Ходимга даромад тўлови кечиктирилганлиги учун компенсацияни қандай талқин қилиш керак

preview

Иш ҳақи ва ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа суммаларни тўлаш муддатини бузган иш берувчи қарздорликни фоизлар (пулли компенсация) билан бирга қоплаши шарт. Бундай тўловни амалга оширишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Биз ушбу мавзуни сайтимиз саҳифаларида – «Иш ҳақи кечиктирилганлиги учун компенсацияга қандай ставка бўйича ЖШДС солиш керак» материалида кўтарганмиз.

Бугун buxgalter.uz илтимосига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Фискал сиёсат департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА бундай тўловларга солиқ солиш ҳақида ўз фикри билан ўртоқлашди.

 

Низоли саволларга жавоб олиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Эътибор беринг

Материалга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг тушунтиришларини инобатга олган ҳолда қўшимчалар киритилди.

 

Иш берувчилар иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини кечиктиришлари мумкин. Бундай ҳолларда иш берувчи тўланиши лозим бўлган суммаларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкнинг амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт .

Муаллифнинг фикрига кўра, ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқарилади:

Компенсация суммаси = Тўловлар бўйича қарздорлик суммаси х Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси х 10 % : 365 х Тўлов кечиктирилган кунлар сони.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутахассисининг ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсацияни ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги позициясини «Ходимга тўловлар кечиктирилди – тўловлар кечиктирилганлиги учун фоизлар қандай ҳисобланади» материалида ўқинг.

Агар тўлов кечиктирилган давр мобайнида қайта молиялаштириш ставкаси ўзгарган бўлса, компенсация ставкаларнинг ўзгариши ва тўлов кечиктирилган умумий даврда улар амал қилган даврларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Масалан, иш ҳақи тўлаш кечиктирилган давр – ойнинг 1 санасидан 30 санасигача. 1 санадан 15 санагача қайта молиялаштиришнинг 14% ставкаси амал қилган, 16 санадан 30 санагача (шартли) – 15% ставка амал қилган. Биринчи давр учун компенсацияни ҳисоб-китоб қилишда қайта молиялаштиришнинг 14% ставкаси, иккинчи давр учун эса – 15% ставкаси қўлланилади.

Ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва нормалар бўйича тўланадиган компенсация тўловларига, бундан СКнинг 373 ва 377-моддаларида кўрсатилганлар мустасно, ходимларнинг даромади сифатида қаралмайди .

Бундай тўловлар жумласига иш берувчи томонидан ходимларга даромад тўлашни кечиктирганлик учун тўланадиган компенсацияни ҳам киритиш мумкин, сабаби:

  • аниқлаш тартиби ва нормаси Меҳнат кодексида белгиланган;
  • бундай компенсация Солиқ кодексининг 373 ва 377-моддаларида назарда тутилмаган.

Пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади .

Компенсация тўлаш қонун ҳужжатлари талаби бўлганлиги боис, агар ходимларга тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида иш берувчининг айби бўлмаса, иш берувчининг ушбу харажати чегириб ташланадиган харажатга олиб борилиши лозим .

Агар иш берувчи компенсацияни ўз айбига кўра тўласа, у чегириб ташланмайдиган харажатларга олиб борилиши лозим, сабаби оқилона хўжалик юритилган тақдирда бундай харажатдан қочиш мумкин бўларди.

 

 

  

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text191989_hodimga_daromad_tulash_kechiktirilganligi_uchun_kompensaciyani_qanday_talqin_qilish_kerak