Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ижтимоий тармоқлардаги реклама харажатларига КПКдан ҳақ тўлашга рухсат берилди
2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлар хорижий ижтимоий тармоқлардаги реклама хизматлари учун корпоратив валюта карталари ёрдамида ҳақ тўлашлари мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 19.05.2023 йилдаги “Юридик шахслар томонидан хорижий ижтимоий тармоқларда реклама бериш харажатларини чет эл валютасидаги корпоратив банк карталари ёрдамида тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 207-сон қарорида назарда тутилган.
Buxgalter.uz тафсилотларни аниқлаштирди:
19.05.2023 йилдаги 207-сон ВМҚ юридик шахсларга хорижий ижтимоий тармоқларда реклама бериш учун тўловни корпоратив валюта банк карталар орқали календарь ойида 5 000 АҚШ долларидан ошмаган миқдорда амалга оширишларига рухсат беради.
Ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомга асосан юридик шахсларнинг валюта банк карталаридан фақат мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида носавдо тусдаги валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида фойдаланиш мумкин эди . Носавдо тусдаги операциялар “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасида белгиланган.
Илгаригидек, импорт контрактларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) акс эттириш лозим. 19.05.2023 йилдаги 207-сон ВМҚга иловада тизимга рекламага доир контрактлар тўғрисида ахборотни киритиш ва уларга идентификация рақамларини бериш тартиби аниқлаштирилган.
Валюта КПКдан фойдаланишга доир узоқ кутилган рухсатномага корхоналар фақат тижорат операцияларининг бир тури– хорижий ижтимоий тармоқларда реклама хизматларини сотиб олиш учун эга бўлишди. КПК ёрдамида ҳақ тўлаш қулай бўлган бошқа операциялар: ZOOM, таълим дастурлари, турли хил интернет-сервислар ва бошқалар учун тўловга ҳозирча бу дахл қилмайди. КПК билан ҳақ тўлаш мумкин бўладиган операциялар доираси кенгайтирилади, деб умид қиламиз.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади