тўлиқ акс эттирилмаган. Энди ушбу суммани солиқ бўйича ҳисоботда қандай акс эттириш керак?

– Онлайн касса-техникасининг барча турлари – онлайн-НКМ, виртуал кассалар, маркетплейслар, электрон тўлов тизимлари (ЭТТ) шундай тузилганки, улар фискал маълумотларни ўтган сана билан ўтказиши мумкин эмас. Уларни фақат реал вақтда акс эттиришади.

Сизнинг вазиятингиз – бу, афтидан, тизимларни созлаш фаол давом этаётган, технологиялар ва ДТ такомиллаштирилаётган жорий этиш даврининг чиқимлари.

Солиқ даври мобайнида сотувларнинг солиқ ҳисоботларида акс эттирилишини кузатиб боришни тавсия қиламиз. Агар ҳақиқий маълумотлар билан номувофиқликлар юзага келса – зудлик билан ЭТТнинг қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиш лозим. Бу:

  • тўлов тизимининг нотўғри ишлаётганлигини аниқлаш ва унинг сабабларини тезкор бартараф этиш;
  • тўлов тизимининг нотўғри ишлаши натижасида юзага келган солиқ ҳисоботларидаги камчиликларни бартараф этиш имконини беради.

Ҳисоботда “йўқолган” сумма акс эттирилган бўлиши учун нима қилиш лозим? Ёрдам юзасидан тўлов тизимига мурожаат қилинг. У сизга ушбу суммага фискал чек шакллантириши керак. У ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 1 санасига қадар шакллантирилган бўлиши муҳимдир. Агар ушбу муддат ўтказиб юборилса, мазкур суммани фақат кейинги ҳисобот даврида акс эттириш мумкин бўлади.

Вазиятдан чиқиш йўли сифатида, сумма тўлиқ акс эттирилмаган ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5 санасига қадар ушбу суммага жисмоний шахсга хизматлар кўрсатилганлиги учун бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш мумкин. Ушбу санадан кейин бундай имконият ҳам бой берилади. Ва сизда тушумни ҳисобот даври учун ҳисоботда акс эттириш учун умуман имконият қолмайди.

Энг тўғри вариант – бу бундай вазиятларга йўл қўймаслик, барча ахборот тизимларининг тўғри ишлашини кузатиб бориш ва муаммоларнинг ҳал қилинишини кейинга қолдирмаслик. 

 

– Харидор маркетплейс орқали товар буюртма қилди ва шу ернинг ўзида унинг учун тўловни амалга оширди. Агар сотиб олинаётган товарни харидорга сутка мобайнида етказиб беришса, ушбу тўлов онлайн-НКТнинг қандай чеки билан тасдиқланган бўлиши керак?

– Фискал маълумотлар оператори тизими бундай созланган:

1) агар маркетплейснинг мижози масофадан туриб тўловни амалга оширишда товарни буюртма расмийлаштирилган ва тўлов амалга оширилган пайтдан эътиборан 24 соат мобайнида олса, маркетплейс товарни харидорга бериш пайтида дарҳол фақат “Сотиш” тўлов турига эга фискал чекни шакллантиради;

2) бир вақтнинг ўзида ушбу тушум улар ўртасидаги шартнома шартлари ва ахборот тизимлари созламасига боғлиқ ҳолда – маркетплейс ёки товарнинг сотувчиси ҳисоботида акс эттирилади.

Бундай фискал чек харидорга электрон шаклда тақдим этилади. У:

  • маркетплейсдаги харидорнинг шахсий кабинетига етказиб берилиши;
  • электрон почтага ёки хабар билан телефон рақамига жўнатилиши мумкин. Бу электрон чекка ҳавола бўлиши ҳам мумкин. Яъни тизим бу ҳолда бўнак тўлови чекини шакллантирмайди.

Агарда товар 24 соатдан ошадиган муддат мобайнида етказиб берилса, мажбурий тартибда бўнак тўлови чеки расмийлаштирилган бўлиши керак.

 

– Сўнгги вақтларда маркетплейслар товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан сотиб олишни фаол таклиф қилмоқда. Бундай тўловларни онлайн-НКТ чеклари билан расмийлаштириш тартиби қандай?

– Товарни топшириш пайтида шартноманинг бутун суммасига реализация қилинаётган товар кўрсатилган ҳолда “Сотиш” тўлов турига эга чек шакллантирилади ва харидорга берилади. Ушбу чек бўйича сумма у шакллантирилган кунда сотувчининг солиқ ҳисоботида акс эттирилади. Бўлиб-бўлиб тўлашни сўндириш ҳисобига барча тўловлар “Бўлиб-бўлиб тўлаш”, “Кредит” тўлов турига эга чеклар билан расмийлаштирилади, уларда тўлов суммаси кўрсатилади. Бундай чеклар бўйича маълумотлар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмайди, уларда QR-код бўлмайди.

Шубҳасиз, мавжуд бўнак тўловлари ва бўлиб-бўлиб тўлаш чеклари тизими мукаммал эмас ва тадбиркорлар ҳамда уларнинг мижозлари томонидан қатор асосланган эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ҳозирги вақтда уларнинг тизимларини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. “Бўнак” ва “Бўлиб-бўлиб тўлаш” чекларида QR-код ва ахборотни батафсиллаштириш, уни анча тушунарли ва қабул қилиш учун оддий қиладиган янги реквизитлар пайдо бўлиши керак. Бундан ташқари, битта шартнома бўйича ҳисоб-китобларда берилган “Сотиш” ва “Бўнак” ёки “Бўлиб-бўлиб тўлаш” чеклари техник жиҳатдан ўзаро боғланган бўлади. Бу уларнинг қатъий ҳисобини юритиш имконини беради.

Янги тизим бугунга қадар онлайн-НКТ фойдаланувчиларидан Солиқ қўмитаси ва фискал маълумотлар операторига келиб тушган барча масалаларни олиб ташлаши керак. Янги тизим тўлиқ тайёр бўлганидан кейин маркетплейсларга ва электрон тўлов тизимларига жорий этиш режалаштирилмоқда, сўнгра эса у онлайн-НКМ ва виртуал кассалар учун ҳам мажбурий бўлади.

 

– Агар харидор ЭТТ орқали тўловни амалга оширган бўлса, солиқ ҳисоботида ушбу сумма ҳар доим маркетплейслар учун сатрда акс эттириладими?

– Йўқ, ҳар доим эмас. Тўғри созламаларда ва тизим соз ишлаганда, агар сизга “жойларда тўловни амалга ошириш” схемаси бўйича тўловни амалга оширишган бўлса, суммалар автоматик тарзда қуйидагиларда акс эттирилади:

  • Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0102-“Онлайн назорат-касса техникаси орқали шаклланган даромадлар” сатрида;
  • ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0102-“Онлайн-НКМ орқали реализация қилинган товарлар (хизматлар)” сатрида.

Агар тўлов “масофадан туриб тўловни амалга ошириш” схемаси бўйича амалга оширилган бўлса, суммалар автоматик тарзда қуйидагиларда акс эттирилади:

  • Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0104-“Marketplace орқали олинган даромадлар” сатрида;
  • ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0104-“Marketplace орқали реализация қилинган товарлар (хизматлар)” сатрида.

Бунда мазкур суммалар ҳар доим унинг номидан (комитентнинг) товари тўлиқ ҳажмда сотиладиган ташкилотнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилади.

Агар товар воситачилик шартномалари бўйича реализация қилинса, воситачининг (ва субвоситачининг) солиқ базаси уларнинг ЭҲФ билан расмийлаштирилган воситачилик ҳақидан шакллантирилади.

 

– Қандай ҳолларда электрон тўлов тизимини my.soliq.uzдаги шахсий кабинетда воситачи сифатида рўйхатдан ўтказиш керак?

– Сотувчининг хизматлари, товарлари учун тўлов ЭТТ сервиси ёрдамида амалга ошириладиган барча ҳолларда (бундан сотувчи – электрон тўлов тизими бўлган кам ҳоллар мустасно). Акс ҳолда барча сумма автоматик тарзда электрон тўлов тизимида солиқ бўйича ҳисоб-китобда акс эттирилади, бу нотўғри.

Сиз қуйидаги тавсияда зарур созламалар тўғрисида анча батафсил ахборотни топасиз:

Шунингдек, “Аҳоли билан электрон тўлов тизимлари ва маркетплейслардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларда фискал чеклар” вебинари ёзувини кўришни тавсия қиламиз. 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /ru/publish/doc/text190054_tulov_tizimlarining_fiskal_cheklari_bilan_muammolar_yuzaga_kelsa_3-qism