Сотиладиган товарнинг ўлчов бирликлари қандай бўлади

preview

Tasnif.soliq.uz порталида берилган ва қатъий белгиланган ўлчов бирликлари, шунингдек товар қадоғининг ҳар хил турлари қўлланилади. Қачон қандай ўлчов бирлиги ёки қадоқни қўллаш керак? ЭҲФ ва онлайн-НКМда ўлчов бирликлари билан қулай ва қоидабузарликларсиз ишлаш учун қандай созламалар зарур?

Buxgalter.uz тушунтиради: 

 

Ҳаммаси ўлчов бирликлари ҳақида

Ўлчов бирликларига доир масала айниқса “ўзакли МХИК” (6 та ноль билан тугайдиган) билан ишлайдиганлар учун долзарбдир. Ушбу МХИК бренд ва атрибут (истеъмол қадоғи) тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олмайди.

Масалан,  МХИК 00405001001000000 (барча турдаги сариёғ) – ўзакли, уни ишлаб чиқарувчи бренд ва атрибут тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган МХИКни яратмагунча, ҳар қандай сариёққа қўллаш мумкин.

Мисол учун, Laktel ишлаб чиқарувчиси 200 г ва 400 г истеъмол қадоғида сотиладиган, ёғ миқдори 82,5% бўлган ўз сариёғи учун МХИК олди. Бинобарин,  мазкур ишлаб чиқарувчининг сариёғи қадоқнинг ҳажмига боғлиқ ҳолда фақат МХИК 0405001001106002 ёки 00405001001106003 билан реализация қилинади.

Қулайлик ва бирхиллаштириш учун ҳар бир МХИКга муайян ўлчов бирликлари бириктирилган. Улар қуйидагича бўлиши мумкин:

1) берилган – маҳсулотлар ва хизматларни реализация қилишда фойдаланиш учун МХИК оператори томонидан белгиланган;

2) қатъий белгиланган – ЭҲФ ва онлайн-НКТ чекларини расмийлаштиришда сиз ўз товарингизни ўлчашингиз керак бўлган ўлчов бирликлари.

Уларни қандай фарқлаш ва қачон фойдаланиш керак?

Tasnif.soliq.uzда МХИК тўғрисида батафсил ахборотни очиб, “Ўлчов бирлиги/қадоқ” тугмасига босган ҳолда мўлжал олиш мумкин. Шунингдек, tasnif.soliq.uzдаги каталогнинг электрон версиясида ҳар бир МХИК, шу жумладан ўлчов бирликлари бўйича ахборот жадвал шаклида жойлаштирилган.

Масалан, МХИК 00405001001000000 (барча турдаги сариёғ)га – минг тонна, миллион тонна, тонна, центнер, килограмм, грамм, миллиграмм оғирлик ўлчовлари берилган. Қадоқланмаган ва брендланмаган сариёғни реализация қилишда биз ушбу ўлчов бирликларидан фойдаланишимиз керак.

Laktel сариёғи учун МХИК 0405001001106002 ёки 00405001001106003 эса қатъий белгиланган ўлчов бирлигига эга – дона. Сабаби ушбу МХИК қадоқ ва унда мавжуд маҳсулот сони (200 г ва 400 г) тўғрисида ахборотни ўз ичига олган.

Шуни қайд этамизки, МХИКда бренд номи ва истеъмол қадоғи атрибутлари ҳисобга олинган барча товарлар ўзининг штрих кодига эга. Бундай товарлар умумжаҳон амалиётига асосан ҳар доим доналаб ўлчанади.

 

Хулоса қиламиз:

МХИК 00405001001000000 билан биз маҳсулотларни ҳар қандай оғирлик ўлчов бирлиги билан, МХИК 0405001001106002 ёки 00405001001106003 билан эса – фақат доналаб сотишимиз мумкин.

 

Қадоқлар ҳақида

Tasnif.soliq.uzдаги қадоқни шакллантириш бўйича функционал ўзакли МХИК билан реализация қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларни берилган ўлчов бирликларини қатъий қўллаш заруратидан халос этади.

Ўлчов бирликлари эндигина қўллана бошланганда кўп тадбиркорлар ғазабланишганди: “товаримиз қадоқланган бўлиб, биз уни доналаб сотаётган бўлсак, нима учун уни кг да сотишимиз керак” ёки “биз товарни қадоқларда эмас, балки қутиларда сотамиз” ва ҳоказо.

Мана, марҳамат, ўз товарингизни доналаб сотишда давом этинг, фақат олдиндан tasnif.soliq.uzда қадоқни шакллантиринг. Бу солиқ органига сизнинг қадоғингиз қанчадир миқдордаги товарни ўз ичига олишини тушуниш имконини беради.

Tasnif.soliq.uzдаги функционалда қадоқнинг барча турлари бундай тарзда бўлинади:

а) истеъмол қадоғи –  товарларни якуний истеъмолчига реализация қилишда фойдаланилади;

б) ташқи қадоқ – истеъмол қадоғини қадоқлаш ва маҳсулотларни ташқи омиллардан ҳимоя қилиш учун фойдаланилади;

в) ташиш учун қадоқ – товарларни ташиш учун мўлжалланган, ундан ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи савдо корхоналари фойдаланади.

Қадоқни яратиш чоғида қадоқланган товарнинг фотосуратини илова қилинг ва қуйидагиларни кўрсатинг:

1) тадбиркорлик субъектининг фаолият тури ва телефон рақами;

2) қадоқнинг тури;

3) қадоқдаги товарнинг сони ва ўлчов бирлиги;

4) товар тўғрисида қўшимча ахборот.

Эътибор беринг
Штрих кодга эга (GTIN халқаро тизимида рўйхатдан ўтказилган) маҳсулотлар учун фақат ташқи ва ташиш учун қадоқлар яратилади, сабаби истеъмол қадоғи тўғрисидаги ахборот МХИКда мавжуд бўлади.

Фойдали маслаҳат: “Қадоқни шакллантириш” тугмасига босишдан олдин дастлаб “Шакллантирилган қадоқ”га босинг. Сиз бу ерда сизга қадар бошқа фойдаланувчилар томонидан яратилган барча қадоқларни кўришингиз мумкин бўлади. Агар бошқалар қатори, сиз талабларингизга тўлиқ жавоб берадиганини топсангиз, шунчаки унинг ёнидаги “Танланганга қўшиш” тугмасига босинг. Ва фойдаланинг. Агар тўғри келадиган тайёр қадоқ топилмаса, у ҳолда “Қадоқни қўшиш”га босинг ва уни яратинг.

 

Ўлчов бирликлари билан чиқиб келадиган тавсияни қандай созлаш мумкин

Агар сиз берилган ўлчов бирликлари билан МХИКдан фойдалансангиз, уни “Танланганлар”га қўшгандан кейин ЭҲФни расмийлаштиришда чиқиб келадиган тавсияда сиз ўлчов бирликларининг бутун рўйхати ва сиз яратган қадоқларни кўрасиз. Бу ишни секинлаштиради, сабаби узун тавсиядан танлашга вақт кетади. Ишлаб чиқувчилар буни инобатга олишган ва чиқиб келадиган тавсияга фақат сизга керакли бўладиган ўлчов бирликларини киритиш имконини берадиган функционални яратишган.

МХИКни “Танланган МХИК”га қўшишдан олдин “Ўлчов бирлиги/қадоқ” тугмасидан фойдаланинг. Бу ерда сиз қуйидагиларни кўрасиз:

1) “Шакллантирилган қадоқлар” – бу сизга қадар бошқа фойдаланувчилар томонидан яратилган қадоқлар. Агар сизнинг талабларингизга жавоб берадиган қадоқ мавжуд бўлса, биз айтиб ўтганимиздек – “Танланганга қўшиш” тугмасига босинг ва сиз мустақил равишда қадоқни шакллантиришингизга тўғри келмайди.

2) “Ўлчов бирлиги” – бу берилган барча ўлчов бирликлари. Шунингдек, сиз фойдаланадиган ўлчов бирликлари рўпарасидаги “Танланганга қўшиш”га босишингиз керак.

Шу тариқа сиз ЭҲФда тавсияларнинг қулай рўйхатини шакллантирасиз, унда фақат сизга керакли ўлчов бирликлари ва қадоқлар бўлади.

Эътибор беринг

Агар сизда МХИК тўғрисида саволлар қолган бўлса, сизни 31 май соат 10:00 да “МХИК: ўлчов бирликлари, имтиёзлар ва tasnif.soliq.uz функционали билан қандай ишлаш керак” вебинарига таклиф қиламиз.

Спикерлар қуйидаги мавзулар бўйича сизнинг саволларингизга жавоб беришади:

  • “Танланган МХИК” қандай шакллантирилади. Классификатор рўйхатини кейинчалик қўллаш масалалари;
  • tasnif.soliq.uzдаги классификаторда тўғри келадиган МХИКни танлаш имкони бўлмаса, нима қилиш керак;
  • нотўғри МХИК: уларга қарши курашиш бўйича янги техник ечимлар;
  • классификаторда МХИК ўзгаришини қандай кузатиб бориш мумкин ва сизнинг ҳужжатларингизда хато мавжуд бўлмаслиги учун нима қилиш керак;
  • қачон ишлаб чиқарувчи товарнинг савдо белгисини ҳисобга олувчи МХИК юзасидан мурожаат қилиши мумкин? Бу мажбурийми?
  • МХИК – штрих коди – рақамли маркировкалаш. Товар тўғрисидаги ушбу маълумотлар бир-бири билан қандай боғланган;
  • бириктирилган  ўлчов бирликлари билан МХИК. Қатъий белгиланган ва тавсия қилинган ўлчов бирликлари;
  • агар сиз ва сизнинг мижозларингиз қатъий белгиланган ва тавсия қилинган ўлчов бирликлари рўйхатига кирмаган ўлчов бирликларини қўллашга кўникишган бўлса, қандай йўл тутиш лозим;
  • қадоқни қаерда ва қандай шакллантириш лозим, кейинчалик ундан ЭҲФ ва онлайн-НКТ чекларида қандай фойдаланиш мумкин;
  • бириктирилган имтиёзлар билан МХИК. Уларни тўғри қўллаш қандай назорат қилинади.

Вебинарга ҳавола бўйича ёзилиш мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари /ru/publish/doc/text190427_sotiladigan_tovarning_ulchov_birliklari_qanday_buladi